Тирикчилик кўйидаги болалар
Тўққиз ёшли қизалоқни, 2-синф ўқувчисини кўчага етаклаб чиққан ташвиш нима? Чиндан ҳам отаси йўқми, онаси оғир хастами? Аксинча бўлса-чи? Бир-бирига қарама-қарши саволлар қаршисида қоламан.
– Амаки, рўмолча олинг, 10 минг сўм.
Қизалоқнинг мўлтираб турган умидвор кўзларига боқаман. Беихтиёр норасидани саволларга тута бошлайман.
– Ота-онанг борми?
– Дадам йўқ, – дея у ясама ғамгин қиёфага киради. Бу ҳолати билан кўнглимда ўзига нисбатан раҳмдиллик туйғуларини уйғотмоқчи бўлади. Ёнимдаги дўстим эса унинг неча ёшлиги, нечанчи синфда ўқишини сўраб қолади.
Тўққиз ёшли қизалоқни, 2-синф ўқувчисини кўчага етаклаб чиққан ташвиш нима? Чиндан ҳам отаси йўқми, онаси оғир хастами? Аксинча бўлса-чи? Бир-бирига қарама-қарши саволлар қаршисида қоламан.
Афсуски, ўзини Диёра деб таништирган бу қизалоқнинг атрофимизда тенгқурлари кўплаб учрайди.
Авваллари пойтахтда болаларнинг шу каби “тадбиркор”лигини кўп кузатар эдик. Тошкент катта шаҳар. У ерда ижарада яшовчи, аранг кун кўриб юрганлар топилади. Лекин эндиликда вилоят марказларида, ҳатто туман-шаҳарларда ҳам бу каби ҳолатлар кузатилаётгани таажжубли ҳолат.
Бундан йигирма йиллар аввал чет элда ота-она ва бола ўртасидаги муносабатлар шарқона қадриятларимиздан буткул фарқ қилиши, ота-оналар болаларини, миллионер бўлган тақдирда ҳам моддий таъминламаслиги, болалар кўча четларида автоуловларни ювиб, баллонларини қорайтириб, пул ишлаши ҳақида гап-сўзлар оммалашиб кетган эди. Лекин бизда ҳам аҳён-аҳёнда кузатиладиган бундай ҳолатларга ғарбона тажриба сифатида қарамаслик, ҳар бир бола тақдирини миллатнинг, ватаннинг тақдири сифатида ўйлаш вақти аллақачон етиб келди. Бу борада мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар ҳам олиб борилмоқда. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатларини, орзу-умидларини қадрлаш, билим олиши, касб-ҳунарга қизиқишини рағбатлантириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро оқ матога теккан биргина доғ ҳам кўзга ташланади. Шундай экан, биргина ноқобил фарзанднинг қилиғи ҳам миллат шаънига қора доғ бўлиб тушиши мумкин.
Халқимизда бир гап бор. Ёш боланинг онги ёзилмаган варақдек гап. Унга нима ёзиш эса атрофидагиларга боғлиқ. Бугун тирикчилик кўйидаги болалар кўчама-кўча тентираб, тамаддихоналару истироҳат боғларида, гавжум йўлакларда туриб олиб, турли маҳсулотлар сотишига наҳот ота-оналар, кенг жамоатчилик бефарқ қараса? Эртага уларнинг ёвуз ниятли кимсалар учун тайёр ўлжа бўлиб қолмаслигига ким кафолат беради?
Мамлакатимизда фаолият юритаётган Болалар омбудсмани тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўчама-кўча тирикчилик важида умрини ўтказаётган ёш болаларнинг турмуш шароитини ўрганса, билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши йўлида жонбозлик кўрсатса, нур устига нур бўлар эди.
Баҳодир Ҳалимов
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0