Афрўза Ҳамдамованинг онаси: «Қизимнинг жаҳон чемпиони бўлиши — ўн йилдан бери кўзланган марра эди»
Италияда бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионати юртдошимиз — Афрўза Ҳамдамовани 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида жаҳон чемпиони сифатида кашф этди.
Шу пайтгача ўзбекистонлик қизлар — Баҳора Абдусатторова ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар бундай даражадаги ўйинларда қатнашиб, кумуш медалларни қўлга киритишган эди. Аммо қизлар ўртасидаги биринчи олтин медални айнан Афрўза Ҳамдамова олиб келмоқда. Афрўза бундай юксак миқёсдаги мусобақаларда аввал ҳам иштирок этган. Онасининг айтишича, истеъдодли шахматчи 7 ёшидан бошлаб, юксак даражадаги мусобақаларда қатнашиб келмоқда. Жумладан, Грузияда ўтган Жаҳон чемпионатида биринчи марта қатнашиб, 4-ўринни эгаллаган бўлса, Бразилияда ўтган чемпионатда (8 ёшида) иштирок этиб, 2-ўринга сазовор бўлган. Кейинчалик, Хитой ва Испаниялардаги мусобақаларда ҳам яхши натижалар кўрсатган.
— Бу галги ғалаба, яъни қизимнинг жаҳон чемпиони бўлиши биз учун у спортга илк кириб келган 2013 йилдан бошлаб, кўзланган юксак марра бўлган, — дейди Шабнам Исматова. — Ўтган 10 йиллик изланиш ва меҳнат самараси ўлароқ, у шундай маррани запт этди.
Афрўза Ҳамдамова 2009 йил 25 февралда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. Айни пайтда у 14 ёшда, ота-онаси билан Самарқанд шаҳрида яшайди ва шаҳардаги 42-мактабнинг 8-синфида таълим олади. Унга шахматни 4 ёшидан бошлаб, дадаси Акбар Ҳакимов ўргата бошлаган. Бунга сабаб, Акбар ака шахматни жуда яхши кўрар, университетда ўқиб юрган кезларида талабалар ўртасидаги мусобақаларда доим энг олди ўринларни эгалларди. Шу маънода истеъдод унга отасидан ўтган десак, адашмаймиз.
— Кунларнинг бирида, — деб эслайди Шабнам опа, — турмуш ўртоғим билан фарзандларимиз ҳақида гаплашиб ўтирганимизда, отаси «Афрўзанинг хотираси яхши, анчадан бери кузатиб юрибман, унга шахматни ўргатсак, яхши натижаларга эришади, деб ўйлаяпман. Бизнинг даврларимизда яхшироқ шуғулланишга шароит бўлмаган, ҳозир ҳамма шароит етарли», — деб қолди. Мен ҳўжайнимнинг фикрларини қўллаб-қувватладим. Ўша вақтда қизимиз энди 2 ёшни қаршилаган эди. Эсимда бор, ўша пайтларда Афрўзага нимани ўргатсак, ёдлаб олар, ҳатто 3-4 ёшида ҳамма ҳарфларни биларди.
Шундай қилиб, асли касби социлог, аммо кейинчалик хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиласи иқтисодини мустаҳкамлаб олган Акбар ака қизи Афрўзага астойдил шахматни ўргата бошлади. Кейинчалик эса бир пайтлар ўзига ҳам профессионал шахматни ўргатган устози, ҳозирда раҳматли бўлган — Шаҳоб Ҳамроқуловга олиб борди. Шаҳоб Ҳамроқулов ҳам ёш қиздаги истеъдодни илғаб, унга шахматнинг сир-асрорларини ўргатди. Шу билан бирга, Афрўза интернетда мунтазам халқаро гроссмейстерлар, моҳир шахматчиларнинг ўйинларини кузатиб борди, ўрганди ва улар билан онлайн мусобақаларда ўзини синаб кўрди. Акбар ака тадбиркор бўлгани боис қизининг профессионал шахмат изидан бориши учун кўп вақт ажратиши, ўз маблағи эвазига мусобақаларга олиб бориши зарурлигини яхши англарди ва бундан ҳеч қачон қочмади. Унинг фикрича, тажриба — катта ва йирик мусобақаларда тўпланади. Шу боис Афрўза қатнашган мусобақалар унга катта тажриба мактаби бўлди.
Шахматсевар журналист Ҳусан Карвонли қаҳрамонимиз қатнашган мусобақалар ҳақида маълумот берар экан, қуйидагиларни келтирди:
"Афрўзанинг муваффақиятлари: Афрўза шу пайтгача Ўзбекистон Республикасининг шахмат бўйича хотин-қизлар ўртасидаги (мактаб ўқувчилари ўртасида) шахматнинг асосий — стандарт йўналиши бўйича илк ва ҳозирча ягона жаҳон чемпиони эди. Энди эса, болалар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида ҳам ўзбекистонлик қизлар ичида илк жаҳон чемпиони бўлди". |
Биз иқтидорли шахматчининг кун тартиби билан қизиқдик. Чунки юксак ғалаба учун олиб борувчи йўллар осон кечмагани аниқ. Маълум бўлишича, Афрўза мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқийди. Дарсларидан келгач, ҳар куни 7-8 соат шахмат билан шуғулланади. Ҳа, ҳар куни 7-8 соатдан кам эмас! Илгарилари у шифокор бўлишни орзу қиларди. Ҳозирда эса режалари ўзгарган. Келажакда ҳам уни дунёга олиб чиққан соҳа — профессионал шахматни давом эттирмоқчи. Айни пайтда уларнинг Самарқанд шаҳрида Афрўза номидаги хусусий шахмат клуби бор. Клубга қаҳрамонимизнинг отаси Акбар Ҳакимов раҳбарлик қилади.
Катта бир довондан ўтиб, дунёга ўзбек қизларининг ҳам ақлу заковатини тан олдирган Афрўзанинг кейинги мақсади ва режаси янада улкан — келажакда бутун дунё шахматчи аёллари ўртасида жаҳон чемпиони бўлиб, жаҳон тожини юртимизга олиб келиш. Айни пайтда мазкур тожга хитойлик шахматчи аёл эгалик қилади.
Ishonch.uz сайти жамоаси ўз олдига улкан мақсадлар қўйиб, давлатимиз байроғини дунё саҳналарида хилпиратаётган ёш истеъдод соҳибини, унинг ота-онаси ва устозлари, яқинларини юксак ғалаба билан қутлаб, келгусида ҳам фақат омадлар тилаб қолади.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0