Нега ёшлар оила қуришни истамайди?
Ғалати пародокс: эрта никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида бонг урилаётган бир паллада жамиятнинг бошқа тоифаси ёшларда оила қуриш истаги йўқолиб бораётганидан хавотирга тушмоқда.
Бундан беш-олти йиллар муқаддам ривожланган ғарб ва шарқ давлатларидан мисоллар келтириб, уларда ёшлар 35-40 ёшда оила қуришини ибрат қилиб кўрсатиларди. Ҳаёт ҳамма тажрибалар ҳам бизнинг менталитетимизга тўғри келавермаслигини исботламоқда. Дунёда оила институти дарз кетаётгани кузатилмоқда. Оила қуришни рад қилувчи ёшлар кўпаймоқда. Ўзимизда ҳам бундай ёшлар сафи кенгаймоқда.
Айрим ота-оналар 30-35 ёшидаги ўғлини уйлантира олмаётганидан нолинади. Улардан бири Солия опа. Ёши етмишга яқинлашиб қолган онахон тезроқ келин олсам деб орзулайди. Тўй учун ҳамма ҳозирлик кўрилган, бироқ куёв бўлмиш ўзига мос жуфт йўқ деб ҳисоблаб, тавсия этилган қизларни бирма-бир рад қилади.
–Ўзинг кимдан ортиқсан, –деб койийди онаизор. – Тезроқ уйланақолсанг, менам одамларга ўхшаб тинчгина қарилик гаштини сурардим.
Бу гаплар ўғлига кор қилмайди.
Она ўғлини ҳатто психологга ҳам олиб борди. Фойдаси бўлмади.
–Ҳозирги ёшлар масъулиятни бўйнига олгиси келмайди,–деди психолог. – Шунинг учун ҳам оила қуришни истамайди. Оила қурганлари эса тез орада ажрашиш пайига тушиб қоляпти.
Кўпни кўрган инсонлар ёшларнинг оила хуржунини бўйнига осишни истамаётгани яхшиликка олиб келмаслигидан ҳавотирда. Бу масалани таҳлил қилганларнинг фикрича, кейинги йилларда иқтисодий шароит оғирлашиб бораётгани ёшларнинг оила қуришни кечиктиришига сабаб бўлмоқда. Аксарият ёшларнинг қўлида кори йўқ. Дипломи бор, аммо ишсиз ёшлар қанча. Ишга кирай деса бир ярим-икки миллон сўм ҳақ таклиф қилишади. Бу эса йўлига ҳам етмайди. Ундан кўра, хорижга кетгани маъқул. Бундай аҳволдаги ёшлар учун ўзини таъминлаш бир муаммо.
Бу ёқда уй-жой масаласи. Уй-жой нархлари йилдан йилга ошиб бормоқда. Ўзига тўқ оиланинг фарзанди бўлмаган ёшларда муқим бошпанага эга бўлиш катта муаммолардан бири саналади. Оила қуриб, ижарада яшайман деса, даромади ижара пулидан ортмайди. Ҳозирги ёшларнинг ҳаммаси ҳам олдингидек 4-5 оила бир ҳовлида яшашга рози эмас. Рози бўлган тақдирда ҳам катта рўзғорнинг можаролари шунга яраша.
Албатта, булар иқтисодий сабаблар бўлса, ёшлар дунёқарашидаги ўзгаришлар ҳам уларнинг оилага азалий қарашларни рад этишларига олиб келмоқда.
Бугуннинг ёшлари шахсий эркинликка эътибор беришади. Улар учун ўз орзулари ва хоҳишларига эришиш биринчи ўринда туради. Оилавий анъана ва қадриятлар улар учун иккинчи даражали. Узоқ ва давомли муносабатларни зерикарли ва кераксиз деб ҳисобловчилар кўпаймоқда.
Ёшлар оила қуришга қизиқмасликларининг яна бир сабаби ота-оналарининг бахтсиз турмуши. Баъзи ёшлар оилавий муносабатларни кераксиз стресс деб билади. Оила масъулияти, фарзанд тарбияси ва таъминоти...ўттиз ёшида ҳам бунга ўзини тайёр эмас деб билгувчилар кўпаймоқда.
Айрим ёшлар учун эса карьера оила қуришдан муҳимроқ. Хуллас, ёшларни оила қуришдан бош тортишга ундовчи омиллар бир талай. Ҳар нима бўлганда ҳам оиласиз турмушни оқлаб бўлмайди. Бу нафақат жамиятни, инсониётни таназзулга бошлаши мумкин. Оила олдидаги масъулиятдан қочган киши ҳар қандай масъулиятни зиммасига олишни истамайди. Жамият билан ҳисоблашиш, атрофдагиларга яхшилик қўлини чўзиш, тараққиётга интилиш каби ҳиссиёт ва мақсадлар ҳам ўз-ўзидан сўниши мумкин. Шундай экан бу жабҳада ривожланган давлатлардан ибрат олмаганимиз яхши. Ёши катталар турли йўллар билан ёшларни оила қуришга ундаши, рағбатлантириши зарур.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0