Кўчалар… кўчалар… ҳайрон кўчалар…
Пойтахт йўлларида пиёда кезиб, дилдан кечган ўйлар
Қайсидир мамлакат осмонда юрадиган такси ихтиро қилиб, амалиётга татбиқ этаётган бир пайтда биз шундай сарлавҳа билан нимадир ёзишимиз бошқалар тугул ўзимизга ҳам малол келяпти, очиғи. Нима, ёзамиз десак, бундан бошқа долзарб муаммо йўқми? Бор, албатта! Лекин биз сўз юритмоқчи бўлаётган мавзу баъзи бировлар иддао қилаётганидек, майда масала эмас. Аксинча, у миллат тақдири, эртанги куни, янада аниқроғи, она тилимиз билан боғлиқ ўта муҳим, керак бўлса, ҳар куни, ҳар соат гапириладиган ўта жиддий масала саналади!
Тўғриси гап кўчалардаги савдо дўконлари ва бошқа шохобчаларга қўйилган номлар хусусида боряпти.
Ҳа, бу ҳақда кўп ва хўб гапирилган, гапириляпти, кўп ёзилган ва ёзиляпти ҳам. Аммо натижа бўлмаяпти. Шу боис биз яна пойтахт кўчалари бўйлаб пиёда юриб, кўрганларимиз асосида мақола ёзишга аҳд қилдик.
Навоий инглиз бўлганми?
Ўрдадаги анҳордан ўтгач, Алишер Навоий кўчаси бошланади. Ҳа, ул зот буюк шахс. Ўзбек миллатининг фахри. Айниқса, тилимизнинг қадр топиши ва шу кунгача етиб келишига жуда катта ҳисса қўшган улуғ шоир. Унинг миллат йўлида қилган ишларини эслаганинг сайин кўксинг ғурур-ифтихорга тўлади. Пойтахтнинг асосий кўчасига унинг номи берилгани ҳам шундан бўлса, ажабмас. Аммо…
Бу кўча бўйлаб кетаркансан, таъбингни хира қиладиган, кўнглингни ранжитадиган ҳолатларга, ажнабий сўзлар битилган шохобчаларга дуч келаверасан. Не илинж, умид билан девор пештоқларидан унга оид бирон-бир сўзни излайсан. Лекин кўзларинг фақат ўзга миллат тили билан битилган сўзларга тушаверади. Қайси кўча эканини англатувчи кичкина пешлавҳани ҳисобга олмаганда, то нураб кетган Алишер Навоий номидаги давлат музейи биноси ва унинг олдидаги ҳайкалгача у билан боғлиқ ҳеч нарсага дуч келмайсан. Қаерга қарама, инглизча, маъноси мавҳум номлар. Ўзингни худди Европанинг қайсидир кўчасида юргандек сезасан...
Дўкони пештоқига қандайдир ўзи ҳам тушунмайдиган хорижий сўзни битган тадбиркорга ачинасан... Шуларнинг ўрнига “Ширин”, “Лайли” ёки “Фарҳод”, “Искандар” деган номларини қўйса бўлмасмикан, дея куюнасан... Лекин бундан фойда йўқ. Чунки бизнес марказ очишга ақли етган мардумнинг ўзбекча ном танлашга фаросати етмайди. Ёки етса ҳам буни ўзига эп кўрмайди. Тагини суриштирсангиз, шу кўчадаги дўконларнинг ҳаммаси ўзбекларга тегишли бўлиб чиқади. Лекин улар катта эҳтимол билан ўзлигидан тонади. Акс ҳолда, шохобчасига бунақа ном қўймаган бўларди…
Чамамда, ҳазрат Навоий бошимизга шу кунлар келишини олдиндан билган экан. Акс ҳолда, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида қуйидаги сатрларни битмасди: “Аммо туркнинг улуғдин кичигига дегинча ва навкардин бегига дегинча сорт тилидан баҳраманддурлар, андоқким ўз хўрд аҳволига кўра айта олурлар, балки фасоҳат ва балоғат била ҳам тақаллум қилурлар. Ҳатто турк шуаросиким, форсий тил била рангин ашъор ва ширин гуфтор зоҳир қилурлар. Аммо сорт улусининг арзолидан ашрофиғача ва омийсидан донишмандиғача ҳеч қайси турк тили била такаллум қила олмаслар ва такаллум қилғоннинг маънисин ҳам билмаслар. Агар юздин, балки мингдин бири бу тилни ўрганиб сўз айтса ҳам, ҳар киши эшитса билур ва анинг сорт эканин фаҳм қилур ва ул мутакаллим ўз тили била ўз расволиғига ўзи иқрор қилғондекдур”.
Шу хаёллар билан Хадрага етиб келдик. Алишер Навоий кўчасидан сўнг йўлимиз Абдулла Қодирий кўчасига туташди. Биз балки у ерда «Кумуш»ни учратармиз деган умидда эдик…
“Отабек”у “Кумуш”лар ярашмасмиди?
Афсус, Абдулла Қодирий кўчасидаги манзара ҳам дилни хира қилгудек даражада экан. Кумуш у ёқда турсин, ҳатто Абдулла Қодирийни эслатадиган миттигина деталнинг ўзи йўқ. Ҳар бир дўкон пештоқида ажнабий номлар. Масалан, қай бир масканга “Отабек” ёки “Кумуш” деган ном ярашмасмиди?
Булар-ку тадбиркорлар. Мулк ўзиники, шундай экан, истаган номни беришга ҳақи бор дерсиз. Балки шундайдир. Аммо шуни унутмаслик керакки, тил масаласи шу миллатнинг ҳар бир фуқароси, яъни хоҳ тадбиркор, хоҳ мансабдор бўлсин, барчага бирдек даҳлдор масала.
Хўш, масъуллар қаерга қарашяпти? Нега бу ҳақда бош қотиришмаяпти? Масалан, Республика Маънавият ва маърифат маркази ёки Ёшлар ишлари агентлиги, боринг ана, шаҳар ҳокимлиги ташаббус билан чиқиб, шу кўчаларга Навоий ва Қодирий ғазаллари, асарлари, битикларидан айрим мисралар келтирилган пешлавҳалар ўрнатса бўлмайдими? Нима учун мутасаддилар бу ҳақда жиддий бош қотиришмайди? Ёки бу борада ҳам юқоридан буйруқ бўлишини кутишармикан? Ахир атоқли инсонлар номига аталган кўчаларда уларнинг изи бўлиши керак-ку?!
Афсус, тилимиз борган сайин қадрсизланиб боряпти. У ҳақида фақат бир йилда бир марта, яъни 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган куни қайғуриб қоламиз, холос. Гўёки ҳаммамиз тилнинг жонкуярига айланамиз. Кейин эса, ҳаммаси яна ўша эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетаверади. Янги марказ, ҳудуд, шаҳар ва шохобчалар ажнабий номлар, хорижий сўзлар билан бойиб бораверади... Улар орасидан ўзбек тилида битилган лоақал битта жумлани топиш илинжида кўчаларни кезаверамиз, кезаверамиз... ахир, қачондир келиши керак-ку, биз кутган кунлар…
Шу ўринда Абдулла Қодирийнинг сўзлари ёдга тушади: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0