Киберзўравонлик: рақамли дунёда ҳимояланиш йўллари
Кибербуллинг – бу рақамли технологиялар орқали амалга ошириладиган зўравонликнинг бир тури. Интернет, ижтимоий тармоқлар, хабар алмашиш иловалари орқали одамларни қўрқитиш, ҳақорат қилиш, шантаж қилиш ёки обрўсизлантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат кибербуллинг ҳисобланади.
Университетнинг гавжум аудиторияси...
Талабалар билим олишга интилиб, ҳаётнинг янги саҳифаларини варақлашга тайёр. Орасида бир курсдошимнинг кўзларида қандайдир ғамгинлик, ичида эса 800 минг сўмлик оғриқ бор эди. Сабаби, унинг пули кибержиноятчиларнинг қўлига тушиб қолганди. Қандай қилиб дейсизми? Ҳаммаси оддийгина бошланган: бошқа бир курсдошининг расми туширилган сохта профилдан келган хабар. Унда “Илтимос, пул бериб туринглар, эртага қайтараман, акамнинг картаси шу” деган сўзлар битилган эди. Сўнгра, ишонч билан жўнатилган карта рақами... Эртаси куни ҳақиқат юзага чиқди: ҳеч ким пул сўрамаган, профил сохта, ишонч эса ўғирланган эди.
Энг ачинарлиси, бу ишни уларнинг курсдош эканликларини билган, ҳар иккисини ҳам яхши таниган ва маълумотларни осонгина қўлга кирита оладиган шахс амалга оширганлиги аниқ. Кибержиноятчи университет ичида, талабалар орасида бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бу каби воқеаларни ҳар куни эшитамиз, турли жойларда, турли кўринишларда. Хўш, ечим нима? Нега бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда? Кибербуллинг ўзи нима?
Кибербуллинг: Рақамли дунёдаги зўравонлик
Кибербуллинг – бу рақамли технологиялар орқали амалга ошириладиган зўравонликнинг бир тури. Интернет, ижтимоий тармоқлар, хабар алмашиш иловалари орқали одамларни қўрқитиш, ҳақорат қилиш, шантаж қилиш ёки обрўсизлантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат кибербуллинг ҳисобланади. Бу кўпинча интернет ёки мобил алоқа воситаларидаги хабар алмашиш платформаларида юз беради. Киберзўравонликнинг асосий майдони ижтимоий тармоқлар бўлиб, уларга Телеграм, Фэйсбук, Инстаграм, ТикТок, Снапчат ва шунга ўхшаш платформалар киради.
Нега бундай ҳолатлар кўпаймоқда?
Интернет анонимликни таъминлайди, бу эса жиноятчиларга ўзларини яшириш ва жазодан қутулиш имконини беради. Кибербуллинг жуда тез тарқалиши мумкин, битта хабар ёки пост минглаб одамларга етиб боради. Кибербуллинг исталган вақтда ва исталган жойда содир бўлиши мумкин, бу қурбонни доимий стрессда ушлаб туради. Кибержиноятларни аниқлаш ва жазолаш қийин, бу эса жиноятчиларга эркинлик беради.
Ечимлар: Дунё миқёсидаги таҳлилий таклифлар
Таълим ва маърифат:
Таълим масканларида киберхавфсизлик, интернет этикаси ва кибербуллингга қарши кураш бўйича дарслар ташкил этиш. Оммавий ахборот воситаларида киберхавфсизлик қоидалари ва кибербуллингнинг оқибатлари ҳақида доимий равишда маълумот бериб бориш.
Ҳуқуқий чоралар:
Қонунчиликни такомиллаштириш кибержиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш, кибербуллингни жиноят сифатида белгилаш. Кибержиноятларни тергов қилиш ва аниқлаш бўйича махсус бўлинмалар ташкил этиш. Кибержиноятчиларга қарши курашиш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш.
Технологик ечимлар:
Ижтимоий тармоқлар кибербуллингни аниқлаш ва олдини олиш учун сунъий интеллект ва бошқа технологиялардан фойдаланиши керак. Фойдаланувчиларга кибербуллинг ҳолатлари ҳақида хабар бериш, тажовузкорларни блоклаш ва ўз профил созламаларини бошқариш имкониятини бериш. Онлайн платформалар ўзларининг фойдаланувчилари томонидан содир этилган кибербуллинг учун жавобгарликка тортилиши керак.
Психологик ёрдам:
Кибербуллинг қурбонларига психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг руҳий ҳолатини тиклашга кўмак бериш. Тажовузкорларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг хатти-ҳаракатларининг сабабларини аниқлаш ва тузатиш.
Кибербуллинг – бу рақамли дунёдаги жиддий муаммо. Унга қарши курашиш учун жамиятнинг барча аъзолари – ота-оналар, ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ижтимоий тармоқлар ва фойдаланувчилар биргаликда ҳаракат қилишлари керак. Фақат шу йўл билан биз рақамли маконни хавфсиз ва қулай жойга айлантира оламиз.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0