Қалбни йўқотиш маънавий манқуртликдир
Германиялик таниқли сиёсий шарҳловчи, «Berliner Zeitung» нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг ўзбекистонлик машҳур сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан «Ishonch» газетасининг 2024 йил 18 ноябрь сонида чоп этилган суҳбатини ўқидим. Жуда жиддий ва нуфузли журналнинг сиёсий шарҳловчиси билан ўта муҳим мулоқот бўлибди.
Суҳбатнинг мавзуси ҳам ниҳоятда салмоқли ва мазмуни беҳад қизиқарли. Янада муҳими, суҳбат Янги Ўзбекистон жамияти ва давлати, шу азиз Ватанда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор, таъбир жоиз бўлса, ҳар биримизнинг жон-жонимизга боғланган тақдируламал масалалар таҳлилига бағишланган.
Интервьюнинг номи хусусида
Таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг германиялик машҳур сиёсий шарҳловчига берган интервьюсини оммабоп ва ҳаммага тушунарли тилда тайёрланган қизиқарли илмий-публицистик чиқиш, деб баҳолаш мумкин. Бу баҳони тасдиқлайдиган ўзига хос мезонлар бор, албатта.
Хусусан, интервьюнинг сарлавҳасиёқ ғоят ўзига хос. Яъни: «Ўзбекистондан «Янги Ўзбекистон»гача: йўқотилган қалбни излаб...». Айни сарлавҳани ўқиганимда машҳур ўзбек шоири Садриддин Салим Бухорий (1946-2010) қаламига мансуб «Бухорога Бухоро келди», деган мисра ёдимга тушди.
Мустақиллик туфайли орзу-армонлари ушалганидан, жумладан, шўролар даври қатағони сабаб ташландиқ аҳволга келиб қолган улуғ алломалар юрти Бухоронинг тарихий ёдгорликлари ҳам яна муносиб қадр топганидан беҳад қувонган ушбу шоир ва аллома 1999 йилда «Бухорога Бухоро келди» шеърлар туркумини нашр эттирганди. Ўша китобдан эл орасида донг қозонган мана бу мисралар ҳам жой олган:
Бухорога нур-зиё келди,
Имон келди, шарм-ҳаё келди.
Бухорони зулмат этди тарк,
Бухорога Бухоро келди...
Шоирликка ҳеч қандай даъвомиз йўқ. Аммо оқил сиёсатчи ва ҳассос шоирлар рағбат берганида, камина ҳам жим қараб туролмади. Ушбу мисраларни шу рағбатнинг ҳосиласи сифатида қабул қилгайсиз:
Довон ортда қолиб, довон келмоқда;
руҳга руҳ қўшгувчи замон келмоқда.
Янги марраларга янги куч бериб,
Янги Ўзбекистон равон келмоқда!
Айтмоқчимизки, Қудратилла Рафиқов интервьюсининг ҳатто номланишига ҳам чуқур адабий-бадиий моҳият ва ниҳоятда ўзбекона руҳ сингдирилган.
Яъни Ўзбекистондан «Янги Ўзбекистон»гача – ўзбек сиёсатшуноси биргина шу жумла билан Янги Ўзбекистонга ўзига хос тарзда таъриф берган. Янада аниқ қилиб айтганда, таърифларга сиғмайдиган буюк тарихий воқелик таърифсиз таърифланган.
Журналист интервью сўнгида шундай дейди: «Айниқса, менга «Йўқотилган қалб» ҳақидаги изоҳингиз жуда ёқди». Германиялик сиёсий шарҳловчининг бундай эътирофи атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг ҳаётий фалсафаси билан йўғрилган «манқурт назарияси»ни эсга солади. Ҳақиқатан ҳам, «Қалбни йўқотиш – маънавий манқуртликдир!».
Шу ҳақда ўйлар эканман, интервью сарлавҳасининг ўзи ҳам наинки миллий руҳ, балки умуминсоний мазмун-моҳият касб этади, деган фикр ўтди хаёлимдан.
Янги Марказий Осиё тараққиёти ва доғда қолган ғарб сиёсатшунослари
Интервью матни таҳлилига ўтсак: журналист атиги 8 та савол берган бўлса-да, саволлар мазмунан турлича ва уларнинг ҳар бири жуда кенг мавзуларни қамрайди. Саволлар, бир томондан, ҳам аниқ, ҳам сиёсий долзарб, Ғарб ўқувчисини ўйлантирадиган мазмунда бўлса, иккинчи томондан, худди шу жиҳатлари билан ўзбек сиёсатшуносига муносиб жавоблар қайтариш учун илҳом ҳамда жўшқинлик бахш этган, назаримизда.
Суҳбатнинг ўқ илдизини Янги Ўзбекистоннинг узоқ ва яқин ўтмиши ҳамда бугуни ва келажаги ҳақидаги ўй-мулоҳазалар ташкил этади. Бу борадаги фикрлар Марказий Осиё минтақасида кечаётган тарихий-сиёсий жараёнлар билан узвий боғлиқликда талқин этилган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Қудратилла Рафиқов ўз жавобларида тарихий-қиёсий метод (услуб) асосида, яъни «Ким эдик, ким бўлдик, ким туфайли?» деган мантиқий силсилага таянади. Илмий аниқ, бадиий равон ва дадил тафаккур билан сўзлайди. Ўзбек сиёсатшуноси Ғарбнинг номи дунёга таниқли 2 нафар муаллифини тилга олган ва уларнинг шов-шувли китобларини таҳлил этган.
Булардан бири – америкалик олим, АҚШнинг Колумбия университети профессори Эдвард Вади Саид бўлиб, унинг «Ориентализм» номли китоби жуда машҳур. Иккинчиси – АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский ва унинг «Буюк шахмат тахтаси» асаридир.
Аввало, «ориентализм» атамасига аниқлик киритиб олайлик. Ушбу тушунча Ғарб дунёсининг Шарқ ҳақидаги илмий изланишлари ва уйдирмаларга асосланган фаразларининг мужассамини англатади. Илмий нуқтаи назардан, ориентализм – Шарқ тиллари, маданияти ва тарихига оид тадқиқотлар мажмуини ўзида қамраса-да, айни вақтда, мазкур йўналиш шарқона жамиятлар ҳақида нотўғри тушунча ва тасаввурлар тўқиб-тарқатилишини танқид қилади.
Шу маънода, Эдвард Вади Саиднинг 1978 йили нашрдан чиққан «Ориентализм» китобида Ғарб томонидан Шарқ илм-фани, санъати ва сиёсатига оид нотўғри қарашлар, таъбир жоиз бўлса, «Шарқнинг беўхшов қиёфаси» қай тарзда уйдирмалаштирилгани хусусида сўз боргани билан аҳамиятлидир.
Э.Саиднинг фикрича, ориентализм гўёки «экзотик» ва «иррационал» Шарқ қиёфасини «рационал» ва «ривожланган» Ғарб тимсолига қарши қўйишга интилган колониализм сиёсатининг мафкуравий қуроли бўлган. Ўз навбатида, постколониализм даврида Э.Саиднинг китоби бундай номақбул ёндашувни танқид қилувчилар учун асос бўлиб хизмат қилди.
Бу ўринда Қудратилла Рафиқовнинг мана бу кинояли бўлса-да, илмий жиҳатдан тўғри фикрлари диққатга молик: «Ориентализм талабларига кўра, Шарқ ўзи ҳақида ўзи гапира олмайди, ўзини ўзи танита олмайди, тақдим эта олмайди, балки бошқаларнинг ўзи ҳақида гапиришларига, тақдимига, демак, Европа фани кўмагига муҳтож».
Ўзбек сиёсатшуноси айни мавзудаги мулоҳазаларини Ғарбнинг Марказий Осиё минтақасига ёндашувининг танқидий-таҳлилий талқини мисолида изчил давом эттиради. Қ.Рафиқов қайд этганидек, «ўлкамиз бир ярим аср давомида икки бор мустамлакачиликни бошидан кечирди... Қолаверса, бугунгача бизнинг номимиздан ҳам гапирдилар, кимлардир бизни атрофга таништирди. Биз ҳам узоқ йиллар ҳукмрон кучлар олдида «чурқ этмай ўтирувчи» «ўзга»га айландик...».
Ўз навбатида, интервьюда америкалик сиёсатшунос З.Бжезинскийнинг асари ҳам таҳлилга тортилган. Бу китоб номида тилга олинган «шахмат тахтаси» ибораси нимани англатади?
Марказий Осиё минтақаси, З.Бжезинскийнинг таърифича, шахмат тахтасига ўхшайди. Бу тахтада, оқ ва қора томонлар, яъни дўст ва ғаним кучлар бор. Тахтадаги «шоҳ»лардан тортиб, «пиёда»ларгача барча «дона»лар «ўйин»га жалб этилган.
Бунда «шоҳ»лар – кучли давлатлар, албатта, «пиёда»ларни, яъни минтақамизда 1991 йилдан эътиборан мустақиллигини эълон қилган навқирон давлатларни енгади. Шу тариқа гўёки муаззам Шарқнинг қадимий Мовароуннаҳр аталмиш ҳудудида батамом Ғарб ҳукмронлиги ўрнатилади.
Кези келганда, илк бор З.Бжезинский томонидан илгари сурилган «Евроосиё Болқонлари» деган назария ҳам атрофлича баҳс-мунозараларга туртки берганини айтмасак бўлмас. Бу назарияга кўра, Марказий Осиё стратегик аҳамиятга эга минтақа ҳисобланади.
Шундай бўлса-да, кучли давлатлар рақобати марказида ҳамда уларнинг таъсирдоирасида тургани учун минтақамиз гўёки келгусида тараққий этмайди ва беқарору омонат бўлиб қолаверади. Ҳатто, Марказий Осиё Европанинг Болқон минтақаси каби турли сиёсий ва этник можаролар домида қолиб кетиши тайин эмиш.
Шуни таъкидлаш жоизки, Қудратилла Рафиқов Ғарб сиёсатшуносларининг мазкур асарларига илмий асосланган баҳо тарзидаги ўз қатъий, асосли ва холис муносабатини билдирганидан мамнунмиз. Айниқса, ўзбек сиёсатшуносининг «мен жаноб З.Бжезинскийнинг башоратлари оқланмади, деб бемалол айта оламан», деган дадил фикри ҳар қанча эътирофга арзийди.
Хўш, жаноб Бжезинскийнинг башоратлари нега пуч бўлиб чиқди? Чунки минтақамиздаги мамлакатлар ички барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, минтақа давлатлари кўп векторли ташқи сиёсат олиб бормоқда.
Бундай оқилона ёндашув, бир томондан, бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда минтақамизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон ва барча халқларнинг фаровонлигини таъминламоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг икки томонлама, минтақавий ва халқаро даражалардаги ўзаро яқин ҳамкорлиги минтақамиз тинчлиги, барқарорлиги ҳамда тараққиётига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда бир амалий таклиф: бундан бир неча йиллар олдин ЮНЕСКО томонидан нашр этилган 6 жилдли «Марказий Осиё тамаддунлари тарихи» китоби ҳудудимизнинг бой тамаддунлари тарихини ўрганишга бағишланган. Уни тайёрлашда ўзбек олимлари иштирок этган.
Президентимиз мазкур китоблар туркумини ўзбек тилига таржима қилиш ташаббусини илгари сургандилар. Масъул ташкилотлар ушбу 6 жилдликни таржима қилиш ва нашр этишни энди ортга сурмасликлари керак, деб ҳисоблаймиз.
«Янги Ўзбекистон» асосчиси, меъмори ва бунёдкори
Журналистнинг «Жамиятда ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда ажабтовур эпитет – «Янги Ўзбекистон» калимасининг пайдо бўлишига сабаб нима?», деган саволига Қудратилла Рафиқов батафсил тўхталиб:
биринчидан, тарихий фактларга асосланган ҳолда;
иккинчидан, илмий ёндашув негизида;
учинчидан, 30 йиллик тарихий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси сифатида холис ҳамда муносиб жавоб қайтарган.
Бу жавобнинг ўқ илдизини «Янги Ўзбекистон» ва унинг асосчиси, меъмори ҳамда бунёдкори – Президент Шавкат Мирзиёев, деган ҳаққоний хулоса ташкил этади. Бинобарин, ушбу атама айнан Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбари сифатида фаолият бошлаган даврдан эътиборан кун тартибига чиқди.
Содда қилиб айтганда, «Янги Ўзбекистон» – бу мамлакатни янгилаш ва ислоҳ этиш концепциясидир. Бунда иқтисодий тараққиётни таъминлаш, демократлаштириш ва фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганида – Ўзбекистон ва Марказий Осиёда вазият қандай эди?
Ўзбекистоннинг янги Президентига қандай мерос қолди?
Янги раҳбарнинг ички ва ташқи сиёсатга доир илк қадамлари қандай бўлди?
Ўтган саккиз йиллик сиёсати туфайли Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қандай натижаларга эришди?
Қудратилла Рафиқов шу каби тақдируламал саволларга жавоб берар экан, тарихий-қиёсий услубга мурожаат қилган ҳолда, Янги Ўзбекистонни ички ва ташқи дунёга танитган ўзига хос бир қатор ютуқларни эътироф этгани жуда муҳим. Асосийси, ўзбек сиёсатшуноси хорижий журналистнинг «Янги Ўзбекистон» атамаси қаердан пайдо бўлди, деган мазмундаги саволига шундай жавоб қилган:
«Дарҳақиқат, бунга ҳам маънавий, ҳам сиёсий нуқтаи назардан эҳтиёж бор эди. Чунки одамлар ҳам, давлат ҳам энди бу йўсин яшаб бўлмаслигини теран англаётганди. Янги Ўзбекистон сифатловчиси эса шу йўлда сафарбарлик ёки истиқболдаги янгиланишларга даъват – ишорадек кун тартибига чиқди».
Қудратилла Рафиқовнинг сиёсий публицистикаси ҳақида икки оғиз сўз
Ростини айтсам, шу вақтгача бундай таъсирчан, қамровдор ва ҳаққоний интервьюни ўқимаган эдим. Суҳбатда таниқли сиёсатшунос, сенатор, жамоат арбоби – Қудратилла Рафиқовнинг юксак сиёсий салоҳияти, хусусан, Янги Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилиши соҳаси билан боғлиқ ўзгаришлардан тўла хабардорлиги яққол намоён бўлган.
Бу бежиз эмас. Чунки Қудратилла ака сўнгги 8 йилда Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси, МДҲ макони ва бутун жаҳон саҳнида юз бераётган энг муҳим воқеа-ҳодисалардан нафақат хабардор бўлиб, айни вақтда ана шу воқеликларга ўз муносабатини билдириб келмоқда.
Муҳими, ҳассос ўзбек сиёсатшуноси таъбири билан айтганда, ушбу изчил ва кўламдор янгиланишлар асносида Инсон ва Қадр, Истиқлол ва Ватан каби ўзак тушунчаларнинг асл моҳиятини қайтадан англадик. Янада муҳими, «Янги Ўзбекистон», «Учинчи Ренессанс», «Халқпарвар давлат», «Адолатли жамият» деган истилоҳлар нафақат онг-шууримиздан, балки ҳаётимиздан чуқур жой ола бошлади.
Бунинг тасдиғи сифатида, аввало, Қудратилла Рафиқовнинг қаламига мансуб «Илк ва сўнгги сўзимиз: Ватан», «Ватан ва Миллат қайғуси», «Менинг Президентим!» номли китобларни тилга олиш ўринли, деб ҳисоблайман. Камина ушбу китоблар таҳлили ва талқинига бағишланган «Янги Ўзбекистон симфонияси» рисоласини чоп эттирган бўлиб, айни нашрнинг дастлабки саҳифаларида мана бундай сатрлар қайд этилган:
«Миллат Сардори илгари сурган ушбу янги ҳамда миллатимиз, халқимиз ва Ватанимиз истиқболига бевосита дахлдор тушунчаларнинг амалий моҳиятини очиб беришда юртимиз ишчи-хизматчилари – меҳнатда эришаётган самаралари, муаллимлар – сифатли сабоқлари, олимлар – илмий натижалари, шоиру ёзувчилар – ёниқ асарлари, сиёсатчилар – даъваткор ғоялари билан салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.
Бу қизғин жараёнда таниқли сиёсатшунос, давлат ва жамоат арбоби, сенатор, қисқача айтганда, миллатни улғайтираётган бедор инсонлардан бири Қудратилла Рафиқовнинг амалий ва публицистик фаолияти алоҳида эътиборга сазовор».
Кейинги даврда Қудратилла аканинг сиёсий ижод билан боғлиқ фаолиятида янги марралар забт этилди. Бу ўринда ўзбек сиёсатшуносининг 2023 йилда нашрдан чиққан «Миллатпарвар» номли навбатдаги китоби ҳақида сўз бормоқда. Ушбу китобларнинг айримлари ҳатто хорижий мамлакатлар тилларида, масалан, Бокуда озар тилида ҳам нашр этилди.
Бу китоблар туркуми, таъбир жоиз бўлса, муаллифнинг маънавият жамланган олтин сандиқлари нафақат миллатимиз зиё аҳли, балки жаҳон афкор оммасининг ҳам эътиборига тушганлиги бежиз эмас. Чунки сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг китобларида кейинги саккиз йил давомида бутун дунё бемисл қизиқиш ва ҳавас билан кузатаётган Янги Ўзбекистондаги юксалиш одимлари ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга, миллатимизга кўрсатаётган мислсиз меҳрибонликлари ва ғамхўрликлари, энг муҳими, ишончли Лидерлик салоҳияти ҳаётий далиллар ва аниқ мисоллар асосида талқин этилган.
Энг муҳими, Қудратилла Рафиқов ўз нуқтаи назарини китоб ва газеталардаги ҳаммага маълум ҳамда бир қадар расмий ахборотларга таяниб эмас, балки яқин ва узоқ ўтмишни теран таҳлил этиш асносида баён қилади. Тарихий жараёнларга очиқ кўз билан қараб, илмий-публицистик нуқтаи назардан тийрак ёндашади.
Қудратилла Рафиқов сиёсий публицистикасининг ўзига хос хусусияти шундаки, аввало, у тушунарли ва содда тилда ёзади. Шу билан бирга, илмийлик, тарихийлик, кучли мантиқий асосланганлик, мавзуга оид тарихий ва илмий манбалардан хабардорлик фазилатлари ҳам Қудратилла аканинг ижодий услубига «узукка кўздек» ярашиқли жиҳатлардир.
Акмал САИДОВ,
академик
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0