Сталиннинг сирли сандиғи
1932 йилнинг авжи баҳорида собиқ шўролар давлатининг мустабид ҳукмдори Иосиф Виссарионович Сталиннинг энг садоқатли мулозимларидан бири Москвадан Ленинградга йўл олади. Унинг сафарга отланишидан мақсади янги мина ва снарядлар бўйича синов ўтказаётган илмий-тадқиқот институтида олиб борилаётган ишларни текшириш эди. Бу даргоҳга эса ихтирочи-муҳандис Владимир Иванович Бекаури раҳбарлик қилаётганди.
Мулозим Москвага қайтгач, Сталинга Бекаури ўз вазифасини ниҳоятда масъулият билан адо этаётгани ва синовлар муваффақиятли якунланаётгани ҳақида ҳисобот беради. Суҳбат асноси олим бўш вақтларида эгаларидан бошқа биров очолмайдиган пўлат сандиқлар яратганини ҳам қистириб ўтади.
– Айтганча, – дейди сўзи ниҳоясида, – Бекаури ўша сандиқлардан биттасини сизга бериб юборди.
Кўринишидан сандиққа мутлақо ўхшамайдиган бу матоҳнинг на қулфи, на рақамли калити ва на эшиги ёки қопқоғи бор эди. Сталин ҳарчанд уринмасин, уни очишнинг уддасидан чиқолмайди. Сўнгра навбат мулозимга келади. У хонанинг бошқа бурчагида туриб, қўлидаги радиоқурилма тугмачасини босади ва аста-секин овозини баландлатади. Шунда мўъжиза рўй беради. Пўлат сандиқнинг устки қисми ўз-ўзидан четга сурилади ва ичидан бочкасимон жисм юқорига кўтарилади. Радиотўлқинлар мослаштирилгач, у иккига ажралади. Бу сирни билиб олган Сталин мамнун жилмайиб қўяди...
Кунларнинг бирида у НКВД бошлиғи – инсоният тарихида тенги йўқ золимлардан бири Лаврентий Берия билан бирга зарур ҳужжатларни кўздан кечиради. Ишни тугатгач, ҳужжатларни йиғиб, “Булар менинг сандиғимда туради”, дейди-да, радиотугмачани босиб, тўлқинларни мослаштиради ва пўлат сандиқни очади. Кейин фавқулодда янгиликдан қаттиқ ҳаяжонга тушган Берияга бир зум ташқарига чиқиб туришини буюради.
Берия хонага қайтиб кирганида сандиқ ёпилган эди. Сталин унга “Қани, сенинг ер тагида илон қимирлаганини ҳам биладиган ходимларинг бир ҳаракат қилиб кўришсин-чи, сандиқни оча олишармикин?” дейди.
Ҳақиқатан ҳам, мутахассислар салкам ярим кун овора бўлишса-да, топшириқни бажара олишмайди. Улар кетишгач, Сталин совғани ўзига ким юборганини Берияга айтади. Бир неча кундан кейин Берия Владимир Бекаури ишлаётган институтга бориб, ундан ўзига ҳам айнан шунақа пўлат сандиқ ясаб беришини сўрайди. Илтимоси инобатга олинмагач, дўқ аралаш талаб қилишга ўтади. Бироқ Бекаури бир сўзли одам экан, бу сафар ҳам “Йўқ!” деб туриб олади.
Орадан беш йил ўтгач, аниқроғи, 1937 йилнинг 8 сентябрида Владимир Бекаури жосусликда айбланиб, отиб ташланади. Бундан Сталиннинг хабари бўлганми-йўқми, у ёғи ёлғиз Худога аён!
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0