Бепардалик фазилат эмас
Ҳар бир одам муайян бир этносга мансуб бўлиб дунёга келади. Очунда икки мингдан зиёд миллату элат бор, дейишади. Замон ва макон шарт-шароитидан келиб чиқиб, юзлаб, балки минглаб йиллар мобайнида ҳар бир этноснинг ўзига хос яшаш тарзи, тутумлари, қадриятлар тизими шаклланган. Бу ранг-баранг ўзига хосликсиз дунё зерикарли бўлиб қоларди. Бу ўзига хосликни тан олмаслик асрлар давомида қарор топган табиий қонуниятларни инкор қилишдир.
Бепардалик фазилат эмас
Башариятда ўртоқ жиҳатлар жуда кўп, аммо фақат ўзига хосликкина ҳар бир улуснинг ўзлигини таъминлайди. Акс ҳолда, бани одам умуминсоний миқёсдаги қиёфасиз оломонга айланган бўларди. Бу ўзига хослик шу даражадаки, бир миллат учун эзгулик ёки гўзаллик ифодаси ҳисобланган нарса-ҳодиса иккинчи бир миллат назарида хунуклик тимсоли бўлиши мумкин. Чунончи, ўзбеклар учун гўзаллик рамзи бўлмиш ой руслар назарида лоқайдлик, бефарқлик; испанларга кўра ўлим белгисидир. Голландлар энг сулув ва назокатли қизларни сигирга ўхшатишар экан. Бизда эса бу қиёсга энг бесўнақай ва тарбиясиз қизлар лойиқ кўрилади. Ҳомернинг «Одиссея»сида Зевснинг гўзал қизи Афина уккикўз санам дея тасвирланади. Бизда эса уккикўзли киши энг ёқимсиз одам саналади. Ҳақиқат бўлса-да, ҳар гапни айтавериш ўзбекда андишасизлик дея қабул этилса, кунботишликлар буни ҳақгўйлик санайди.
«Қизил ва қора», «Бовари хоним» асарларидаги де Ренал хоним ва Эмма Бовари образлари кунботишликлар учун инсон ҳурлиги ҳамда эркин муҳаббат тимсоли саналса, мусулмон ўқирманларнинг кўпчилигида бу аёллар тўқликка шўхлик қилаётган бузуқ кимсалар сифатида таассурот қолдиради. Айни вақтда, «Ўткан кунлар» романидаги Кумуш билан Зайнабнинг кундошлиги можаролари тасвири кунботишликларга ёввойилик бўлиб кўриниши, «Одам бўлиш қийин» асаридаги иффатидан айрилган Гулчеҳранинг ўзини ўлдириши кунботиш ўқувчиларига мутлақо тушунарсиз туюлади. Демак, дунёдаги ҳар бир миллат умуминсониятнинг бир қисми эканидан ташқари, асосан ўзининг қарашлар тизими билан яшайдиган ижтимоий яратиқ ҳамдир.
Моҳиятан умумий қиёфа яратиш сифатида намоён бўлаётган глобаллашув ҳодисаси айнан мана шу бетакрорликка – турли халқлар ва миллатларнинг бошқалардан фарқли жиҳатларини йўқотишга ҳам сабаб бўляпти. Аслида, ўзгачаликка интилиш, бошқаларни такрорламасликка уриниш – ҳар бир инсон табиатида бор. Эл-улус ҳам айни шу қайтарилмас ўзлиги билан қимматли. Айрим глобаллашув тарафдорлари шахсий бетакрорликни ёқлаганлари ҳолда миллий ўзига хосликни рад этишга уринмоқдалар. Натижада, учқур иборада айтилганидек, тоғорадаги кир сувга қўшиб чақалоқни ҳам ўрага итқитмоқдалар...
Кейинги вақтда ўзбек жамиятининг виртуал аудиториясида кўп муҳокамага сабаб бўлган, қарама-қарши фикрларни ўртага чиқарган бир мавзу бу миллат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишини ўйга толдиради. Гап ўзбек қизларининг бокиралигига муносабат ҳақида кетяпти. Замонавий одам шахсий қарашга эга бўлиши керак деган тамойилни асос қилиб олган айрим йигит-қизлар мустақил фикрлашни анархистик чақириқ билан адаштириб юбораётганга ўхшайди. Йўқса, улар ўзлари дастуриламал қилиб олган Кунботиш демократиясида ҳам «ҳар бир кишининг ҳуқуқи ўзгалар ҳуқуқи бошланган жойда тугайди» тарзидаги тамойил борлигини унутмаган бўлишарди. Йўқса, улар ўзбек қизи учун минг йиллар давомида ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланиб келган ор-номус белгиси бўлган бокираликни «юк» деб билмаган, «ўзбек қизлари бу юкни кўтаришдан чарчади» деб, миллат қизлари номидан хулоса чиқармаган бўларди.
Аслида, ўзбек миллатининг ўзига хос жиҳатларидан камчилик излаш, миллий қадриятларимизни «замондан ортда қолиш белгиси» сифатида талқин қилиш бугун пайдо бўлгани йўқ. Шўро (совет) замонида ҳам «ўта ҳушёр» коммунистлар ўғил болаларни суннат қилиш, дунёдан ўтган одамларга жаноза ўқиш каби амалиётларга «эскилик сарқити» сифатида қараганлари ҳали унут бўлган эмас. Ундан кейин ҳам вақти-вақти билан «ўзбекка замонавий яшашни ўргатувчилар» чиқиб турди. Фақат бугунги куннинг қиз болага «бокиралик оғир юк» деб айтаётган «ультра замонавий»- ларнинг на бирор ижтимоий тузум қатламига алоқаси йўқлиги одамни ўйлантиради. Бироқ уларнинг бу иддаолари ёшларнинг тасодифан ўртага ташланган шунчаки калта ўйлигига ҳам ўхшамайди...
Ўзбек учун ор-номус – одамнинг тириклигидан устунроқ тургувчи қадрият. Миллатнинг бугунги реал ҳаётида ҳам, узоқ тарихида ҳам, оғзаки-ю ёзма адабиётида ҳам бу ҳол яққол кўриниб туради. Шунинг учун ҳам бир дунё камситишу хўрликларга чидаши мумкин бўлган сабрли ўзбек ору номусига тажовуз бўлганда ҳеч қачон чидамаган ва уни ҳимоялашни ўзининг одамийлик бурчи деб билади. Ўзбек учун қиз ор тимсоли саналади. Унга қай тарздадир дахл қилиш – ор-номусга дахл қилиш билан баробар деб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Кунботишда одатий бўлган бегонанинг аёли ё қизи билан рақсга тушиш, саёҳатга чиқиш каби амаллар ўзбек ҳаётидан ўрин тополмайди. Ўзбек эркаги қизи ё аёлининг маҳрам бўлмаган кимдир биров билан бўлиши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмайди ва бунга йўл ҳам қўймайди.
Таъкидлаш керакки, бу ҳол ўзбек эркагининг қараши торлиги ёки аёллар ҳуқуқини топташга интилаётганидан эмас. Балки бунга қимматбаҳо ва дахлсиз яратиққа бегона билан муносабатнинг чегарасини тайин қилиш зарурияти сабаб бўлади. Муқаддас яратиқлар ҳамиша асровга муҳтож. Асровларнинг борлиги уларнинг муқаддаслигини сақлайди. Акс ҳолда, табаррук яратиқ оёқ остида қолади. Кунботиш дунёси бугун байроқ қилаётган «менинг танам – менинг ҳуқуқим» йўсинидаги эгасизлик тамойили ўзбекда ана шу ҳуқуқнинг чинакам дахлсизлигини асраш йўсинида намоён бўлади.
Таассуфки, интернетнинг ўзбек сегментида, ўз назарларида гўё «хотин-қизлар ҳуқуқи учун курашаётган», «ўзбек аёлларини эскилик исканжасидан» қутқармоқчи бўлаётган Муҳаббат Мамирова, Бахтиёр Алимжонов, О.Умаров сингари кимсалар ўзбек аёлининггина эмас, балки барча миллат аҳлининг ҳаётидаги мана шу дахлсиз, муҳокама қилиш ҳам мумкин бўлмаган қадриятга тажовуз қилишди. Энг ғазаблантирарлиси, бу кимсалар ўзларининг жирканч хоҳиш-истакларини кўпчилик замонавий ўзбек ёшларига хуш келадиган қарашлар тарзида тиқиштиришмоқдалар.
Ишонамизки, нафақат бизда, балки дунёдаги барча улуслар ҳаётида ҳам муҳокама қилиш у ёқда турсин, тилга олиш гуноҳ саналадиган қадриятлар мавжуд. Башарият ўзининг муқаддас қадриятларини табу қўйиш орқали асрлар мобайнида дахлсиз сақлаб келган. Қарангки, ҳамиша андишали экани сабаб турмуш ўртоғини «эрим» дейишдан ийманадиган ўзбек қизи аёлчалишроқ кўринса-да, бир бегона эркак билан қиз боланинг бокиралиги керакми-йўқми, деган мавзуда бемалол суҳбатлашиб ўтирибди. Миллат ҳаёти тарзига ўзининг «баланд илмий юксаклигидан» қараган Муҳаббат Мамирова деган нусха: «Таҳлил қилганимда, аёллар биқиқ, бўғиқ фикрлашдан, муҳитдан, жамиятнинг уларга нисбатан қўяётган талабларидан чарчаб кетган. Бокиралик ҳам худди шундай. Яъни жамият аёлга «Сен бокира бўлгин, сен турмушга чиқишдан олдин ўзингни асрагин бошқалар учун», деган фикр бор-да. Яъни шахснинг – қиз боланинг ўзини инсон сифатида ҳурмат қилинишини кўрмаяпмиз», – дейди. Одам айтишга ҳам истиҳола қилади, лекин айтмасликнинг иложи-да йўқ: чамаси, у ўзи асрай олмаган нарсанинг бошқаларда ҳам бўлмаслигини истаётгандай. Қиз боланинг бокиралиги муҳокама қилинадиган, бозорга солинадиган қадрият эмас. Бу ҳақда сўзлашдан озгина виждони бор ўзбек эркаги ҳам уялади. Аёл кишининг, айниқса, ёш қизнинг йигитбашара кимса билан бу ҳақда бемалол суҳбат қилиши мумкинлигини соғлом ақл қабул қила олмайди. Онанг, опанг, синглинг ёки қизингга тегишли энг яширин ва табаррук нарса ҳақида ижтимоий тармоққа чиқиб, яна эркак киши билан сўзлашиш учун аёл қанчалар ахлоқан тубан бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиб бўлмайди.
Ҳаёт шуни кўрсатадики, миллий-ахлоқий мезонлар асосида ота ўз ўрнини, она ўз ўрнини, фарзандлар ўз ўрнини яхши билган ўтбоши (оила)да ўсган қиз иффатини сақлаш кераклигини табиий деб билади. Бироқ бу оддий ҳаёт мантиғини тушунмаган ёки тушунса-да, ўзларининг таъбири билан айтганда, ўзбек хотин-қизларига бермоқчи бўлаётган «методичка»ларига мос тушмагани учун тан олгиси келмаётган Муҳаббатлар бокираликни «юк» деб биладилар ва бошқаларга ҳам шундай кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Чунки уларнинг назарича: «бокиралик биров учун асралади, замонавий инсон эса биров учун эмас, ўзи учун яшайди, демак, бокиралик юкидан қутулиш керак». Нега замонавий инсон фақат ўзи учун яшаши керак? Ким, қачон буни қонунлаштирди?
Муҳаббат аталмиш «замонавий халоскор» қиз: «Қизларимиз бу юкни кўтаришдан чарчади. Бунинг юки жудаям оғир ва биз бу юкни кўтаришни истамаганимиз учун бу фикрларимизни очиқ айтишга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, қизларимиз бокираликни ўзининг хоҳиши билан эмас, яъни бошқа одамлар томонидан йўқотилган бўлса ҳам улар ўзларини айбдор ҳис қилмаслигини хоҳлардим». Қаранг, андишасизлик одамни қандай кўчаларга киритиши мумкин экан! Момолари тилга олиш тугул, бу ҳақда ўйлашга ҳам тортинадиган ўзбекнинг қизи феминизациянинг қандай тубан юксаклигига етиб келган.
М.Мамированинг суҳбатдоши Бахтиёр Алимжонов эса бокираликни замонавийликка терс ҳолат, деб ҳисоблайди. Унинг қарашича, қатор тилларни биладиган, чет элда ўқиган, сўнгги русумда кийинган бўлса-да, бокира қизни замонавий деб бўлмайди: «Вестминстерларда ўқиган бўлиши мумкин, чет элларда ўқиб келган қизларни танийман. Кийими ҳам, ҳамма нарса, русча гаплашади, ҳамма нарса зўр-да, но «я девственница, я хранила». Мен ишонмайман бир хилларида, просто ишонмайман. Или мани лох қивотти дейман или...». Аввало, ўзини ўзбек учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган мавзуда фикр юритиб, йўл кўрсатишга ҳақли деб билган нусханинг ўйлаш ва сўйлаш йўсинининг тубанлигига қаранг. Унинг назарида, русча гаплашиш ва зўр кийиниш замонавийликни билдиради. Одам ўзининг даражаю ҳолини билмаса, қийин экан-да?..
Сал ўтиб, у замонавий одамда маънавият бор эканидан ҳайрон қолганини айтади. Маънавиятни эскилик сарқити ҳисоблайдиган бу кимсанинг даъвосига кўра, 2024 йилда яшаётган ўзбек ёшлари ўзини ҳеч нарсадан чекламаслиги керак: «2024 йилда яшавоммиз, ўзбек ёшларини кўрвомман, ҳалиям анақа, чекланганлик, скованность дейди-ку, чекланганлик. Ман ҳайрон қовомман, бизани жамиятимиз бор-ку, ўша сиз айтаётган тарбия, эски, мана бу маънавият бор-ку, ҳайрон қовомман... шу қизда – минг ўзини замонавий ҳис қилган қизда ҳам маънавият бор экан, дейман. Шунчалик қон-қонига кириб кетибди-да, Каримов даври – ўттиз йилда. Ман ҳайрон қовомман, қанақа қилиб сақланвотти шу нарса?.. Чеклаб ўтиб кетолмайди девомман». Ўзини истаган масалада фикр юритиб, йўл кўрсата оладиган олим ҳисобловчи бу атласли кимса миллий маънавиятни Каримов истагининг маҳсули деб билади. Шу тил, шу савия билан у қандайдир олий мактабда кимларгадир нимадандир сабоқ ҳам берса керак.
Юқорида айтилганидай, агар бу фикрлар кимнингдир шахсий мулоҳазаси бўлганида, эътибор беришга ҳам арзимас, гап эгаси ҳам айта-айта чарчар, нари борса, унга таъсир кўрсата олувчи одамлар гап эгасига тўғри тушунтириб қўйишига умид қилиш мумкин эди. Бироқ вазият бундай эмас. Муҳаббат ва бахтиёрларни қўллаб-қувватлаётган, уларни «тушунишга уринаётган кенг фикрли» кимсалар ҳам борлиги жамият аҳлини ўйлантириши керак. Масалан, «Фейсбук» тармоғи фойдаланувчиси О.Умаровнинг қарашича: «Бахтиёр Олимжоновнинг айби – эксцентризмга берилиб, ўз фикрини юмшоқроқ ва оммага тушунарлироқ қилиб етказмагани. Аслида, бу кўпчилик олимларга хос камчилик. Лекин мен Бахтиёр ака нима демоқчи бўлганини яхши тушундим. У киши ичимдагиларни айтди. Вояга етган инсоннинг (у йигит ёки қиз бўладими) жинсий ҳаёти – мутлақ ўзининг шахсий иши. Ота-она, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, чириган «маънавият»у маънавиятшуносларнинг иши эмас. Қонунчилигимизга кўра ҳам шундай». Қарангки, ўта плюрал қараш эгаси бўлган бу тушунарли фикрловчи нусха ҳеч тортиниб ўтирмай, инсоннинг ўзга жонлиқлардан фарқини тайин этадиган маънавият тушунчасини «чириган» ҳисоблайди. Хўп, бокираликни сақлаш-сақламаслик «Ота-она, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, чириган «маънавият»у маънавиятшуносларнинг иши эмас» экан, нега сен бурнингни тиқяпсан бу ишга?
Эътибор қилинса, ота-онаси не бир эзгу умидлар билан ўстирган кимса ўзининг бундай ёндашувига қонундан таянч топмоқчи бўлгани кўринади. Ҳолбуки, қонунда: «...ҳар ким фикрлаш, сўз ҳамда исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Аммо бунда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарт» экани кўрсатиб қўйилган. Яъни ҳуқуқий жиҳатдан киши ўзгаларнинг ахлоқий қарашлари, қадриятлари ва ҳаёт тарзини маъқулламаса ҳам, уларни ҳурмат қилишга мажбур.
Масаланинг эътиборли жиҳатларидан яна бири шуки, айрим халқаро оммавий ахборот воситалари Мамирова, Алимжонов, Умаров кабиларнинг ҳаракатларини «табуларни синдириш» сифатида баҳолаяпти. Бундай «мезон» билан қаралганда, уларни танқид қилувчилар «инсон ҳуқуқларига қарши чиқувчилар, инсон эркини чекловчилар»га айланади.
Яна бир диққатни тортадиган жиҳат шундаки, ушбу мавзуга доир материалларнинг тарқатилиши ва муҳокама қилинишида қандайдир мунтазамлик ва изчиллик борлиги одамни ҳушёр торттиради. Кунботиш жамиятшунослигида «Овертон тирқиши» (инглизча «The Overton window»дан) тушунчаси мавжуд бўлиб, унинг моҳияти муайян жамиятда мутлақо қабул қилинмайдиган қарашларга аста-секинлик билан мойиллик уйғотиш ва уларни легитимлаштиришдан иборат. Бошқача айтганда, миллий, ахлоқий, диний, қонуний ва бошқа мезонларда рад этилувчи масала мақсадли равишда шу қадар кўп ва изчил муҳокама этиладики, охир-оқибатда унга нисбатан жамиятнинг қитиқ-пати ўлади, одамлар аввал-бошда тасаввурга сиғдиролмаган ҳодисалар энди кўз олдида намоён бўлиб турса, одатий воқеа ўлароқ қабул қилинадиган бўлиб қолади.
Хўш, Муҳаббат, Бахтиёр сингариларнинг миллий-ахлоқий қадриятларни ўринли-ўринсиз муҳокама қилиши, «ҳеч ким эътибор қаратмаган жиҳат» баҳонаси билан тилга олишга ё тасаввур қилишга ҳам киши ийманадиган масалаларни омма эътиборига олиб чиқавериши ана шу «тирқиш»дан фойдаланилаётганга ўхшамайдими? Қолаверса, оммавий муҳокама мақсадли эканини уларнинг ўзлари ҳам очиқ тан олади. «Ўйлайманки, қизларимиз, аёлларимиз қанчалик шу юк оғир эканини айтолса, буни муҳокама қилолса, биз бу фикрларни янаям кўпроқ одамларга етиб боришига ҳаракат қилсак, ўйлайманки, ўзгаришлар бўлади. Чунки жамиятни аёллар ўзгартиради. Аёллар ўзини ўзи англаши керак», – дейди Муҳаббат Мамирова халқаро оммавий ахборот воситасидаги суҳбатида.
Тўғриси, биз ҳам бу қарашларимиз билан, маълум даражада, «Овертон тирқиши»нинг кенгайишига хизмат қилаётгандирмиз. Бироқ гапирмасанг тил куядиган вазиятда жим туришу лоқайд бўлишнинг имкони йўқ-да. Чунки довга миллатнинг ўзига хослиги, ори тикилган, халқнинг эртаси бўлган ёшлари ҳаёти қўйилган. Борди-ю бугун бепарволик қилинса, эртанги аттангдан фойда чиқмайди.
Нуқтадан сўнг: Японияда истиқомат қиладиган ўзбек йигити Баҳодир Искандаров ижтимоий тармоқ орқали бир хабар тарқатди. Унинг ёзишича, ўзи ва иккита япон ҳамкасби шифохонага тушиб қолади. Шунда Баҳодирнинг оиласи ва юртдошлари ҳол-аҳволидан тўхтовсиз хабардор бўлиб туришади. Айниқса, аёли бошида гирдикапалак бўлади. Буни кўрган япон ҳамкасблари ҳайратда қолишади. Чунки уларни оиласи ҳам, бошқа танишлари ҳам йўқлаб келмайди, жуда ҳам банд эканликларини рўкач қилишади ва буни ўзлари ҳам тўғри тушунишади. Японлардан бири Баҳодирга қарата: «Сизларга маза экан. Стрессдан осон чиқар экансизлар. Дардларингни Худога айтасизлар, яқинларингиз ҳам меҳрибон... Бизга эса қийин. Синов келса, ниҳоятда қийналамиз. Шунинг учун бизда «жисатсу» (ўз жонига қасд қилиш) кўп», – дейди...
Биздаги «эркин фикрловчилар» эса миллат қадриятига чанг солмоқдалар. Огоҳ бўлайлик!
Қозоқбой ЙЎЛДОШ,
Отабек МУҲАММАДИЙ
Mақолага баҳо беринг