Зўравонликлар ортиб бораётган пайтда рамзлар ўйлаб топишдан не наф?
Куни кеча Қашқадарё вилояти Китоб тумани, Оқсув МФЙда жуда оғир ва қайғули воқеа содир бўлди. Ақлан заиф бир йигит аввал икки ойлик фарзанди ва хотинини, сўнгра ўзини ўлдирди.
Мана яқинда содир бўлган яна бир оилавий жанжалнинг оқибати. Чирчиқда куёви ва синглисининг орасида келиб чиққан жанжални ажратишга ҳаракат қилган аёл пичоқланиб, вужудидаги боласи билан ҳалок бўлди.
Яна бир аянчли ҳолат. Шу ойнинг бошида паркентлик ёш келин оилавий низо туфайли уйидан чиқиб кетган. Орадан кўп ўтмай, унинг жасади қўшни тумандан оқиб ўтувчи каналдан топилган. Ҳар икки воқеага айнан оилавий келишмовчилик, яъни эр-хотин ўртасидаги тушунмовчилик сабаб бўлган.
Юқоридаги ҳар икки ҳодиса ҳам айнан Тошкент вилоятида рўй берган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳақиқатан ҳам, вилоятдаги мутсаддилар оилавий низоларга унчалик парво қилмаяпти. Улар билан жиддий шуғулланмаяпти. Кўп йиллардан буён «биринчилик»ни қўлдан бой бермай келаётганининг сабаби ҳам шунда бўлса керак…
Афсуски, охирги вақтларда бундай ҳодисалар ҳақидаги хабарларни кўп эшитяпмиз. Хусусан, Олий суд томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар йилдан йилга кўпайиб боряпти.
Масалан, қасддан одам ўлдирганликда айбдор деб топилган шахслар 2019 йилда 376 нафарни ташкил этган бўлса, рақам 2020 йилда 377 нафарни, 2021 йилда 440 нафарни кўрсатган. 2022 йилда бу кўрсаткич бироз пастлаган – 422 нафар. 2023 йилнинг дастлабки уч ойи давомида 84 нафар шахс айни шу жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган экан.
Содир этилган жиноятлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг кўпи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келган, яъни вилоятда ҳар йили камида 67 нафар шахс қасддан одам ўлдирганлик учун жазога тортилмоқда.
Иккинчи ўринда Тошкент шаҳри қайд этилган бўлиб, ҳудудда ўтган 4 йил мобайнида қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ 208 та ҳолат аниқланган. Учинчи ўриндаги Самарқандда эса бу кўрсаткич 176 тани ташкил этган.
Хўш, нима учун айнан Тошкент вилоятида қасддан одам ўлдириш жинояти кўп? Ҳолатни Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бобур Туляганов қуйидагича изоҳлади:
«Тошкент вилояти аҳоли сони бўйича биринчи ўринда турмайди, лекин вилоятда миллиондан ортиқ «ички миграция»си (пойтахтга яқин ҳудудларда вақтинча яшовчилар) ва катта «ички туризми» (Тоғли ҳудудлари, дам олиш масканлари) мавжуд.
Ички туризм:
Биргина Бўстонлиқ тумани ҳудудига 1 сутка давомида ўртача 10-12 мингга яқин автомашина, уларда 35-36 минг нафар дам олувчилар ташриф буюришади.
Мавсум ва номавсумий вақтлар ҳисоби билан 2022 йилнинг ўзида тумандаги дам олиш масканлари(меҳмонхона, хостел, панционат, лагерь, санаторий ва дачалар)га 10 миллионга яқин меҳмон ташриф буюришган.
Ички миграция:
Маълумки, пойтахтда яшаб ишлайдиган бошқа вилоят вакиллари жуда кўп. Уларнинг аксари ижара, уй-жой нисбатан, сезиларли даражада арзон бўлгани сабабли, Тошкент вилоятида вақтинча яшайдилар (усталар, кунлик ишчилар, савдогарлар, ишлаб чиқарувчи, тадбиркор ва хоказо).
Бунинг оддий бир мисолини, кечга томон “Буюк Ипак Йўли” метроси ёни (Чирчиқ йўналиши), Зангиота ва Тошкент туманларига элтувчи асосий йўллардаги катта тирбандликларда ҳам кўриш мумкин.
Шу каби «ички мигрантлар» сони миллиондан ортиқ. Улар томонидан ҳам вилоят ҳисобига, оила турмуш доирасидаги жиноятлар рўйхатга олинади.
(Масалан уйда эр-хотин, ака-ука ёки бошқа бирга яшовчилар уришиб қолиб, бирдан пичоқ уриши, бир-бирига оғир тан жароҳати етказиши ҳолатлари кўп қайд қилинади. Биласизки ҳар бир хонадонга биттадан ИИБ ходимини жойлаб бўлмайди).
Кейин рўйхатда 97-модда билан кўрсатилган рақамлар бу шунча «одам ўлдирилгани”ни англатмайди. Бунда «тирик қолиши», «одам ўлдиришга уриниш» (қастдан ўта оғир жароҳат етказиш) ҳолатларида ҳам дастлаб 97-модда қўйилади (экспертиза хулосасига асосан).
Агар жамоат жойларида содир этиладиган жиноятлар бўлса, бу бошқа мавзу бўлади, буни тўғридан тўғри ички ишлар ходимларининг эътиборсизлиги дейиш мумкин.
Бу билан бирор объект ёки субъектни оқлаш ёки айбдор қилмоқчи эмасмиз. Ҳар қандай жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, бу ички ишлар органлари ходимларининг функционал вазифаси.
Ортиб бораётган ҳар бир жиноят турлари юзасидан кенг масштабда тушунтириш, тарғибот ва назорат тадбирлари ўтказиляпти. Маҳаллалар кесимида жамоатчилик билан муҳокамага қўйиляпти.
Бугунгача ҳам, бундан кейин ҳам, бор куч ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, Тошкент вилоятида фуқаролар хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши туришга, тинчлик учун хизмат қилишга тайёрмиз».
Эски анъаналарга содиқлик меваси
Аслида жиноятчилик ҳақида гап кетганда қайси ҳудудда кўп ёки кам содир этилгани иккинчи даражали масала. Айнан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар сони кескин ортиб бораётгани ҳар биримизни жиддий хавотирга солиши керак. Унинг оқибатини муҳокама қилиш эмас, аксинча, келиб чиқиш сабабини ўрганиб, уни бартараф этиш чораларини кўриш шарт. Муҳими шу, аслида. Лекин биз мана неча йилдирки сабаб қолиб, оқибат билан курашиб ётибмиз.
Тўғри, бу бўйича юқори минбарлардан яхши гаплар айтиляпти, ҳаётий ташаббуслар илгари суриляпти. Қонун, қарор, фармонлар қабул қилиняпти. Мақсад – одамларни рози қилиш, бахтли ва фаровон яшашини таъминлаш. Бироқ қуйи бўғин «эски анъаналар»га содиқ қолиб, ўз билганича иш тутмоқда.
Жиноятларнинг таг замирига эътибор берсак, аксар қисми оилавий низоларга бориб тақалаётганига гувоҳ бўламиз. Ваҳоланки, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлиги ва тинч-хотиржамлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда маҳалла еттилиги фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг биринчи галдаги вазифаси оилалар ҳолидан хабар олиш, айниқса, нотинч деб топилган хонадонни доимий назоратга олиш, зарур вақтда керакли ёрдам кўрсатиш.
Улар ўз ҳудудидаги нотинч оилалардаги вазиятни билмайди деб ўйлайсизми? Адашасиз, жуда яхши билишади. Шунчаки, муаммога енг учида қарашади. Ҳалокат содир бўлгач, оёғи куйган товуқдек питирлаб қолишади. Ҳар хил важ-карсонлар билан ўзини оқлашади. Тагини суриштирсангиз, аянчли воқеа рўй берган ўша хонадонга охирги марта қачон борганини ҳам эслолмайди. Ачинарлиси, мутасаддилар қуруқ ҳисоботу қоғоз тўлдиришни асосий вазифаси деб ўйлашади. Хуллас, улар баландпарвоз гаплар билан юқорига ҳисобот киритаверади, нотинч оилалар орасида жиноят ортиб бораверади…
Қисқаси, бир неча асрлардан буён оилани муқаддас деб билган, оила институтлари юқори босқичда шаклланган мамлакатимизда оилавий зўравонликлар ортиб бораётгани бугун ҳаммамизни жиддий ўйлантириши лозим.
Умуман, бу борада кўп ва хўп ёзиляпти, айтиляпти. Аммо натижа кўринмаяпти. Чунки юқорида айтганимиздек, биз сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашиб ётибмиз. Қайта-қайта айтилавериб, сийқаси чиқиб кетган ҳақиқат бу...
Дарвоқе, мамлакатимизда зўравонликка қарши кураш йўлида олиб борилаётган ишлар фонида кеча кўплаб сайтлар, телеграм каналлар ўз саҳифасини махсус ранг, яъни оловрангга ўзгартиришди. Бу ранг бутун жаҳонда айнан зўравонликка қарши курашувчилар рамзи сифатида кўрилади. Лекин бизда бундан бирон наф чиқиши даргумон...
Ғуломжон Мираҳмедов,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0