Президент «Чорвоқ» бўйидаги халқаро туризм маркази мастер-режасини кўриб чиқди
Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни Чорвоқ сув омбори бўйида қурилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази лойиҳасининг бир нечта хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган мастер-режаси билан танишди.
Қайд этилишича, туризм маркази 10 та кичик ҳудудга бўлиб қурилади. Уларнинг ҳар бири пиёда бориш мумкин бўлган кўнгилочар маскан ва хизматларни қамраб олади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Сув бўйида хиёбон, пляж ва дам олиш жойлари бўлса, қияликларда меҳмонхоналар, коттежлар, уйлар, ресторан ва томошагоҳлар бўлади. Шунингдек, маданият, таълим, тиббиёт, спорт масканлари барпо этилади. Яъни бу ерда фақат саёҳат эмас, балки йил давомида яшаш имконияти ҳам яратилади.
Давлат раҳбари бу лойиҳа барча ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Маълумот учун, мамлакат туризмида сўнгги йилларда 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди. Биргина Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ҳудудида Амирсой ва “Ugam River” каби курортлар, “Белдирсой-Чимён-Нанай” туризм масканлари ташкил этилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0