Нега барча давлатлар омма қудратидан чўчийди? – Густав Лебоннинг “Омма психологияси” асарига шарҳ
Шахснинг тафаккури, танқидий фикрлаши омма ичида якка ҳолдаги вақтига қараганда заиф бўлади. Омманинг ичида юқумлилик даражаси ўта юқори бўлади.
Онгсизлик
Густав Лебоннинг “Омма психологияси” китоби Зигмунд Фрейд психоанализ назариясини яратган ўша 1890 йилларда ёзилган. У ўз китобида нима сабабдан бир неча одам бир ерга йиғилганда улар синхрон фикрлаши, ўтмишнинг хотиралари яъни онгсизлик холати уларни бошқариши, унинг ахлоқий қарашлари, эътиқоди шаклланиши ва бошқа масалаларга жавоб берган. Бу китобни тушуниш учун Зигмунд Фрейднинг онгсизлик атамаси билан қисқача танишиш лозим. Унинг номланиши ўзбек тилида бир неча хил, лекин мазмуни бир хил: Онгсизлик – онгости – ID!
“Онгсизлик шундай ҳолатки, бунда одам ихтиёрсиз тарзда, ўзи билмасдан ёки англамасдан турли хатти-ҳаракатларни амалга оширади. Бу хатти-ҳаракатлар кундалик ҳаётда, уйқуда, яъни туш кўраётганда ёки гипнотик ҳолатларда кузатилиб туради. Онгсизлик, табиийки, онгга боғлиқ бўлмаган, унинг ихтиёрида бўлмаган ҳолат. З.Фрейд таъбирича, онгдан сиқиб чиқарилган одамнинг табиий инстинктлари онг остида қўним топади. Онгсизлик туғма хусусият бўлиб, инсонларнинг барча хатти-ҳаракатларини белгилаб беради” – З. Ибодуллаев “Асаб ва руҳият” 137 бет.
Инсонларнинг наслдан-наслга ўтувчи хислатлари орқали бутун бир миллатнинг тафаккури шаклланиб боради, бироқ кузатувчилар тасдиқлашича, бир неча инсонлар бир мақсадда тўпланиб, гуруҳларга бирлашса нафақат миллатга хос бўлган, балки маълум миқдорда фарқланиб турадиган янги психологик хусусиятлар шаклланиши ҳам мумкин.
Шахснинг тафаккури, танқидий фикрлаши омма ичида якка ҳолдаги вақтига қараганда заиф бўлади. Омманинг ичида юқумлилик даражаси ўта юқори бўлади. Омманинг ичидан кимдир ножоиз сўзлар айтиб ҳақорат қилса ёки бирор жисмоний ҳаракатга даъват этса бу оммага тез тарқайди ва улар ҳаракатга келиши эҳтимоли юқори. Омма шунинг учун ҳавфлики уларда жавобгарлик ҳисси йўқ. Шунинг учун ҳам қўзғолон ва митинглардан барча давлатлар чўчийди. Бутун омма бир танга айланади. Омманинг қудрати – онгсизликда. Тилдан мураккаброқ ва ғаройиброқ нима бўлиши мумкин? Энг кучли олимлар ҳам тилнинг қонуниятларини ўрганиш билан чекланади, чунки уларнинг ўзи тил ярата олишмайди. Ана шу онгсиз омма тилни яратган. Ҳайратланарли. Шахс ўзининг бир маромдаги ҳаётида асло қилмайдиган ишларини омманинг таъсири ва руҳияти остида бемалол уддалай олади. Бунда ғоя, мафкура йўлида шахс ўзини аямайди. Агар улар маълум вазиятларда ақл ишлатиб, ўз манфаатлари йўлида ҳаракатланганларида эди, сайёрамизда ҳеч қандай цивилизациялар бўлмаслиги ва биз хозир ўқиётган тарих ёзилмаслиги мумкин эди.
Омма ҳиссиётлар орқали бошқарилади
Омма лидердан мантиқ ва асосли гап кутмайди. У эмоционал, иштиёқ уйғотувчи жўшқин нутқ сўзлайдиган тўдабошига итоат этади. Омма раҳнамосидан ўзининг фикрлари, ҳиссиётларига тасдиқ кутади, эътироф этишини кутади. Оммани ҳаракатга келтириш учун нотиқ бирор масалани мантиқ билан, майдалаб тушунтириши шарт эмас. У умумий ва образларга бой, кескин фикр билдирса кифоя. Бир неча йил олдин Буланжизм номи остида ўтган оммавий ҳаракатдан маълум бўлдики, омманинг диний инстинктлари ўзини бошқа шаклда намоён этишга тайёр турар экан. Ўшанда қаҳрамон портрети илинмаган биронта кулба қолмаганди.
Китобдан иқтибослар:
“Аслини олганда, омма жиноят қилишга мойил бўлиши рост, бироқ нега шундай? Жавоби оддий. Ибтидоий даврлардаги аждодларимиз қолдирган инстинктлар бизда яширин сақланади (юқоридаги расмга, ИДга қаранг:). Бу инстинктлар яширин бўлиб, ёввойи хусусиятга эга”.
“Оммага қандай ғоя таъсир ўтказмасин, омма бу ғояни мутлақ ва ўзгармас, деб билмас экан, бу ғоя самарали натижа бермайди. Самарадор ғоялар оммага маълум образларда намоён бўлади, мафкурани оммага бошқа шаклда тадбиқ этиш иложсиз”.
“Маълум бир ғоя халққа тўла сингдирилиши учун кўп ўзгаришларни бошидан кечиради. Ғоя халқнинг онгсизлик ҳолатигача кириб бориши ва натижада унинг ҳиссиётларининг бир қисмига айланиши лозим. Бу эса жуда кўп вақт талаб қилади. Ғоя халққа сингиши учун қанча кўп вақт керак бўлса, унинг унутилиши ҳам шунча чўзилади”.
“Маълум бир ғоя муҳокама остига қўйилган онда, унинг аҳамияти сусайгани ва у емирилиб бораётгани маълум бўлади. Хар қандай ғоя ўйлаб топилгани сабаб уни муҳокамага қўйиш жуда хавфли”.
“Оммага таъсир этишда энг муҳим нарса такрорлашдир”.
Наполеон
Лебон Француз инқилобига сабаб бўлган фалсафий ғоялар бир аср давомида халқининг зеҳниятида пишиб келганини ёзади. Давомида шундай дейди: “Бутун бошли миллатнинг ижтимоий тенглик, эркинлик ва бошқа хуқуқларини таъминлашга бўлган барча қиролликларни заифлаштирди ва бутун ғарб дунёсига катта таъсир ўтказди.
Мавзуни кенгроқ очишга яна бир иқтибос: “Ғоя ҳалққа сингиши учун қанча кўп вақт керак бўлса, унинг унутилиши ҳам шунчалик кўп вақт талаб қилади”.
Ғоянгизни ўзингиз ҳимоя қилишингиз керак, у сиздан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Эркинлик ва ҳурфикрли жамият ташкил қилиш ғоясина тарғиботчиларнинг ўзи ишонмаса ва енгилса, бу бошқалар учун айни маддаодир. Биз неча асрлардан бери бошқа юртлар ҳамласига учраб келганмиз. Мустамлакачилар ҳеч қачон бошқа юртни фаровонлиги учун ҳаракат қилмайди, шундан бизнинг “демократия, эркин фикр, адолат” ҳақида эшитганимиз онимиздаёқ таслим бўла қоламиз. Бу бизнинг зеҳниятимиз учун аксиомага айланиб бўлган. Биз шуни енгишимиз керак. Ўз шууримиз, онгимиз, зеҳниятимизда ўзгариш қилишимиз керак. Ҳеч бўлмаганда “бу одамни аниқ тепага чақиришади” каби гаплардан тийилишимиз керак. Аста-секинлик билан ўзгариш бўлади. Шунингдек, Густав Лебоннинг китобида француз хукумати ўз таълим тизими орқали ўзига нисбатан норози ва исёнкор шахсларни етиштиргани, фуқарога эркинлик яратиши керак бўлган қонунлар қандай қилиб тескари вазифада ишлаши, қонунларни ишлаб чиқувчилар ким бўлиши кераклиги ҳақида батафсил ёзилган.
Улуғбек РАМАЗОНОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0