«Таскин»да таскин топаётган болалик пойтахтимизда фаолият юритаётган хосписда бир кун
Маълумот: Хоспис – даволашнинг сўнгги босқичларидан ўтган, умрининг деярли сўнгги кунларини ўтказаётган бемор ва унинг яқинларининг ҳаёт сифатини яхшилайдиган маскан.
«Таскин» болалар хосписи 2022 йилда очилган. Муассасада саратонга чалинган беморларга бепул паллиатив ёрдам кўрсатилади. Шу пайтгача 350 нафардан зиёд оғир ҳолатдаги бемор болалар бу манзилда бўлишган.
Марказнинг ўзига хосликлари кўп. Мамлакатимизда шу пайтгача беморнинг яқинларига психологик ёрдам кўрсатилмаган. Уларга касаллик ҳақидаги тўлиқ ҳақиқатлар айтилмаган. Жамиятимизда ўлим мавзусини кўтариш одатий ҳол эмас. Термал даврда – бемор ва унинг қариндошлари учун энг оғир вақт – одамлар уйларига жўнатилар, у ерда улар оғриқ ва чорасизлик, яқин одамга ёрдам бера олмаслик дарди билан ёлғиз қолишган. Саратонда жуда кучли оғриқ кузатилади ва бу пайтда ота-оналар ҳам қаттиқ изтироб чекади. Бир сўз билан айтганда, хоспис ўлимни вақтинча яқинлаштирмайдиган, аммо шу билан бирга узоқлаштира олмайдиган маскан.
– Биз ҳаммани даволай олмаймиз, аммо болажонларнинг ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини касалликдан олдинги даврдагидек фаол ва мазмунли ўтказишига ҳаракат қиламиз, – дейди хоспис раҳбари, онколог Рустам Норбоев.
Хоспис ҳақида
Хосписга жойлашиш учун ордер ёки йўлланма керак бўлмайди, фақат беморларда шифохонада даволаниб чиққани ҳақидаги қоғоз бўлса кифоя. Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчилар 10 кун давомида алоҳида ажратилган хонада яшайди, бироқ амалиётда 2-3 ойлаб ётган болалар бўлган.
Бир қараганда «Таскин» касалхонага ўхшамайди, узоқдан қараган одам замонавий боғчага келиб қолдим, деб ўйлайди. 20 та палатадан иборат ва ҳар бирида она-бола учун иккитадан ётоқ бор. Бемор боланинг каравоти оддий эмас, функционал тиббий ётоқ. Шунингдек, хонада музлаткич, телевизор, стол ва стуллар, шкаф, алоҳида ҳаммом мавжуд. Хосписда умумий ўйин хонаси, кутубхона, психолог ва ижтимоий ишчи хоналари жойлашган.
Хосписда ўзига хос характерлар, оилалар ва касалликларга эга бўлган беморларнинг кенг доираси мавжуд. Ҳолсиз, юришга қийналган болалар учун махсус ногиронлар аравачаси, ҳаттоки, ҳомийлар томонидан берилган болалар машинаси бор.
Ҳаёт ширин, бироқ...
Айрим болаларнинг аҳволига қараб, бу дунёдаги сўнгги кунларини яшаётганига амин бўласан. Бу билан нафақат ота-она, балки тиббиёт ходимлари ҳам дуч келадиган кўнгилсиз ҳолат. Оғриқлардан яшашга куч топиб, жажжи вужуди билан ҳаёт билан курашган болангнинг кўз ўнгингда сўлиши ва ортиқ уни кўрмаслигиндан ортиқ мусибат бўлмаса керак. «Таскин»даги психологлар бундай пайтда боланинг яқинлари учун катта далда бера олишади.
Хотира хонаси
Хосписдаги энг оғир хона. Бу ерда бир неча кун, ҳафта, ой олдин ҳаёт бўлган болаларнинг расмлари эсдалик учун осилган. Шундай бўлсада, хосписдаги болаларга ҳеч ким ўлим ҳақида сўз очмайди. Саратоннинг тўлиқ давоси йўқ, шундай экан болаларнинг оғриқсиз бу дунёни тарк этиши учун барча шароит яратилган.
Оналар йиғламасин…
– Ҳарбий бўлишни орзу қилиб юрган 14 ёшли ўғлим Оғабек бирдан озиб кетди, дейди – зоминлик Нигора Эргашева. – Томоғига яқин жойда каттагина шиш пайдо бўлди. Шунча даволашимизга қарамай шиш қайтмади. Бир йилдан кейингина у лимфа тугунлари ўсимтаси эканини билдик. Бу орада вақт йўқотгандик… Кетма-кет энг кучли кимётерапия амалиёти ўтказилди. Афсуски умуртқа суякларига метастаза тарқаб улгурган экан, шу боис ўғлимнинг бу аъзоларида кучли оғриқ кузатилади. Оғриқ кучайган пайти хосписга келамиз. Чунки уйда оғриққа ўғлим ҳам, мен ҳам чидай олмайман… Бу оғриқ қолдирувчи укол қилади. Ўғлим тинч ухлайди.
Дўхтирлар ўғлимни тузалиб кетади, дейишди. Илоҳим, айтгани келсин. У ҳали орзусидагидек ҳарбий бўлади. Мен бунга ишонаман…
… Биз хосписда яна кўплаб оналар, болалар билан суҳбатлашдик. Аммо уларнинг дардли сўзларини батафсил қоғозга тушира олмадик…
Қайтар чоғимиз дилимиздан ҳам, тилимиздан ҳам фақат шундай сўзлар ўтар эди: оналар ҳеч қачон йиғламасин.
Дарвоқе, хоспис ҳақида. Шу масканни барпо этиш ташаббускорлари, уни бунёд этганлар ва бу ерда фаолият юритаётганларга – ҳаёт синовларига елка тутаётганларга мингдан-минг ташаккур!
Феруза РАҲИМОВА,
Қувончбек ТЎРАЕВ (фото),
«Ishonch» мухбирлари
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0