Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 803.0626

  • EUR

    13 902.84-17.77

  • RUB

    131.840.4

+11C

+11C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+11c

  • Hozir

    +11 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Yakshanba, 20-October

+11C

  • Hozir

    +11 C

  • Yakshanba, 20

    +11 +20

  • Dushanba, 21

    +13 +20

  • Seshanba, 22

    +12 +20

  • Chorshanba, 23

    +11 +20

  • Payshanba, 24

    +10 +20

  • Juma, 25

    +7 +20

  • Shanba, 26

    +8 +20

  • Yakshanba, 27

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Қўш устунимнинг бири (10-қисм)

Ушбу битикларимни онам – Қумрихон Абдулҳамид қизи хотирасига бағишлайман.
Жамият
204 16:17 | 18.10.2024 16:17

Сихмола


Баҳорнинг ғира-шира оқшомида ҳаммамиз уйда талашиб-тортишиб ялпиз сомса еб ўтиргандик, отам онамга эслатиб қолди:


– Келаси ҳафтадан чигит экиш бошланаркан. Унгача анорларди очиб кўтаришимиз ва ариғини опқўйишимиз керак. Кейин пиллага овора бўп қосак, қўл тегмайди.


Шу гап баҳона эртаси куни оилавий ҳашар уюштирдик. Бултур кузда қиш совуғи урмаслиги учун тупроққа кўмилган анорларни ота-онам очадиган, акаларим уларга қарашадиган бўлишди. Катта синглимнинг қилар иши-ку, тайин: одатдагидай идиш-товоқларни ювади, ҳовли-уйларни супуриб-сидиради. Вақти-вақти билан бешикдаги кичик синглимга кўз-қулоқ бўлиб туради.


Шубҳасиз, энг оғир вазифа – укамни овутиб-ўйнатиш менинг чекимга тушди. “Нега бунча ваҳима қиласан?” дейсизми? Марҳамат, сабабини айтаман: укам аслида ёмон бола эмас. Икки юзи оппоқ, қўл-оёқлари дўмбоқ. Аммо сал йиғлоқироқ. Чақалоқлигида касалликка кўп чалинган. Шундан инжиқ бўлиб қолган. Тағин денг, балодайгина шумлигиям бор. Ўзи юришга эринади. Кўринган одамга “Мани кўтайинг, мани кўтайинг!” деб, канадек ёпишиб олади. Айтганини қилмасангиз, лўлиликка ўтади. Ёлғондакамига кўз ёши тўкишга зўр беради. Тағин нуқул бурнини тортавериб, ғашга тегади. У билан тил топишиш ҳамманиям қўлидан келавермайди.


Мана, ҳозир икковлон тандирхона олдида ўтирибмиз. Тагимизда ўртаси йиртиқ шолча-ю эски кўрпача. Укам пишиллаганча ишимни кузатаяпти. Мен унинг буйруғини бажараяпман. Аниқроғи, пирпирак ясаяпман. Шу мақсадда саҳарданоқ пухта тайёргарлик кўрганман. Оғилхонамиз томидан бир даста қамиш суғуриб келганман. Отамнинг фақат сабзитўғрарларда ишлатадиган, бошқа пайтлари тахмондаги сандиқчада сақлайдиган ўткир пичоғиниям ўғринча олиб чиққанман. Ҳеч ким сезгани йўғ-у, барибир, эҳтиёт – шарт, кўрпача қатига яшириб қўйганман.


Ишқилиб, укам феъли айниб, хархашасини бошлавормаса, бўлгани. Акс ҳолда, нақ балога қоламан – уни кўтаришга мажбур бўламан. Бунақа азоб чеккандан кўра кечгача тинмай пирпирак ясаганим минг марта афзал. Боя биттасини битирувдимам-ку, укамга ёқмади. “Бунингиз бўмайди, кичкина”, деб туриб олди. Роса жаҳлим чиқди. Тумшуғига боплаб бир туширмоқчи ҳам бўлдиму, яна қўрқдим. Биламан-да, ариллаб юборса, оғирлиги айланиб-ўргилиб ўзимга тушади.


Ҳа, айтганча, сиз пирпирак ясашни биласиз-а?.. Йўғ-е, наҳотки?!. Унда эшитинг, бу сираям қийинмас: олдин йўғонлиги катта одамнинг ингичка бармоғидай бир қарич қамиш танлайсиз. Қарама-қарши томонларини пичоқ билан оҳиста тилиб, тиккасига билинар-билинмас ёрасиз. Ўша ёриқларга тўртбурчак шаклида қирқилган қаттиқроқ қоғозларни четгинасидан авайлаб, қистирасиз. Қарабсизки, бир-бирига тескари байроқча монанд паррак ҳосил бўлади. Кейин қоқ ўртасига жинғил ёки жийда тиканини суқиб, тешигини кенгайтирасиз. Охирида уни бошқа – узунроқ ва йўғонроқ қамишнинг учига кўндалангига ўрнатсангиз, тамом-вассалом, пирпирак тайёр бўлади. Бошингиз узра баланд кўтариб югурсангиз, парраги чириллаб айланади. Фақат биттагина камчилиги бор – товуши чиқмайди. Буни йўли осон: лабингизни чўччайтириб, овозингизни зириллатиб турсангиз, кифоя. Ҳақиқий самолётдан заррача қолишмайди!


Хуллас, укамни тинчитиш учун бор маҳоратимни ишга солаётгандим. Бир маҳал дарвозамиз рўпарасига трактор келиб тўхтагандай бўлди. Ҳаял ўтмай, ҳовлимизга бўлим механиги Алиқул ака билан тракторчи Каримбой ака кириб келишди.


– Ў-ў, ҳорманглар! Ҳорманглар-ов! – Алиқул ака анорзор томонга овоз берди. Отам томорқадан чиқа бошлаганини сезгач, хотиржам тортиб, укам иккимиз сари юрди. – Оббо, азаматлар-ей, – деди пирпирагимга қараб, – устачиликлар зўр-ку. Қойил! Аммо-лекин бу ёқда булоқ қайнаб кетгани-ю, у ёқда булбулча кўриниб қолгани са-ал чатоқ бўпти-да. Бай-бай-бай!..


Алиқул ака тилини ўйнатиб, томоғини тақиллатди. Мен у нимага шама қилаётганини дарҳол тушундим. Тушунмай ўлибманми? Ахир, шу куз тўққиз ёшга тўламан. Худо хоҳласа, учинчи синфга қатнай бошлайман. Онам айтганидек, нуқул “беш”га ўқисам, мактабни олтин медаль билан битираман. Кейин институтга кириб, “инжинир” бўламан. Катта столларни эгаллаб, Алиқул акага ўхшаган механикларга раҳбарлик қиламан. Демак, унинг олдида бу алфозда ўтириш менга асло ярашмайди. Шу боис шоша-пиша иштонимнинг йиртиғини беркитдим. Укам бўлса, э, ҳали кичкина-да, ҳеч нарсага ақли етмади. Аслида менга аталган мақтовдан ийиб, бурнини оқизганча, илжайиб ўтираверди.


Отам ҳовлига қадам қўйгач, оёқларини тапиллатиб, этиги лойини туширди. Уст-бошини қоққач, меҳмонлар билан қўшқўллашиб, қуюқ сўрашди:


– Хуш келибсизлар, хуш келибсизлар. Қани, ичкарига марҳамат!


– Илтифотингиз учун раҳмат, ака, – Алиқул ака қўлини кўксига босиб, отамга миннатдорчилик билдирди. Келганидан буён гугурт чўпини чайнаб, жим турган Каримбой акага бирров разм солгач, муддаога ўтди. – Биз шошиб турибмиз. Эртаматандан сихмола излаб юрибмиз.


– Қанақа сихмола? – отам ажабланиб меҳмонларга тикилди.


Алиқул ака баҳор қуёшида қорайиб, тарам-тарам тўрлаган бўйнини силаб, тушунтира кетди:


– Тунов куни механизатор Қодирберди ўттиз гектарлик ерни бороналаб бўлгач, уватда қолдириб кетган экан. Бугун опкетишга кесак, уч-тўрттаси йўқ. Кимдир ечиб олган кўринади. Мабодо, у ер-бу ерда ётганига кўзингиз тушмадими – шуни билмоқчийдик.


– Йў-ўқ, кўрмадим, – отам бошини чайқаб, елкасини қисди. – Сихмола оғир-қўпол матоҳ бўса, от-эшаксиз бирортасиниям агаратда ишлатиб бўмаса, кимам тегинарди?


– Унда узр, ака...


Меҳмонлар эндигина ташқарига йўл олишаётганди, отам нимадир эсига тушгандай, уларни тўхтатди.


– Ўзи, гапимга хафа бўманглару, силар жа-а қизиқсизлар-да, – деди дафъатан танбеҳ бериб. – Селитра-аммофос борми, трактор-техника борми, бундоқ дуруст қадрига етмайсизлар. Фойдаланиб бўгач, калхозники беҳисоб, таги сероб дегандай, дуч кеган жойга ташлаб кетаверасизлар. Манавиндақа – икки оёқ бир этикка тиқилган пайтда эса, бошқалардан гумонсираб юрасизлар.


– Ҳа, энди-и... – Алиқул ака хижолат аралаш иягини қашиди, – бу кўпчиликка теккан касаллик-да, ака. Одамзод ҳар хил. Ҳаммаям сиздай ҳалол-жонкуяр бўлавермайди.


– Айб кўпчиликда эмас! – Отам унинг сўзини оғзидан олди. – Ҳамма бало сандақа корчалонларнинг бепарволигида, тушундингми? Халқда “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”, деган нақл бор. Бадгумонлик ёмон нарса, мавриди келса, одамди иймонидан айиради.


Суҳбат шу ерга етганда, мен илкис ҳушёр тортдим. Чунки кечадан олдин куни қаттиқ шамол туриб, пичанимизни ағдариб юборганди. Тўнғич акам аллақаердан битта сихмолани эшакка ўнгариб келган, сим боғлаб, ғарамга бостириб қўйганди. Ўзим ёрдамлашгандим. У Алиқул ака қидириб юрган сихмолалардан бўлса, ажабмас. Ҳойнаҳой, отам кўрмаган. Кўрганда, нима, яширармиди?


Ўзимнинг зийраклигимдан ўзим қувониб кетдим.


– Ота, мен айтайми? – дедим ичим теримга сиғмай. – Сихмолалардан биттаси бизникида!


– А?!. – Отам ялт этиб менга ўгирилди. Шу асно, назаримда, ранг-рўйи алланечук оқариб кетгандай бўлди. – Нималар деяпсан?.. Қанақасига?.. Қаерда?..


– Ҳу, анови ёқда! – Ўтирган жойимда бўйнимни чўзиб, томорқа этагига ишора қилдим. – Пичаннинг орқасида!


Сўзимни тугатар-тугатмасимдан, Алиқул акага жон кирди.


– И-е, мулла ака, буниси қизиқ бўлди-ку, – деди отамга истеҳзоли боқиб. – Адашмасам, ўзлариям биз қатори шекилли. – У мовий кўзларини қисиб, сирли жилмайди. – Бу ёғи “Аввал ўзингга боқ, сўнг ўзгага ноғора қоқ!” бўп кетди-ёв. – Сўнгра овозини хийла пасайтирди. – Хўп, майли, йўл бошланг энди, ака.


Отам кутилмаган “янгилик”ка ишонқирамагандай, дам менга, дам меҳмонларга жавдираб, жим қолди. Бирпас каловланиб тургач, шахт билан ғарам тарафга одим ташлади. Механик ва тракторчи унинг ортидан эргашди.


Ҳеч қанча ўтмай, кўчада нимадир тарақлади. Ортидан мотор гуриллади. Ҳавога бир тутам қоп-қора, қуюқ тутун ўрлади. У тарқаб йўқолар-йўқолмасидан отам ҳовлига қайтиб кирди. Юриши бошқача, авзойи бузуқ эди. Мен шундагина хато қилганимни тушуниб етдим. Отам тўғри устимга бостириб келаётганини англаб, юрагим шув этди: “Ўлдим, энди савалайди!” Шу ҳадикда дик этиб, оёққа қалқдим. Бироқ қочишга улгурмадим. Отам икки ҳатлаб, менга етиб олди. Омбурдай қаттиқ қўллари билан чап елкамдан маҳкам қисиб, юзимни ўзига қаратди.


– Ҳов, тирмизак! – деди кўзимга қаҳр билан боқаркан, бўш қўлини пахса қилиб. – Сандан биров гап сўровдими? Нега ўзингча маҳмадоналик қиласан?


Шундай дея, бехосдан қулоқ-чаккамга шапалоқ тортиб юборди. Кўзимдан олов чақнагандай бўлди. Бошимдан дўппим учиб кетиб, ўзим икки-уч қадам нарига бориб тушдим. Юзтубан йиқилаётган чоғим тагимда нимадир қарсиллаб синди. Қарасам, пирпирагим! Бундан чиқди, қўлимда экан-да. Қамиш мўрт нарса эмасми, оғирлигимга дош беролмай, парча-парча бўлиб кетибди.


Ҳам тарсаки еганимга, ҳам тайёр пирпирагимдан айрилганимга чидай олмадим. Оғриқ ва аламдан дод солиб, йиғлаб юбордим. Чийиллашимдан чўчиб кетдими, укам ҳам бор товушида бақириб, менга жўровоз бўлди. Қий-чувимизни эшитган онам жонҳолатда анорзордан отилиб чиқди. Келасолиб, яна менга хезланаётган отамнинг йўлини тўсди.


– Ҳой, отаси! Манга қаранг, жон отаси! – деди йиғламсираган оҳангда ялингудек бўлиб. – Ўзингизни босинг. Бола бечора сизга нима ёмонлик қилди? Уни нега ураяпсиз? Нима бўлди ўзи?


– Дард бўлди! Бало бўлди! – Отам бу сафар мен бир четда қолиб, онамга ўшқирди. Шу қадар қаттиқ ҳайқирдики, ҳайҳотдек ҳовлимиз жаранглаб кетди. Укам иккимизнинг дамимиз ичимизга тушиб, йиғидан таққа тўхтадик. Деразадан мўралаган синглим ҳам, ишдан бош кўтарган акаларим ҳам турган жойларида серрайиб қолишди.


– Кўрмаяпсанми, бу тирранчанг бировларди олдида мани шарманда қилди. Энди одамларди юзига қандай қарайман? Эл орасида қандай бош кўтариб юраман? – Охирги сўзларни айтаётганида отамнинг лаблари изтиробли титраб кетди. Юзлари бўғриқиб, бўйин томирлари ўқлов мисоли бўртиб чиқди. – Чақимчиликди кимдан ўрганган ўзи бу аҳмоқ?


Онам индамади. Жавоб қайтаришга ийманаётгандек, ён-верига безовта аланглади. Отамнинг сал тинчиганини кўргач, дилидагини тилига чиқарди.


– Кимдан бўларди, ўзингиздан ўргангандир-да, отаси, – деди вазмин оҳангда салмоқлаб.


– Нима дединг? Мандан?.. – Отам қайтадан жаҳл отига минди. Кўзларини чақчайтириб, афтини ғалати буриштирди. – Нима, ман бирор марта чақимчилик қипманми? Ёки буларни шу йўлга бошлапманми? – У қўққисдан ёнбошига эгилиб, ток остида ётган айрини олиш учун узанди.


– Йўқ, шошманг, ундай демоқчи эмасман. – Онам ўртага кўндаланг бўлиб, яна отамнинг билагига ёпишди. – Ахир, ўзингиз доимо шунақа қиласиз-ку, – деди титраб-қақшаб. – Болаларга “Бошларингда қилич ўйнасаям, ростини айтинглар”, деб ўргатасиз-ку! Қолаверса, бор нарсани рўй-рост айтиш чақимчиликка кирадими?


Мен отамнинг онамга тез-тез “Болаларни ортиқча талтайтирма, ҳуда-беҳуда тарафини олма” деганини эшитардим. Ҳозир онам менга ён босгани учун баттар тутақиб, уни ҳам чангитиб сўкиб қолади, деб ўйловдим. Ажаб, у аччиқланмади. Аксинча, кутилмаганда ҳовуридан тушди. Айрини жаҳл билан ҳовли бурчагига улоқтирди-да, ғудранганча анорзорга кириб кетди. Қочишга шай акаларимга парво ҳам қилмади. Кетмонини қўлига олиб, гупиллатиб ерга ура бошлади. Қолгани тушунарли: энди то аччиғи тарқамагунча, ишдан тўхтамайди. Чой ҳам ичмайди.


Бу ёғидан кўнглим таскин топгач, яна кўз ёшларимни оқизиб, онамга зорландим:


– Қулоғим шанғиллаяпти, опа…


– Озгина чидасанг, оғримай қолади, болам. – Онам юз-кўзларимни силаб-сийпалаб, мени ўрнимдан турғазди. Чангга беланган дўппимни кафтига қоқиб, бошимга кийдирди. – Жаҳл келганда, ақл кетади. Аслида, отанг сани яхши кўради, билмай урворгандир-да, – деди қўлини елкамга қўйиб. – Ҳечам хапа бўма, яхшиси, кўз ёшингни арт. Ҳа, бўйгинангдан ўргилай, ўзинг кап-катта йигитсан-ку, қўй йиғлама, биров кўрса, уят бўлади-я.


Онам билиб айтган экан, қулоғимнинг шанғиллаши бир зумда йўқолди. Аммо оёғим остига кўз югуртириб, баттар хўрлигим келди.


– Қаранг, опа, пирпирагим синиб қопти, – дедим ҳиқиллаб. – Уни укамга бермоқчийдим.


– Зарари йўқ, – онам майин жилмайиб, пешонамдан ўпди. – Янгисини ясаб оларсан. Лекин-чи... – у юзимни кафтлари орасига олиб, кўзларимга маъюс термулди, – Тўғри гапнинг тўқмоғи бўлади. Баъзан туққанингга ҳам ёқмайди. Кўпинча бошингга балодек ёғилади. Аммо сен, барибир, ҳеч қачон ёлғон ишлатмагин. Одамларди алдамагин. Ҳар доим ҳозиргидек тўғрисини айт, хўпми, болам…


Онам бошқа гапирмади. Жавобимни ҳам кутмади. Уйқусираб ғингшиётган укамни бағрига босиб, аллалаб-овутишга тутинди. Мен севимли машғулотимни давом эттирдим…


...Ҳали орадан йиллар ўтади. Қанчадан-қанча қорлар эриб, қанчадан-қанча сувлар оқиб кетади. Мен ўсиб-улғаяман. Онам илинж боғлаганидек, “инжинир” эмас, оддий “газитчи” бўламан. Ҳаётда яхши-ёмон одамларни кўп кўраман. Ҳақ-ноҳақ дамларни бошдан кечираман. Лафзида турмас иккиюзламачиларни, умри алдоқчилик билан ўтаётган товламачиларни ҳам бот-бот учратаман. Шахсий манфаати, бир сониялик ҳузур-ҳаловати йўлида иймон-эътиқодидан, ор-номусидан, дўсту ёридан воз кечганларга, ўткинчи бойлигу мансаб, сохта обрў-эътибор учун ўзидан катта амалдорлар пойида етти букилиб турадиганларга, оддий халқни эса оёғи учида кўрсатадиганларга ҳам дуч келаман. Гоҳо эр хотинига, хотин эрига хиёнат қилганини, ота-оналар зурриётлари, ўғил-қизлар ота-оналари олдидаги бурчини унутганини эшитсам, ҳайратда қоламан. Гоҳо рост ўрнини ёлғон эгаллаганини, бир одамнинг бу кўзи у кўзини беармон ўйишга шайланганини сезсам, ҳазин-ҳазин ўйларга толаман. Икки орада севги-садоқат, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат чирқиллаб қолаётганига афсусланаман. Аллакимларнинг қабиҳлиги, аллакимларнинг лоқайдлиги туфайли адолат топталаётганига ачинаман.


Шундай кезларда, билмадим, негадир йиғлагим, беғубор болалигимга қайтгим, дунёнинг бор завқини ўйиндан иборат деб тушунган кичкинтойга айланиб қолгим келади. Кўз ўнгимда аввал кенг ҳовли-ю бепоён дала, ғарамга осилган сихмола, хижолатдан ўзини қўярга жой тополмай турган отам пайдо бўлади. Сўнгра хотирага хотира уланади – бор бўй-басти билан онамнинг сиймоси гавдаланади. Мен ишда ҳам, турмушда ҳам унинг ўгитларига амал қилишга интиламан. Мудом ҳақ сўзни айтиш пайида бўламан. Эвазига…


Эвазига баъзан панд ейман. Баъзан афсус-надомат чекаман. Бошимда таёқ синган, таъна-маломатларга қолган, туҳматга учраган вақтларим ҳам кўп бўлади. Аммо нима қилай? Зиғирча ҳақсизликка чидай олмасам, ёлғонни кўтаролмасам, адолатсизликдан лов этиб кетсам, айтинг, нима қилай? Онамдан шундай тарбия кўрган бўлсам, яна қандай йўл тутай? Нега инсофни, диёнатни унутай, нега энг азиз кишимга хиёнат этай? Ахир, қайси аёл ўз дилбандига ёмонликни раво кўради?.. Ахир, қайси она ўз боласини тўғри йўлдан уради?.. Баски, адолатдан кўз юмиш онадан юз ўгириш эмасми? Диёнатдан чекиниш аслида онани унутиш эмасми?


Менимча, шундай! Оналар ҳамиша фарзандлари аъмолини кўриб-билиб турадилар. Ҳатто ўлимидан кейин ҳам доимо уларнинг бошида парвона бўладилар ва ҳамиша тўғри йўлни кўрсатадилар.


Сиз-чи, биродар, сиз бу тайин ҳақиқатга – оналар ўгитига шак келтира оласизми? Лоақал, бир кун-бир лаҳза бўлсин, онангизни эсламай, уни қўмсамай яшай оласизми?..


(Давоми бор)


Абдунаби ҲАЙДАРОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 2232 16:57 | 05.08.2023