Сохта хат билан кимни алдаш мумкин? Мурожаатчи масаланинг мантиқий ечимини кутмоқда
Ишдан ҳориб қайтган Дилдора «Ювиниб-тараниб олсам, енгил тортаман, кейин овқатга уннасам бўлади», деб ўйлаб, жўмракни буради. Сув йўқ. Эрталаб ишга отланаётганида ҳам шу аҳвол эди. «Сувтаъминот» туман бўлимидагилар «Сувни белгиланган тартибда, маълум соатларда беряпмиз» дейишади. Аммо айнан ўша кўрсатилган муддатларда ҳам сув бўлмайди.
Дилдора Норматова Ховос туманининг «Гулбаҳор» маҳалласидаги кўпқаватли уйда туради. II гуруҳ ногирони. Кун бўйи ишда бўлади. Сув таъминотидаги узилишлар ҳақида туман бўлимига қайта-қайта мурожаатлари бесамар кетгач, 1211 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишга мажбур бўлди.
– Ичимлик сув таъминотидаги узилишлар бор гап, – дейди муҳандис Анвар Олимов, – «Ховос city»да «600»лик тармоқ ёрилди. Уни бартараф этиш учун бир неча кун вақт сарфланди. Бу пайтда аҳолига транспорт ёрдамида сув етказиб беришга тўғри келди. Бу биргина ҳолат эмас. Ўтган йил декабрь ойининг ўзида сув тармоғидаги ана шундай турли ҳолатлар тўғрисида аҳолидан 11 та мурожаат келиб тушган. Улар бўйича далолатномалар тузилиб, муаммо ҳал этилган.
Ўз-ўзидан ичимлик сув таъминотидаги бундай узилишларнинг асл сабаби нимада, деган савол пайдо бўлади. 2011 йили Жаҳон банки ажратган катта миқдордаги кредит ҳисобига Ховос тумани маҳаллаларида ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳа қилинади. Уни амалга оширишни бир нечта масъулияти чекланган жамият ўз зиммаларига олади. Иш бошланиб кетади-ю, бироқ охирига етказилмайди. Тортилган тармоқлар умуман талабга жавоб бермаслиги, сифатсизлиги, ажратилган маблағлар ўзлаштирилгани маълум бўлади. Айни пайтда ўз ишларига масъулиятсизлик билан ёндашганлар қонун олдида жавоб бермоқдалар. Уларнинг қўл учида қилган ишларининг жабрини аҳоли тортяпти. «Сувтаъминот»нинг Ховос тумани бўлими 28 та маҳалладан 26 тасига хизмат кўрсатади. «Соҳибкор» ва «Қайирма» маҳаллаларига эса сув транспорт ёрдамида етказиб берилади.
Мурожаатчига ҳолат «Сувтаъминот» туман бўлими томонидан ёзма ёки оғзаки тарзда тушунтирилмаган, аксинча мурожаатни қонунчилик доирасида кўриб чиқиш учун ўзларига жўнатилган хатга Д.Норматова номидан «ҳамма муаммолар бартараф этилгани» ҳақидаги сохта хатни илова қилиб, жавоб беришган. Аҳвол эса ҳамон ўша-ўша. Мурожаатчи мутасаддилар томонидан масаланинг мантиқли ечимини кутмоқда.
Баҳор ХОЛБЕКОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0