Нега бозорда тарвуз кескин арзонлади? – Мутахассис бир қатор сабабларни келтирмоқда
Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги тарвуз бозори ҳозирда жиддий муаммоларга дуч келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто вазият шу даражадаки, деҳқон тарвуз пишгунга қадар қанча меҳнати синган бўлишига қарамасдан тарвузлар полизнинг ўзида қолдирилмоқда.
Бугун тарвузнинг улгуржи бозоридаги нархи ҳатто килограмми минг сўм ҳам эмас. Нархлар рекорд даражада пасайган. ishonch.uz сайти агроблогер, боғбон Ихтиёр Ниёзовга бир неча саволлар билан юзланди.
– Тарвуз фақат Ўзбекистонда арзон эмас. Бу муаммо марказий Осиёда ҳам ҳатто Украинада ҳам кузатилмоқда. Аслини олганда, бизда фақатгина тарвуз арзон эмас. Пиёз ва шафтоли ҳам кутилганидан паст нархда сотилмоқда. Пиёз далаларида вазият ҳам айнан тарвузники билан бир хил кечган эди. Ачинарлиси, деҳқонлар шу йил пиёзни текинга тарқатди. Шафтоли бозорда бироз ўртача нархда, аммо боғбонлар энг экспортбоп шафтоли ва нектарларни 3-4 минг сўмдан улгуржи сотишга мажбур бўлишмоқда. Ўзи ҳар қандай маҳсулотнинг йиғим даврида нархи бироз пасаяди. Аммо бу йилги тарвуз нархи рекорд даражада паст. Бунга сабаблар кўп. Масалан пишиқчилик мавсуми. Бу йил иқлим қишлоқ хўжалиги учун қулай келди. Деярли ҳар қандай экиндан яхши натижа олинди. Билишимча экспортга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, бироқ Ўзбекистоннинг асосий бозори Россияда ҳам нархлар жуда арзон. Европа давлатларига экспорт қилиш ҳам абсурд айни дамда. Чунки Кавказ давлатлари ва Украина Европани тарвуз билан таъминлаб турибди. Уларда логистикада қийинчилик йўқ. Яъни масофа қисқалиги учун йўл ҳаражатлари кам.
Яна бир энг асосий сабабларидан бири Марказий Осиё қишлоқ хўжалигида прогнозлаштириш тўғри йўлга қўйилмагани. Қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳар бир давлатда, нархлар ўзгариши тенденцияларини прогнозлаш масаласига жиддий қаралади. Нархларни башорат қилиш бу. Келажакда мумкин бўлган нархларни ўзгариши ҳақида илмий асосланган хулосаларни ишлаб чиқиш дегани. Дунёда 150 та прогнозлар усуллари бор бўлиб, амалда 20-25 та усул қўлланилади. Ўзбекистонда айнан қайси усуллар қўлланилиши менга қоронғу.
Нарх талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланади. Ҳозир тарвузга талаб кам. Демак керагидан ортиқча тарвуз экилган. Прогнозлашган қишлоқ хўжалигида бундай муаммолар кам учрайди. Шу сабабдан қишлоқ хўжалиги илмга муҳтож.
Деҳқонлар тарвузни хорижга экспорт қилишда божхонада қийинчиликларга дуч келмаяптими дея Давлат божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриевга мурожаат қилдик.
– Тарвуз экспортида алоҳида чеклов ёки маъмурий тўсиқлар мавжуд эмас. Айниқса, чегара-божхона постларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган юк автотранспорт воситаларини навбатсиз чиқариб юбориш амалиёти йўлга қўйилган.
Бундан ташқари жисмоний шахслар 40 кг.гача оғирликдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бемалол қўшни давлатларга олиб чиқишларига рухсат этилган.
Мавзу юзасидан изланишимиз давом этади…
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
1