Қизиқ тарих: араб-исроил уруши ва светофорнинг қизил чироғи
2017 йилнинг бошида Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларидаги чорраҳаларда автомобилларга светофорнинг қизил чироғида ўнг томонга бурилиш учун рухсат берувчи йўл белгилари пайдо бўла бошлаган. Хўш, йўл ҳаракати қоидаларида бу тартиб янгиликмиди? Ўзбекистонда амал қилаётган қоида дунёнинг яна қайси ҳудудларида ҳам амал қилади? Уни ўйлаб топганлар нимани мақсад қилган? Умуман, бу қоиданинг бирор тарихи борми?..
Ҳа, қизиқ тарихи бор. Бу 1973 йилда Сурия ва Миср бошчилигидаги 10 дан ортиқ араб давлатларининг Исроилга қарши уруш очгани билан боғлиқ.
Бу уруш тарихда “Қиёмат куни” (Йом Киппур) уруши номи билан қолган ва Исроил томонини олган АҚШга араб давлатларининг нефть экспортини тақиқлаб қўйгани билан эсга олинади.
Ўша пайтларда Қўшма Штатлар нефт импортида араб давлатларига жуда қарам бўлганлиги учун бу эмбарго мамлакат иқтисоди, нефт бозорига катта зарба беради ва Америка энергия кризисига учрайди.
АҚШ ҳукуматининг олдида энергия инқирозидан чиқиш йўларини қидириб топиш масаласи турарди. Улар араб нефть эмбаргосига жавобан мамлакатда энергия инқирози бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилади. Фавқулодда ҳолат талабига биноан, биринчидан, бор энергия/нефт иқтисод қилиниши, иккинчидан эса нефтнинг муқобил манбалари, айниқса ички манбалари топилиши керак эди.
Бу пайтга келиб мамлакатда бунга қадар бўлмаган Department of Energy, яъни Энергетика вазирлиги ташкил қилинади.
Ва энергия инқирозидан чиқиш йўлида дастлабки қоида ва тартиблар эълон қилина бошлайди: машиналарга қизил чироқда бекорга кутиб турмасдан ўнг томонга қайрилиб кетишга рухсат беради.
Аввалига ушбу қоида бензинни тежаш мақсадида жорий қилинган бўлсада, кейинчалик унинг яна бошқa катта фойдаси борлигини сезиб қолишади. Бу йўлларда тирбандликни камайтириш ва чорраҳаларнинг соатига машиналар оқимини ўтказиш ҳажмини оширишда фойда бераётган эди.
Йўл ҳаракатининг ушбу тартиби АҚШнинг деярли барча, масалан, Нью Йорк ва Монреалдан ташқари, ҳудудларида ишлайди. Ушбу қоида амал қилмайдиган шаҳарлар ва чорраҳаларда “No Turn On Red”, яъни “қизил чироқда бурилиш мумкин эмас” деб белгилаб қўйилади.
Европа давлатларида эса, худди Ўзбекистондагидек, қизил чироқда қайрилиб ўнг томон оқимга қўшилишга рухсат берувчи белги бўлмаса, бу ҳаракатлар тақиқланади.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0