Сиз нима дейсиз? ОДАМЛАРДА ИНСОФ ҚОЛМАГАНМИ?
Одатда бировга қарз бериш масаласида гап кетса, кўпчилик бермасликни тўғри йўл, деб ҳисоблайди. “Қарз муносабатларни бузади”, деб ўйлашади. Баъзи бировлар эса кимнингдир оғир кунида ёрдам беришга ҳаракат қилади. Дилобархоннинг ҳикояси эса мени ҳам бу масалада ўйлантириб қўйди.
—Бу йил бакалавр дипломини олдим, —деди суҳбатдошим.—Қишда бир курсдошим оилавий шароити тўғри келмадими, ўқишнинг “контракт” пулини тўлай олмади. Домлалар эса шартнома пули тўланмагунча унинг имтиҳонларга киришига ҳам рухсат беришмади. Шунда дугонам курсдошлар даврасида эри Россияга ишлашга кетаётганини айтиб, имкони борлар қарз бериб туришини сўради. Аммо ҳеч ким берай демади. Менинг эса курсдошимга раҳмим келди ва турмуш ўртоғимдан пул олиб, унга “контракт” пулини тўлаш учун бердим. Ёзга чиқиб, барчамиз имтиҳонларни топшириб, дипломни олиш бахтига муяссар бўлдик. Орадан анча вақт ўтса-да, дугонам қарзни қайтарай демасди. “Топганда беради”, деб мен ҳам қисталанг қилиб ўтирмадим.
Шундан кейин ҳам кўп кунлар ўтди. “Энди қўнғироқ қилай, балки эри Россиядан пул жўнатгандир”, дедим-да, дугонамнинг рақамини тердим. Телефони “ўчирилган” кўрсатди. Орадан икки-уч кун ўтиб, яна қўнғироқ қилдим. Яна тушолмадим. Вазиятимни кўриб, эрим муносабат билдирди:
—Телефон рақамини ўзгартирган бўлса, пулни ололмайсан. Қўл билан бериб, оёқ билан югурасан энди. Пулдан умидингни узавер.
Мен эса дугонамнинг бундай қилишига ишонмасдим. Шунинг учун унинг уйига боришга қарор қилдим. Уйининг аниқ манзилини билмасам-да, қишлоғининг номини билардим. Қўшни тумандаги анча чекка қишлоқ экан, таксичи 60 минг сўм эвазига маҳалласига олиб бориб қўйди. Маҳалла аҳлидан сўраб-суриштириб, курсдошимнинг уйини топиб бордим. Аммо уйида йўқ экан. Аксига олиб, қўшнисининг дарвозахонасида ётган ити илкис автомобил тагидан чиқиб, оёғимдан тишлаб олди. Кўрмай қолибман. Тиззам қонар, оғриқ азоб берарди. Қўшнисидан латта олиб, оёғимни боғладим. Ундан курсдошимнинг телефон рақамини ҳам олдим. Ниҳоят дугонам билан гаплашиш бахтига муяссар бўлдим. У узоқроқ жойда эканини айтиб, кутиб туришимни айтди. Ноилож дарахтлар соясида уни кута бошладим. Орадан чамаси тўрт соатча вақт ўтса-да, кутган инсоним келавермасди. Бу ёқда оёғим зирқираб оғрир, чидаш имконсиз эди. Ноилож дугонамга қўнғироқ қилиб, “Пулни уйга олиб бор” дедим-да, уйга қайтиб кетдим. Энди эримга нима дейман. Чунки у қарз бериш асносида пулни қайтариб олишда анча қийналишим мумкинлигини айтганди. Ҳа, эрим ҳақ бўлиб чиқди. Уйга бу аҳволда борсам, у “Айтмовдимми, яхши танимаган одамингга қарз беришнинг оқибати бу”, деб аниқ айтади. Курсдошимга раҳмим келганди.
Унинг бунчаликка боришини кутмагандим. Пули йўқ экан, телефон рақамини ўзгартирмай, бир оғиз вазиятини айтиб қўйганида, мен бундай сарсон бўлиб, итларга таланиб юрмасдим...
Мана, Дилобарнинг ҳикояси. Сиз унинг ўрнида бўлганда нима қилардингиз? У дугонасига ёрдам бериб, тўғри қилганми? Дугонаси ўз телефон рақамини ожизликдан ўзгартирдими ёҳуд муғамбирликдан? Ёки инсоф-диёнат деган туйғулар аллақачон ўз ўрнини бефарқлик ва олчоқликка бўшатиб берганми? Ёҳуд қарзни олгунча “Қўл билан бериб, оёқ билан югуриб оласан”, деган ибора ҳаётий ҳақиқатми? Сиз нима дейсиз?
Фикрларингизни кутамиз.
Акмал Абдиев, “ishonch.uz”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0