Истеъмолга яроқлилиги шубҳа остидаги ноз-неъматлар Уларнинг сифати бугун талабга жавоб беряптими?
Бозордан ёки дўкондан бирон бир маҳсулотни харид қилар эканмиз, унинг сифатига, ишлаб чиқарилган муддатига аҳамият қаратамиз. Сотувчидан бу ҳақда сўраймиз. Табиийки, ҳеч бир сотувчи мижозларга ўз маҳсулотини ёмонламайди. Аксинча, оғиз тўлдириб мақтайди.
Хўш, ҳақиқатан ҳам бозор расталари ёки дўкон пештоқларида сотилаётган маҳсулотлар сифатлими?
Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида Ishonch.uz сайти мухбири бозор айланди.
«Қаерга қўйганимни билмайман»
Аслида бозордаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати юз фоиз кафолатланган бўлиши керак. Деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза (ВСЭ) лабораториялари орқали бозорда сотилаётган маҳсулотларнинг ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган нормаларга мувофиқлиги текширилиши ва ижобий хулосага эга бўлган маҳсулотлар сотилиши лозим.
Бу борадаги ишларни ўрганиш мақсадида Дўстлик тумани марказида жойлашган деҳқон бозорида бўлдик. Тадбиркорлар маҳсулотни сотишга рухсат берувчи лаборатория хулосаларини тақдим эта олишди. Лаборатория хонаси ва иш жараёни билан танишдик. Мутахассис маҳсулотлар сифати ва таркибини аниқлаш учун текширувларни ўз вақтида ўтказишини маълум қилди.
Пахтакор туманидаги «EKO BOZOR»да юқорида ҳолатнинг аксини кўрдик. Биз суҳбатлашган айрим тадбиркорлар маҳсулоти ҳақидаги кунлик текширув натижаларини кўрсата олишмади. Баъзи «уддабурон»лар эса санани ўзгартириб қўйишга ҳам улгуришибди.
– Бозорда кунига тирикчилик учун бир-икки яшик помидор сотаман, – деди ўзини Шаҳодат Холбоева дея таништирган сотувчи аёл. – Лабораториядан келади, «текширишга» деб бир-иккита помидор олади. Қўлимизга қоғозни бериб кетишади.
– Бугун маҳсулотингизнинг истеъмолга яроқлилиги тўғрисида хулоса беришдими?
– Берган эди, қаерга қўйганимни билмайман.
Опа лаборатория хулосасини топиб бера олмади. Хуллас, бутун бозор бўйлаб юрдик, аммо бирорта сотувчидан излаганимизни топа олмадик. Қойил...
Ишламайдиган ускуналар кимга керак?
Шундан сўнг лабораторияга йўл олдик. У ердаги ҳолат, ветеринария-санитария экспертизадан ўтказиш дафтарларининг юритилиши билан танишдик. Бироқ дафтарда шу куни бозорга киритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайд этилмаган. Бирорта маҳсулотни текшириш учун ҳам намуна олинмаган. Уларнинг сифатини лаборатория ходимлари ўз кўзи билан кўриб чиққан эмиш...
– Бу ердаги ускуналаримиз деярли ишламайди, – дейди бозор ветеринария-санитария экспертизаси лаборанти Зиёда Тотлибоева. – Ҳатто реактивларни ишлатиш учун «пипетка» ҳам йўқ. Сут маҳсулотларининг таркибини ўлчайдиган «лактоген» аппарати керак.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, сут ва сут маҳсулотлари махсус ускуна ва реактивлар билан эмас, кўз билан қараш ва таъмини татиб кўриш билан текширилар экан. Ваҳоланки, юқорида номлари айтилган маҳсулотлар тез бузилади. Текширув қониқарли бўлмагандан сўнг маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилиги ҳам шубҳа остида қолмоқда. Гап минглаб инсонларнинг саломатлиги ҳақида кетяпти, ахир.
– Лаборатория жиҳозлари бюджет маблағлари ҳисобидан олиб келинади, – дейди ветеринария-санитария экспертизаси лаборатория мудири вазифасини бажарувчи Ғайбулла Тотлибоев. – Талабнома берганмиз, келиб қолиши керак.
ВСЭ лабораториялари фақатгина бозор ичида сотилаётган маҳсулотлар учун жавоб беради. Бозор дарвозасидан ташқарида сотилаётган мева-чева, сут-қатиқ каби маҳсулотларнинг сифатини текшириши керак бўлган масъул ташкилот эса ҳали йўқ. Бу вазифа бирон ташкилотга топширилгунча, инсонларнинг саломатлигига путур етмаса бўлгани. Кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари савдо дўконлари ёки кўчадаги «ёйма расталар»да сотилади. Ачинарлиси, истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам харид қилаётган маҳсулоти сифати кафолатлангани билан кўпам қизиқишмайди.
Қовун еманг...
Пишиқчилик даврида дастурхондан узилмайдиган полиз маҳсулотларининг таркиби ва сифатини ўрганишга ҳаракат қилдик. Синов учун эса йўл ёқаларида сотилаётган қовун ва тарвузларни танладик.
– Полиз экинларини текширганимизда қовундаги нитрат миқдори 172 мг\кг. чиқди. Аслида қовундаги бу кўрсаткич 90 мг\кг бўлиши керак. Демак, бу маҳсулот истеъмолга яроқсиз, – деди вилоят ветеринария-санитария микробиологияси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лабораторияси бўлим мудири Адҳам Қудратов.
– Энди бу маҳсулотни нима қиласизлар?
– Маҳсулот далолатнома тузилиб, йўқ қилиниши керак. Бироқ бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Туман ветеринария ва чорвачилик бўлими ходимлари бу ишни амалга ошира олади.
Сотувчидан ҳудуднинг «Ветеринария врачини танийсизми?» деб сўраганимизда «Абдураим деган йигит» деган жавобни олдик. Ветврач бир ҳафтада бир сотувчилардан «хабар» олиб турар экан.
– Полиз маҳсулотлари экилган майдонларда ҳам аҳвол шу, – дейди ветеринария-санитария экспертизаси лаборатория мудири Ғайбулла Тотлибоев. – Далаларда ҳам қовундаги нитрат миқдори меъёрдагидан 1-1,5 баробар кўп. Бунга сабаб шуки, деҳқонлар кимёвий ўғитлардан ҳаддан зиёд кўп фойдаланишади.
Маълумот учун: нитрат миқдори қовун таркибида 90, тарвузда эса 60 мг\кг. бўлиши керак. Мутахассисларнинг фикрича, танада ортиқча тўпланган нитратлар ўткир заҳарланиш, тахикардия, ҳазм қилиш органлари саратони ва бошқа касалликларга сабабчи бўлиши мумкин экан.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, зарарланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали келиб чиқадиган хасталикларнинг сони 200 дан ошиқ. Биргина ич кетиш (диарея) касаллиги сабабли дунёда ҳар йили 1 миллион 800 минг киши вафот этаркан. Шундай экан, маҳсулотларни харид қилишда уларнинг сифати ва таркибини тасдиқловчи ҳужжатни сўрасак, талаб қилсак, фойдадан холи бўлмайди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0