Меҳнат бозорида Болтиқбўйи тажрибаси бизга нима беради?
Йиллар давомида ўзбек меҳнат мигрантларининг энг кўп қисми Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Кореяга кетган бўлса, ҳозирги кунда вазият тубдан ўзгарган. Уларнинг аксарияти Европа Иттифоқи давлатларига ишга кетяпти.
Бундан 10 йилча муқаддам биргина Россия Федерациясида ишлаётган ватандошларимиз сони уч миллион нафардан ортиқ эди. Миграция жараёнларининг ҳозирги босқичида бошқа юртларга кўча супуриш, қоровуллик, энагалик, молбоқарлик каби малака талаб қилмайдиган ишларга бориш даври деярли ортда қолди. Чунки бу ишларда катта даромад олиш имкони ниҳоятда кам. Ўша маошни юртимизда ишлаб ҳам топиш мумкин.
Ўтган 7 йил давомида мамлакатимизга киритилган чет эл инвестициялари ҳажми 120 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бу маблағларни ўзлаштириш эса, табиийки, жуда кўплаб иш ўринларини талаб қилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими рўйхатида турган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварига, уларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ногирон оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачаси, эшитиш аппарати ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараварига тенг бир марталик моддий ёрдам кўрсатиляпти. Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма ҳамда болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланма ажратиляпти.
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизими ходимлари томонидан миграцияда юрган фуқаролар сонини аниқлаш, уларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳимояланиш шарт-шароитларини ўрганиш бўйича жуда катта ишлар амалга ошириляпти. 2024 йилнинг июль ҳолатига кўра, миграциядаги фуқаролар сони мамлакат бўйича 2 миллион нафарни, вилоят бўйича эса 104,2 минг нафарни ташкил этган.
Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ишчи гуруҳи таркибида Латвия ва Литва давлатларида юртимиз меҳнат мигрантлари учун яратилган шарт-шароитлар, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя аҳволини ўрганиш юзасидан хизмат сафарида бўлиб қайтдик. Сафаримиз жуда самарали кечди, кўп тажрибалар алмашдик, миграция даражаси ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлдик.
Айни кунда Литвада 11 минг нафарга яқин юртдошларимиз истиқомат қилаётгани, уларнинг 30 фоизидан ортиғи логистика, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётгани ва ижтимоий ҳимояси таъминланганига амин бўлдик.
Хизмат сафари чоғида бир неча ватандошларимиз билан суҳбатлашиш имкони ҳам туғилди. Шунингдек, Литва касаба уюшмалари ёрдамида жуда кўплаб ватандошларимиз ишлаётган «Хоптранс» акциядорлик жамиятида бўлиб, у ерда ҳайдовчилар учун яратилган шарт-шароитлар, иш ҳақи ва бошқа қўшимчалар, ижтимоий ҳимоя, малака ошириш, мамлакат тилини ўргатиш масалалари қай даражада ҳал қилинаётганини ўргандик. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2024 йилда Литвадан давлатимизга келиб тушган пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 2,3 баробарга ошиб, 62,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёшларимиздан ҳозирги пайтда меҳнат бозорида долзарб касб-ҳунар эгаларини тайёрлаш учун қуйидаги масалаларга эътибор қаратишимиз зарур, деган хулосаларга келдик. Энг аввало, ёшларга замонавий касблар бўйича етарлича билим ва кўникма берилиши, хорижда меҳнат қилиб, даромад топишни истаган ҳар бир шахс ўз она тилидан ташқари, чет тилларидан бирини пухта ўзлаштириши лозим.
Мамлакатимизда айрим депутатларнинг чет элдан юборилаётган валюталардан солиқ олинмаётгани ҳақидаги эътирозларига ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлардан хабардормиз.
Зотан, улар орқали мамлакатимизга юборилаётган пуллар ҳажми олтин экспорти тушумлари ҳажмидан ҳам кўпроқ, ялпи ички маҳсулотнинг 14 фоизидан ошади. Биргина ўтган йили чет элларда ишлаётган мигрантлар ҳисобига 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида тушумлар келиб тушган. Бу маблағлар қайси мамлакатдан жўнатилаётган бўлса, ўша давлат қонунлари асосида солиққа тортилган маблағлардан кейинги қолган сумма ҳисобланади. Масалан, Литвада ишловчи ходимларнинг даромад солиғи 32 фоизни ташкил қилар экан. Бинобарин, бир марта солиққа тортилган ойлик маошдан такрор солиқ ундириш ҳеч қайси мантиқ ва адолат тамойилига тўғри келмайди.
Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида чет эллардан жуда катта миқдорда инвестициялар киритилаётгани, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, шифохоналар, уй-жойлар қурилиши амалга оширилаётгани натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани чет элга ишлашга кетаётган фуқаролар сони бироз камайишига сабаб бўлмоқда.
Мамлакатимиз аҳолиси сони эса йилига қарийб бир миллион кишига кўпаймоқда. Бу келгусида аҳолини иш билан таъминлаш масалаларини юзага келтиради, бутун дунёда замонавий билим ва интеллектга эга ёш мутахассис кадрларга бўлган талаб ҳам ошиб бораверади деганидир. Келгусида миграцияга кетаётган фуқаролар меҳнат ва ижтимоий ҳимоясини янада такомиллаштириш, ёшларимизга чет элдаги замонавий касб ва ҳунарларни чуқурроқ ўргатиш давр талабига айланиб бораверади.
Муҳаммадқосим ОЛИМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Бухоро вилояти кенгаши раиси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0