Қўшработ қачон қизил тоифадан чиқади?
Экин экишга яроқли ер бор, лекин сув йўқ.
Қақраб ётган дала, тап-тақир майдонларга боқиб, беихтиёр руҳинг чўкади. Чунки бу йил деҳқон ҳам, чорвадор ҳам табиат инжиқликлари олдида довдираб қолди. Қурғоқчилик етмагандек, чигиртка балоси дард устига чипқон бўлди.
Дала-даштлардан иборат Қўшработ туманида худди шундай ҳолат кузатилди.
− Глобал иқлим ўзгаришини яққол ҳис қиляпмиз, − дейди «Қоратош» маҳалласида яшовчи Абдухолиқ Қўлдошев. – Яқин-яқингача нафақат аҳоли томорқаси, балки фермер хўжаликлари ерларини ҳам ариқ сувларида суғориш имкони бор эди. Афсус, энди булоқ сувлари тортилди. 15-20 метр чуқурликдан чиқарилган қудуқлар ҳам қуриди. Навбат артизан қудуқларга келди. Қудратли техникалар ёрдамида юзлаб метр пастдан сув ахтардик. Аммо бу имконият тугаб битяпти. Амал-тақал қилиб, дов-дарахтларни сақлаб турибмиз.
Деҳқончилиги тўлиқ лалмикорликка боғлиқ туманда бугун мавжуд вазият, ҳақиқатан ҳам, оғир. Тўғри, ғаллачиликда давлат буюртмаси бекор қилинганига анча бўлди. Аммо уни экишдан тийилингани йўқ. 258 та фермер хўжалиги 12,5 минг гектар майдонга буғдой, нўхат уруғи қадаб парваришлади. Фойдаси ҳам, зарари ҳам ўзига. Айниқса, бу йил қилинган меҳнат ҳавога учди ҳисоби. Деҳқонларнинг бир қисми буни олдиндан сезгандек, даласига экин экмади.
Масалан, туманда жами 215 минг гектар ер майдони мавжуд, шундан 39 минг гектари экин экишга яроқли. Лекин сув йўқ.
− Ёғингарчиликдан умид қилишдан ўзга чорамиз қолмади, − дейди фермерлардан бири. − Лалмикор, бўз ерларда унадиган, сувсизликка чидамли экин турларини ўйлаб тополганимизда эди, ҳеч бўлмаса, чорва озуқаси етиштирардик. Ҳозирги кунда беда ва бошқа майин хашак турини айтиб ўтирмай, қўшни вилоятлардан келтирилаётган бир боғ зичланган сомон (пресс)нинг нархи 22 минг сўм.
Хўш, зарар кўраётган фермерларга имтиёз ва кафолатлар борми? Нега суғурта идоралари кўмакка келмаяпти? Туман Фермерлар уюшмаси раҳбари вазифасини вақтинча бажараётган Элдор Тилововга шу саволлар билан юзландик.
− Ҳар йили деҳқон-фермер хўжаликлари раҳбарларига мавжуд майдонларни суғурталашни тавсия этамиз, − дейди у. − Аммо улар суғурта идораларига сарфланган маблағни ортиқча даҳмаза ҳисоблаб, шартнома тузишни исташмайди. «Бош ёрилса дўппи остида» қабилида иш тутаётган фермерларнинг ортиқча «эрка»лиги оқибати яхшилик билан тугамаяпти.
Бутун умид чорваданми?
Асли чорвадорлар юрти саналмиш Қўшработ озуқа етишмаслиги туфайли айни йўналишдаги мавқеини ҳам бой бермоқда. Хонадонларда қорамол боқиб семиртириш, ҳатто сут учун сақлаб туриш катта муаммога айланди. Ерда бўлмагач, элда бўлармиди? Чорва моллари 131 минг гектардан ортиқ бепоён яйловларда изғиб, эти-этига ёпишмоқда.
– Туманимизда 111 минг бош қорамол бор (шундан 41 минг 826 таси сигир), 423 мингдан ортиғи қўй-эчки, – дейди туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассиси Шерзод Эшхолов. – Фермер хўжаликлари эса 1 минг 385 бош қорамолга, 65 минг бошдан ортиқ қўй-эчкига эга. Фермерлар-ку, ўз тасарруфида ер майдони борлиги боис чорвасини сақлаб қолиши мумкин, аммо аҳолининг мол боқишдан тобора кўнгли совиб, бу ишдан воз кечаётганига нима дейсиз?
– Битта сигиримиз бор. Уни томорқамиздаги ўт-ўлан билан 6 ой бир амаллаб боқамиз, – дейди фуқаро Х.Эгамов. – Жонивор камида 180 кун қўлга қарайди. У кунига бир ўрам прессланган сомон еганда ҳам бир ойлик харажати 3 миллион сўмдан ошиб кетади. Энди унга бошқа озуқа маҳсулотларини қўшиб, чиқимни чамалаб олаверинг. Мол боқишнинг уддасидан чиқолмаётганлар бир қошиқ сутга зор бўлиб ўтиришибди.
Туманда тайёрланаётган гўштнинг 96 фоизи хонадонлар эгалари боқаётган қорамоллар ҳиссасига тўғри келяпти. Қарийб 20 минг гектар ерга эга фермер хўжаликларининг улуши эса атиги 4 фоиз. Бас, шундай экан, тегишли хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг...
Бағрингни оч, Очабулоқ
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифларининг бирида мутасаддиларга сел сувларини тўплайдиган Оқтепасой сув омборини барпо этиш топшириғини берган эди. Орадан анча вақт ўтди, бироқ ўша муҳим иншоотдан ҳамон дарак йўқ.
– Президентимиз ҳудуд жуғрофиясини яхши билгани, мавжуд имкониятларни пайқагани учун узоқни кўзлаб, масъуллар зиммасига ушбу вазифани юклаган эди, – дейди меҳнат фахрийси Камолиддин Саидов. – Тоғ ва адирлардан оқиб келадиган сувларнинг асосий қисми бир жойда жамланиб, Оқтепасой орқали оқиб ўтади. Агар омбор қурилса, мушкулимиз арийди.
Хуллас, қизил тоифадан яшил тоифа сари интилаётган қўшработликларга бугун ёрдам керак. Қурғоқчилик туфайли азият чекаётган деҳқон ҳамда чорвадорлар жўяли маслаҳат ва қўлловга муҳтож.
Нурилла ШАМСИЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0