Онлайн харидлардан эҳтиёт бўлинг – Америкадаги IT мутахассиси ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугунги кунда онлайн харидлар инсонларнинг кундалик ҳаётига сингиб кетган. Интернет технологиялари ривожи туфайли энди дунёнинг исталган нуқтасидан туриб исталган маҳсулотни буюртма қилиш имконияти мавжуд. Бу қулайлик ва вақтни тежаш билан бир қаторда, бир қатор хавф-хатарларга ҳам эга. Америкада яшаб, у ерда IT йўналишида ишлайдиган юртдошимиз Лобархон Баҳодирова бошидан ўтказган воқеани ижтимоий тармоққа жойлади.
“Ўзим IT мутахассис бўлишимга қарамасдан пластигимдан пул маблағлари ўғирланади, деб ўйламаган эдим, сабаби хавфсизлик чораларига қаттиқ риоя қиламан. Кўп йиллардан бери Америкада яшайман. Америкада онлайн шоппинг жуда қулай. Амазон буюртма 1- 2 кунда, бошқа магазинлар 4-5 кунда маҳсулотни уйимизга етказади. Хизматларга гап йўқ. Ёқмаганини бемалол магазинга қайтариб берасиз. Пулингиз картангизга тўлиқ қайтарилади.
Онлайн банк харажатларингиз ҳаммаси назоратда, ўта қаттиқ ҳимояланади. Менда ҳамма банк картамнинг телефон версияси бор. Яъни, картам қўлимда бўлмаса ҳам электрон вариантини ишлатиб кетавераман. FACE ID билан. Хуллас жуда қулай, ишончли ва осон.
Шундай бўлса ҳам, бу кучли ҳимоялар картадан пул ўғирланмаслигига 100 фоиз кафолат эмас. Банк ҳимоячилари пулингизга қаттиқ қоровуллик қилгани сари хакерлар улардан ҳам ўтиб кетмоқда. Афсуски, одамларнинг картасидаги маълумотларни ўғирлашни эплаяпти.
Кеча эрталаб картамдаги харажатларимни текширсам, 1667 $ ечилган. Бу сумма мен ишлатган харажатлар эмас. Картамга мендан бошқа одам киролмайди. Ишлатилган жой эса бутунлай бошқа штатдаги қишки дам олиш маскани. Ўша заҳоти банк ходимларига қўнғироқ қилиб, хабар бердим. Картадан мен тўлов қилмаганимни, бутунлай бошқа штатда яшашимни айтдим. Бошқа харажатларни сўради. Колорадо штатидан ташқари барча харажат меники эканини тасдиқладим.
Банк ходими менга ишонди ва дарров картамни ўчирди. Бу орада яна 550 $ ечишга уриниш бўлди. Банк карточкамдан ечилган пулимни жойига қайтаришларини айтди.
Америка банкида шунақа енгиллик бор. Картангиздан пул ўғирланганини сезсангиз ва дарҳол репорт қилсангиз, пулингизни ўз ўрнигақайтаришади. Чунки картамдаги пулни етарли равишда ҳимоя қилолмагани учун бу банкнинг мижозга берган имтиёзи, деб баҳоланади.Қўлимдаги картани бекор қилиб, бир кунда уйимга янги карта етказиб берди.
Юртдошлар, буни, сизларга нима учун айтаяпман? Ўзбекистонда онлайн буюртма “TEMUмания” авж олди. Ҳар бир “TEMU” буюртмангиз учун банк картангиз онлайн версияси интернетда бир умр туради. Интернет умуман ишончсиз жой. Ҳамма маълумотларингизга қўшилиб, пулингиз ҳам интернетдаги хакерлар қўлига ўтмоқда. Ҳа, нима бўпти энди шунга шунча ваҳимами дейишингиз мумкин. Қаранг, энди мен Америкада шу ҳужумга йўлиқдим ва шукрки пулимни қайтариб олдим.
Сиз фойдаланаётган банк-чи? Дунёнинг қайсидур бир бурчагидаги бир хакер онлайн картангизга илиниб қолса, ундаги бор пулларингизни ечиб олади. Мана шундай пайтда додингизни кимга айтасиз? Пулингизни қандай картага қайтарасиз? Онлайн буюртмалар маблағларингизни таваккал қилишингизга арзийдими?
Америкада “ТEMU”нинг блокка тушганининг сабаби харидорларни маълумотлари ҳимояланмагани эди. Шунинг учун мен бир кирдим ва бошқа қайтмадим. Афсуски, маълумотларни ўзимдан ўчирсам ҳам уларнининг датасидан ўчмаган экан. Ўзбекистонда онлайн даталарни қаттиқ ҳимоя қилиш тизими ҳали унча ривожланмаган. Тушунаман, онлайн харидлар қулай ва замонавий савдо тизимининг ажралмас қисмига айланган. Аммо бу жараёнда хавфсизлик чоралари кўрилмаса, молиявий йўқотишлар ёки шахсий маълумотларнинг ўғирланиши каби жиддий муаммоларга дуч келиш хавфи мавжуд. Ўз хавфсизлигингизни таъминлаш учун онлайн харидлар давомида эҳтиёткор бўлишингиз ва юқоридаги тавсияларга амал қилишингизни тавсия қиламан. Сабаби океан ортида бўлсам ҳам кўплаб юртдошларимизнинг банк карталаридан пул ўғирланаётганини эшитяпман.
Юртдошимиз Лобархон Баҳодированинг пости остига кўплаб ютдошларимиз ўз фикрларини қолдирди. Улардан айримларини келтирамиз.
Дилфуза Қаршиева (Америкада)
Бир ҳафта олдин хўжайнимнинг картасидан 7000 $ ечилди. Банкка яқин жойда эдик, дарҳол кириб музлатдик. Унгача яна 2000 $ га уриниш бўлди. Биз ҳам Америкадамиз ва пулни тўлиқ банк қайтарди. Ўзбекистонда жуда кўп одамларнинг пуллари картасидан ўғирланаётганини ва у пуллар қаерга кетаётганини ҳеч ким билмаслигини эшитяпмиз. Бу ўринда албатта хушёрликни ошириш керак деб ўйлайман.
Шоҳиста Каримова
Онлайн буюртма учун киритилган картага одатда катта пул қўйиб, таваккал қилиш керакмас. Умуман олганда онлайн ҳамма шоппинглар хавфли.
Ҳамида Нуралиева
Бизда карта билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларк ўп бўлди. На банк ва на хавфсизлик ходимлари ҳеч нарса қилиб беришмади. Аксинча ўзимизни айбдор қилиб, керакмас ссилкаларга ўзингиз кириб қўйгансиз дейишди.
Сабрина Турдиева
Шунинг учун мен онлайн харидлардан ўзимни тияман. Картамни ҳар-хил сайтларга уламайман.
Наргиза Юсупова
“ТEMU” одатда арзон, арзимас пулга келадиган маҳсулотлар сотади, бироқ шахсий маълумотларни тўлиқ сўраши менга шубҳали туюлган. У ҳаттоЖШШР каби ўта шахсий маълумотларни ҳам сўрайди. Шу учун бу программага шахсий маълумотларимни киритмадим.
Биз бу мақола билан онлайн харидлардан бутунлай воз кечинг деган фикрни беришдан йироқмиз. Бироқ, онлайн харид қилишнинг хавфи жараёнда шахсий маълумотлар учинчи томон қўлига тушиб қолишидир. Кўпинча фойдаланувчилар ўзларининг карта маълумотлари, пароллар ёки шахсий идентификация маълумотларини хавфсиз сақлашга етарлича эътибор бермайдилар. Хакерлар ёки сохта савдоп латформалари орқали бу маълумотлар ўғирланиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Интернетда кўплаб сохта онлайн дўконлар мавжуд бўлиб, улар фойдаланувчиларнинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали даромад олишга уринадилар. Бу турдаги сайтларда арзон нархлар билан маҳсулотлар таклиф қилинади, аммо хариддан сўнг маҳсулот келмаслиги ёки сифатли бўлмаслиги ҳоллари кўп учрайди.
Айтганча, бугунги кунда юртдошларимиз уйдан туриб, чет элдан буюртма қилишга ўрганиб қолишди. Бунда кўпинча мижозлар суратлар асосида маҳсулот сотиб оладилар, аммо маҳсулотнинг ҳақиқий сифати ёки кўриниши тақдим этилган маълумотга мос келмаслиги хавфи мавжуд. Бу айниқса кийим-кечак, техника воситалари ёки косметика маҳсулотлари харидларида тез-тез учрайди.
Етказиб бериш ва қайтариш муаммолари
Онлайн харидлар жараёнида яна бир катта муаммо бу маҳсулотларни етказиб беришдаги кечикишлар ва қайтариш қоидаларининг мураккаблигидир. Баъзан харидор нотўғри маҳсулот ёки шикастланган товар қабул қилади, аммо қайтариш жараёни мураккаблиги туфайли бу муаммони ҳал қила олмайди.
Хўш, хавфсизлик чораларини қандай кучайтириш мумкин?
• Расмий платформалардан фойдаланинг. Фақат ишончли ва таниқли онлайн дўконлардан харид қилишни одат қилинг. Фойдаланувчи шарҳлари ва рейтингларига эътибор қаратинг.
• Шахсий маълумотларни ҳимоя қилинг. Ўзингизнинг карта маълумотларингизни номаълум сайтларда киритмасликка ҳаракат қилинг. Махсус тўлов тизимлари (Paypal, Click, Payme) орқали тўлов қилиш хавфсизроқ.
• Маҳсулот тафсилотларини диққат билан ўқинг. Харид қилишдан олдин маҳсулотнинг тавсифи, ишлаб чиқарувчи ва кафолатлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлинг.
• Қўшимча хавфсизлик воситаларидан фойдаланинг. Антивирусингиз янгиланган бўлишига ва шахсий қурилмаларингиз хавфсизлигига ишонч ҳосил қилинг.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0