Самарқанд халқаро мусобақа мезбони
Самарқандда триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳамда "Challenge Samarkand" халқаро мусобақасига старт берилди.
Мусобақада 25 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан зиёд триатлончи иштирок этмоқда. Уларнинг 15 нафари профессионал спортчилар, жумладан, норвегиялик Кристиан Блумменфелт, Густав Эден, германиялик Рико Боген, Дания вакили Лаура Мадсен ва бошқа таниқли триатлончилардир.
Туризм марказидаги дунёдаги энг яхши учта каналлардан бири бўлган эшкак эшиш каналида шу йилнинг май ойида ушбу спорт тури бўйича жаҳон кубогини баҳслари бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон триатлон федерацияси, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида галдаги мусобақага қизғин тайёргарлик кўрилди.
Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун ушбу мусобақани ўтказишдан мақсад ва бу галги турнирнинг аҳамияти ҳақида фикрларини билдирди.
– Триатлон бўйича "Challenge Samarkand" халқаро мусобақасини ўтказишдан асосий мақсад, мамлакатимизда ушбу спортнинг оммавийлигини ривожлантириш ва аҳолининг спортга қамровини оширишдан иборат. Биз бутун дунё бўйлаб кўп сонли мухлисларни жалб қиламиз. Ушбу мусобақада ҳар қандай спортчи иштирок этиши мумкин. Биз уларга ёрдам берамиз, қўллаб-қувватлаймиз, йўл кўрсатамиз ҳамда мамлакатимизда триатлон спортини ривожлантириш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз ва оммалаштирамиз.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, мусобақани ташкил этиш орқали туризмни ва айнан спорт туризмини ривожлантириш кўзда тутилган. Сабаби ҳар бир иштирокчи оиласи ва дўстлари билан келади. Бой тарихимиз ва маданиятимиз, кўҳна шаҳардаги қадимий обида ва ёдгорликлар, меъморчилик, урф-одатларимиз билан танишиш имкониятига эга бўлишади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0