Куламизу, лекин ҳожатхона зўр бизнес
Метрода бавл қилган амаки, унинг ортидан жамоат ҳожатхоналари очилиши ҳақидаги хабар кун тартибига чиқди. Амалга ошса-ку дуруст, олдинги ваъдаларга ўхшаб қолмаса бўлди.
Аслида ҳожатхона зўр бизнес, мунтазам даромад манбаи. Чунки унга иши тушмайдиган одам йўқ. Демак, зарурати муқаррар, муаммо муҳокамасида кулги ва андишани йиғиштириб қўйиш ҳамда аниқ ечимлар бериш керак.
Умуман олганда, жуда кўп давлатларда ҳожатхона муаммоси узил-кесил ечилган, ҳам давлат, ҳам тадбиркорлар бунда ҳисса қўшишган. Деярли ҳаммаси пулли, фойда келтириб туради, иш ўринлари яратади ва энг муҳими – инсонларни мураккаб вазиятлардан қутқаради.
Масалан, яқинда Грузияда бўлдик. У ерда бирор гавжум жой ҳожатхонасиз эмас. Кириш автоматлаштирилган, 1 лари (тахминан 4 минг 700 сўм) тангани ташлайсиз, турникет очилади. Ичи озода, ҳеч қандай ҳид йўқ, мунтазам тозалаб турилади, ҳатто ювиниш хоналаригача бор. Пул тинимсиз тушиб турибди, хизмат кўнгилдагидек кўрсатилгани учун қимматлигига эътироз ҳам йўқ. Ҳамма жойда бир хил нарх, бутун жамият шу тўловга кўникиш билан бирга, мана шу эталонга ўрганган. Наҳот биз шу тизимни йўлга қўя олмасак?
Айнан Грузия мисоли ўринли, сабаби биз каби постсовет давлат бўлса-да, қатор ютуқларга эришган. Яна бу давлатни ёки одамларини жуда бой деб бўлмайди, ҳаёти анчайин камтарона.
Яхшики мачитлар таҳоратхоналари жонга оро кириб турибди. Бўлмаса, йирик шаҳарлар, айниқса, пойтахт бу муаммо билан жиддий тўқнашган бўларди.
Аброр ЗОҲИДОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0