Зарапетян кўчаси: У миллат қаҳрамоними?
Кейинги пайтларда ўзбек тили ва миллатимиз, қадриятларимиз, мамлакатимизнинг тарихи ва бугунги қудрати ҳақида кўп гапирилмоқда. Бизнинг тарихимизга, тилимизга шубҳа билан қарайдиганлар афсуски тез-тез учраб турибди. Хўш, бу тошлар нега айнан бизга отиляпти?
Аслида бу камситишларнинг туб илдизлари нималарга бориб тақалган? Ўйлашимча, мардларча тан олишимиз зарурки бу борада ўзимизда ҳам анча айб, камчилик бор. Тўғриси, ўзлигимизга бироз бефарқмиз. Тилимиз тўғрисидаги қонунга, дунёнинг кўзини очадиган, кўпчиликнинг ҳавасини келтирадиган қадриятларимизга тўлалигича амал қилмаяпмиз. Кинода айтилганидек, хўрозқанд хорижники деса ҳали ҳам ётиб олиб ялайдиганларимиз бор. Буни тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг, бизнес вакилларининг хусусий корхоналарига ном танлашидан, кўчаларимизга бундан 40-50 йил олдин қўйилган номлар ҳамон миллийлашмаганидан билса бўлади.
Яқинда Навоий шаҳрининг жанубида аниқроғи, “Зарафшон” маҳалласида “Зарапетян” дея номланган кўчага кириб қолдим. Роса ўйладим, нима учун Зарапетян? У аслида ким? Бу саволларга жавобни интернетдан топдим. 1914 йилнинг 25 февралида Арманистонда туғилган Зарапетян Зураб Петрович қурувчи бўлган экан. 1958 йилдан 1971 йилга қадар Навоий кон-металлургия комбинатига директорлик қилган. Номуносиб хулқи, ишчи-ходимларга, комбинат фаолиятига нисбатан ножоиз ҳатти-ҳаракатлари учун 1971 йилда кончилар унинг устидан Москвага, собиқ КПСС (Коммунистик партия марказий комитети) га шикоят қилишган. Унинг қилмиши СССР прокуратурасида кўриб чиқилган. Натижада Зарапетян инсультга учраган ва ишдан олинган. Бор йўғи шу. Ичимдагини айтаман, Зарапетяннинг номи Навоий шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига эски тузумни эслатиб турибди. Бу номни ўзгартириш, шўро тизими сарқитларидан воз кечиш шаҳар ҳокимияти раҳбарларини ҳамда бошқа мутасаддиларни зиғирча ўйлатаётгани йўқ. Бас шундай экан, миллат шаъни, қадр-қиммати, ўзликни англаш каби фазилатлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Улар фақат қоғозларда, компьютерлар хотираларида қолиб, радио ва телевизорда айтилмоқда холос.
Зарапеятяннинг номи ҳалигача сақланиб турганлигидан таажжубланиб шу кўча атрофини эринмасдан айландим, суратларга олдим.