«Ёруғ юлдузлар» меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси талабалари яратган спектакль
Жадидлар деганда кўз олдимизга маърифатпарвар, зиёли, диний ва дунёвий билимларни эгаллаган замонасининг илғор намояндалари келади. Уларнинг ҳаёт йўли маърифат, таълим ва маданият билан ҳамоҳанг бўлиб, ёшлар билим олишлари учун ҳам сармоясини, ҳам илмини сафарбар этган. Шу мақсадда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очганлар, жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш ниятида газета-журналлар нашр этганлар, ёшларни илғор давлатларга ўқишга юборганлар. Жамиятни илму зиёга чорлаш йўлида жон фидо қилишдан чўчимаганлар.
Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси талабалари иштирокидаги «Ёруғ юлдузлар» мусиқали драмасида эзгу ҳаракатлар саҳнада қайта жонланди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг тантаналар залида мазкур спектакль премьераси бўлиб ўтди.
«Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир» деган эди улуғ жадид бобомиз Абдулла Қодирий. Азиз эл-юрт! Биз асрлар давомида ғофил қолдик, илмдан, маърифатдан орқада қолдик. Бугун эса, янгиланиш вақти келди! Миллат фақат билим ва адолат билан озод бўлади! Инсонга ҳақиқат керак, зулматни ёриб ўтувчи нур керак! Ҳар биримиз ўйланайлик – биз қай йўлдан бормоқдамиз? Шу ўй илинжида сизга спектаклимизни тақдим этамиз» деган сўзлар билан бошланди тақдимот.
Жамоа етти нафар жадиднинг ҳаётидан кичик лавҳалар намойиш этди. Маърифатпарвар боболаримизнинг ўз даври учун прогрессив ғояларни шижоат билан илгари суриш йўлидаги фидойиликлари моҳирона акс эттирилди. Томошабинлар ҳар бир эпизодни олқишлар билан кутиб олишди.
– Жадидлар ҳақидаги мусиқали драмага талабалар қизиқиш билдириб театримизга келишди, – дейди сценарий муаллифи, режиссёр Тўра Мирзо. – Спектаклни ўзлари ижро этиб, намойиш қилиш истагида эканликларини айтишди. Шундай қилиб, «Ёруғ юлдузлар» саҳна асари дунёга келди.
Асар жадидларнинг энг таъсирли ҳаёт лавҳаларини акс эттиради. Улар миллий мустақиллик ғоясига асос солдилар. Шу йўлда ҳатто жонидан воз кечиб, ўлимга тайёр бўлдилар. Бир сўз билан айтганда, жадидлар миллатнинг ёрқин юлдузлари эди. Уларнинг оловли ҳаёти ҳар биримизга ўрнак бўлиши керак.
– Театр студиямиз ташкил топганига кўп бўлгани йўқ, – дейди Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси Ёшлар масалалари ва маънавият-маърифат бўлими услубчиси, спектакль бадиий раҳбари Навбаҳор Эшпўлатова. – Бироз мураккаб бўлса-да, бу мавзуга қўл уришга жазм этдик. Мен талабаларга Ўзбекистон давлати ҳуқуқи ва тарихи фанидан ҳам дарс берганман. Ана шу кезларда жадидлар фаолияти, янги тузумни олиб кириши, янгича дунёқарашни шакллантиришда уларнинг роли катта бўлгани ҳақида талабалар билан кўп суҳбатлашганман. Шу боис ёшлар ўзлари бу ғояни илгари суришди. Қолаверса, бу асар билан Театр-талаба студияси кўрик-танловида қатнашишни ҳам мақсад қилдик. Насиб этса, спектаклни танловнинг республика босқичида ҳам намойиш этиб, бошқа олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда янада оммалаштиришни режалаштирганмиз. Кичик саҳна асаримиз ёшларга Мустақиллик осонликча қўлга киритилмагани, унинг замирида боболаримизнинг фидокорона ҳаракатлари ётгани ҳақида тушунча беради. Талабалар тайёргарлик жараёнларида нафақат уларнинг ҳаётини ўргандилар, балки руҳан, қалбан уларни ҳис қилиб, ҳаёти билан яшадилар.
– «АТСО арт» театр студиямиз томонидан тайёрланган ушбу спектаклда жадидлар тарихи, уларнинг озодликка, Мустақилликка урушларсиз эришиш, халқ саводини чиқариш ва маърифатини юксалтириш йўлидаги эзгу ҳаракатлари ҳақида сўз боради, – дейди 1-босқич талабаси, асар ҳаммуаллифи Саидакмал Мамасолиев. – Мен спектаклда – Ғилмоний, диний арбоб ва Ҳамза ролларини ижро этдим. Улар турли образлар бўлса-да, қалбан миллий бирликка эришиш ишқида ёнган қаҳрамонлар. Ҳатто Қодирийни сотган ўзбек йигити фақат қўрқув туфайли бу ишга қўл урганидан фарёд чекади. Унинг аламлари, изтиробларини ҳис қилиш оғир.
Қисқаси, биз бу асар орқали инсон маънавияти катта куч экани, саодат илмда, ночорлик эса билимсизликда бўлишини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Бугун ёшларни жадидчилик ҳаракати билан ошно қилиш керак. Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат ва намунадир.
Гулрухбегим Одашбоева,
Диёрбек Ғаниев,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0