Туркий олам XXI аср стратегиясини шакллантирмоқда ТДТнинг норасмий саммитидан кейинги мулоҳазалар
21 май куни Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтган норасмий саммит Туркий давлатлар ташкилотининг кенг кўламли фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Декларатив учрашувлардан тўлиқ сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик форматигача бўлган узоқ йўлни босиб ўтган ушбу ташкилот бугун Евроосиё ҳамкорлик архитектурасида муносиб ўрин эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Турли саммитлар, юқори даражадаги учрашувлар, Туркий инвестиция жамғармасини ташкил этиш каби муҳим ташаббуслар келгусида глобал саҳнада рақобат қила оладиган иттифоқ пойдеворини мустаҳкамлайдиган дастлабки қадамлардир.
Бу жараёнда Ўзбекистон нафақат демографик нуфуси ва географик жойлашуви, балки Туркий давлатлар ташкилоти ғояларини аниқ сиёсий, иқтисодий ва маданий йўналишлардаги амалий ишларга айлантираётган давлат сифатида ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Шубҳасиз, бунда бугунги кун турк оламининг долзарб масалаларини шакллантираётган асосий меъморлардан бири – давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш зарур.
Туркий давлатлар ташкилоти тарихини шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич – 1992 йилдан (Анқарада ўтказилган биринчи туркий тилли давлатлар саммитидан) то 2009-2010 йилларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши тузилгунгача бўлган давр. Иккинчи босқич – 2011-2021 йиллардаги институционаллашув босқичи бўлиб, унда аниқ қўшма дастурларни амалга ошириш жараёни бошланган. Учинчи босқич эса 2021 йилда Турк кенгашининг Туркий давлатлар ташкилоти деб қайта номланиши билан боғлиқ. Бу ўзгариш ташкилотнинг геосиёсий ва геоиқтисодий нуқтаи назардан янада расмий, узоқ муддатли йўналишга ўтишини англатади.
ТДТга 2019 йили қўшилган Ўзбекистон жуда қисқа фурсат ичида иқтисодий ва маданий ташаббусларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди. 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган саммит ва айниқса, куни кеча Будапештда бўлиб ўтган норасмий саммит Туркий давлатлар ташкилотида катта мақсадлар сари йўналтирилган трансформация жараёнлари юз бераётганини кўрсатди.
Туркий давлатлар ташкилоти тарихида илк бор норасмий саммит кузатувчи мақомига эга давлат ҳудудида, Европанинг қоқ маркази – Будапешт шаҳрида ўтказилди. Қолаверса, тадбир одатий учрашувлардан фарқли ўлароқ, туркий интеграциянинг чинакам стратегик лабораториясига айланди – ТДТ раҳбарлари ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи мақомидаги давлатлар олдида турган асосий чақириқлар, глобал имкониятлар ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги уфқларини муҳокама қилдилар.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан раислигида бўлиб ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасида кўп қиррали алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳаза билдирилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари саммитнинг шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар, геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайган бир шароитда ўтаётганини таъкидлар экан, «Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир», деди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Президентимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникациявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Ташкилот мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмасида ўзаро савдо улушини ошириш мақсадида «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва Товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий дастур қабул қилиш таклифини билдирди.
Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва божхона-чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари ушбу йўналиш бўйлаб «ягона дарча» ва «яшил йўлаклар» тизимини жорий этишга чақирди. Президентимиз бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида шу йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Туркий давлатларнинг мультимодал транспорт ва логистика халқаро форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Туркий инвестиция жамғармаси таъсис этилганини олқишлаб, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Қўшма венчур компанияси ва ташкилотга аъзо мамлакатларнинг инвестициявий имкониятларини тақдим этадиган ягона портал ташкил этиш, саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида эса кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида йирик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари иқлим кун тартибига тўхталар экан, яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро иқлим форуми давомида «яшил» тараққиёт соҳасида глобал ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилганини қайд этди. Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Будапешт шаҳрида Қурғоқчиликнинг олдини олиш институтини ишга тушириш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Унинг фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб қилиш учун қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон Президенти фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университетининг очилиши ташкилотга аъзо мамлакатларнинг таълим дастурларини амалга ошириш ва иқтидорли ёшларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Туркий маданият жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ТДТга қўшилгандан буён ўзини концептуал ва амалий етакчи сифатида намоён этиб келмоқда. Мамлакатимиз стратегияси иқтисодий прагматизм, маданий-гуманитар якдиллик ва технологик келажак каби учта асосий устунга таянади.
Ўзбекистон 2023 йилда ТДТдаги раислиги давомида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказди. Рақамлаштириш, транспорт, туризм ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида дастурлар ишлаб чиқилди. «Tурк-трейд» платформасини яратиш ташаббуси туркий давлатлар ўртасида ҳозирча 7 фоиздан ошмайдиган ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва тўсиқларни камайтиришга қаратилган кўплаб ташаббуслардан бири, холос.
ТДТ Бош котибияти маълумотига кўра, 2024 йилда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ички савдо айланмаси умумий ташқи савдонинг 7 фоизига етди. Бу аввалги 3-4 фоизлик кўрсаткичга нисбатан жиддий ўсиш ҳисобланади. Асосий мақсад 2030 йилга келиб, бу кўрсаткични 15 фоизга олиб чиқишдан иборат.
Айнан шу мақсадда Турк инвестиция жамғармаси ташкил этиляпти. У транспорт, энергетика, логистика ва рақамлаштириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмига айланиши керак.
Жами 2,1 триллион долларлик иқтисодиёт ва салкам 175 миллионлик аҳолига эга давлатларни бирлаштирган ташкилотнинг салоҳияти улкан. Дарҳақиқат, ушбу салоҳиятни реал кучга айлантириш учун давлат раҳбари нутқида бот-бот янграган божхона тартиб-таомилларини мувофиқлаштириш, қўшма ишлаб чиқариш занжирларини ташкил этиш, «яшил» инвестициялар ва транзитни соддалаштириш каби тизимли ечимлар талаб этилади.
Бу жараёнда Ўзбекистон нафақат ташаббускор давлат, балки эҳтимолий хаб сифатида ҳам кўриляпти. Географик жиҳатдан мамлакатимиз Хитой, Ҳиндистон, Россия, Эрон, Афғонистон ва Туркияни боғлаб туради. Иқтисодий жиҳатдан эса янги саноат лойиҳалари ва рақамли ечимлар учун майдон тақдим этади.
«Шарқ ва Ғарбнинг учрашув нуқтаси» мавзусида ташкил этилган норасмий саммит давлат раҳбарлари учун устувор соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий минтақавий ҳамда глобал масалалар юзасидан фикр алмашиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан «Туркий Давлатлар Ташкилоти норасмий саммити Будапешт декларацияси», «Ўзбекистон Республикасининг Туркий Маданият ва Мерос Жамғармасига қўшилиши тўғрисида»ги ҳамда «ТДТ Бош котибининг ваколат муддатини узайтириш тўғрисида»ги қарорлари, «Давлат раҳбарлари кенгашининг Афғонистон масаласи бўйича баёноти» имзоланди ва қабул қилинди.
71 банддан иборат декларация ташкилотнинг савдо, энергетика, транспорт, рақамлаштириш, хавфсизлик ва маданият каби кўплаб стратегик йўналишлар бўйича аниқ йўл харитаси сифатида намоён бўлди.
Декларацияда, шунингдек, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон ва бошқа ТДТ аъзо давлатларининг халқаро ташкилотлардаги, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва ЮНЕСКОдаги раҳбарлик лавозимларига номзодлари қўллаб-қувватланиши қайд этилган.
«Будапешт декларацияси ҳамкорликнинг янги босқичига умумий қарашни акс эттирди. У мамлакатларнинг интеграцияни мустаҳкамлаш ва инфратузилмани янгилашдан тортиб, илмий инновациялар ва яшил энергетикагача бўлган барча йўналишлардаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади», деди ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев.
Будапешт саммити Туркий давлатлар ташкилоти ўзининг интеграциявий тарихи учун янги тафаккурни шакллантираётганини намоён этди. Бу декларациялар давридан амалий ҳаракатлар босқичига ўтиб, минтақавий ҳамкорликни стратегик бошқариш моделини яратиш деганидир. Саммитда қабул қилинган қарорлар трансмиллий миқёсдаги истиқболдаги мақсадлар учун ягона майдон яратишга уриниш, дея баҳоланмоғи керак. Ҳозирги мураккаб геосиёсий вазиятда ТДТ ташаббуслари замирида мустақил ташқи сиёсат юритаётган, ўз тараққиёт моделини ўзи яратаётган давлатларнинг ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсади ётибди.
Келгуси йиллар Туркий давлатлар учун транспорт лойиҳаларини молиялаштиришдан тортиб, умумий бозор механизмларини ишга тушириш, рақамли суверенитет каби кўплаб синовларни олиб келиши турган гап. Аммо ушбу норасмий саммит ТДТ амалий ишларга тайёр эканини намоён этди. Зеро, «Турк-трейд», «яшил йўлаклар», қўшма форумлар ва ўзаро ечим механизмлари интеграция аломатларидир.
Хўш, бу жараён қанчалик бардавом бўлади? Туркий давлатлар ташкилоти эндиликда ташқи таъсирларга қарши эмас, ички бирдамлик ва тараққиёт лойиҳаси сифатида шаклланмоқда. Агар бу саъй-ҳаракатлар мутаносиблик ва ўзаро ишончга асосланса, келажакда туркий олам нафақат ўз халқлари, балки глобал сиёсий иқтисодиёт учун ҳам аҳамиятли акторга айланиши, шубҳасиз.
Жаҳонгир НАҲАНОВ
«SHONCH»



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0