11 ака-ука бир жамоада – яна футбол, яна фактлар!
- Футбол бўйича Австралия термаси ўзига хос рекорд соҳибидир. Австралия 2001 йилнинг 11 апрелида Шарқий Самоа термасини 31:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйинда австралиялик Арчи Томпсон 13 та гол киритди ва яна бир рекордни қайд этди. Бу натижа терма жамоалар ичида рекордга айланди;
- 1998 йилда Францияда бўлиб ўтган жаҳон кубогида Ямайка терма жамоаси Аргентинага 5-0 ҳисобида ютқазди. Футболда деярли номи чиқмаган терманинг номдор Аргентина термасига ютқазишини оддийгина қабул қилса ҳам бўларди. Лекин бу Жаҳон чемпионати эди ва натижа кўпчиликни ҳайратга солди (олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, кейинчалик Жаҳон кубокларида бу натижа бир неча бор ортда қолдирилди. Масалан: Португалия-Шимолий Корея — 7-0). Ямайканинг мағлубияти «Чайф» эстрада гуруҳини илҳомлантириб юборди ва бу гуруҳ «Аргентина- Ямайка 5-0» деган қўшиқ яратишди. Хит даражасига чиққан бу қўшиқ футболдаги натижанинг анча вақт тилдан тушмаслигига сабаб бўлди;
- Ўтган асрнинг 70-йилларида Бельгияда бир ўйин ўтказилди. Унда икки жамоанинг барча ўйинчилари ва майдондаги уч ҳакамнинг фамилияси бир хил - Ван Лой эди;
- Зимбабве чемпионатидаги ўйинлардан бирида, 23-дақиқада футболчиларга арилар ҳужум қилишди. Ҳакам 45-дақиқада арилар кетишига умид йўқлигини англаганидан сўнг ўйинни бутунлай тўхтатди;
- Дунё бўйлаб чўчқа гриппи авж олган 2009 йилда мексикалик футболчи Эктор Рейносо қизишиб кетди ва рақиби юзига аввал туфлаб, кейин аксирди. Камига чўчқа гриппи билан касалланганини ҳам писанда қилиб қўйди. Бу қилиғи учун футболчи бир неча ўйинга дисквалификация қилинди;
- Дунёда стрикерлар аталмиш шундай тоифа одамлар борки, улар оммавий томошалар, хусусан футбол чоғида яланғоч ҳолда майдонга югуриб чиқиб ҳамманинг диққатини тортишади. Бундайларнинг энг машҳури Англиялик Марк Робертсдир. У бу қилиғини 150 дан ортиқ ўйинларда кўрсатган. Маркнинг вояга етган уч фарзанди бор ва улар оталарининг бу ишини қўллаб-қувватлашади. Маркнинг чиқишларидан казинолардан бири ўз реклама роликларида фойдаланади ва у бунинг ортидан пул ишлайди. Шу боис ҳар сафар полиция қўлига тушганида 5000 фунт жаримани хотиржамгина тўлайди. Аммо режисерлар бундай инсонлар майдонга чиқиб келиши билан камерани бошқа жойга буриб қўядилар;
- Швецияда бўлиб ўтаётган футбол матчларидан бири бошланиши олдидан футболчи Юханссон хотинини туғруқхонага ташлаб келди ва ўйинга киришиб кетди. Аввалига ўйин ҳеч қизимади, ҳисоб ҳам очилавермади. Кейин кимдир четдан туриб Юханссонга хотини қиз туққанлигини бақириб айтди. Футболчи бутунлай ўзгариб, жуда ажойиб ўйин кўрсатди рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта тўп йўллади. Ўйиндан сўнг ҳайратда қолган ҳакам унга «Шодлик футболчини бунчалар ўзгартириб юборганини энди кўришим» деганида Юханссон «Қанақа шодлик? Мен қаҳр билан тўп сурдим. Ахир ўғлим бўлишини хоҳлагандим»-, дея жавоб берди;
- Италиянинг Кампос шаҳарчасида ўт ўчирувчилар ёнғин чиққан юқори қаватдаги уйларнинг бирига зина ёрдамида кўтарилдилар ва уйдаги одамни пастга олиб тушдилар. Қутқарилган одам миннатдорчилик ҳам билдирмай югурганича кетиб қолди. Кейинчалик маълум бўлишича, у Жованни Куидзиро исмли мухлис бўлиб, хотини уни футболга жўнатмаслик мақсадида уйга қамаб қўйган экан. Жованни тутқунликдан қутулишнинг хавфли, лекин самарали усулини ўйлаб топганди;
- Аргентинада қай тоифа яхшироқ натижаларга эришишини аниқлаш мақсадида бўйдоқлар ва уйланганлар ўртасида ўйин ўтказилди. Ўйин давомида уйланганлар дарвозасига пенальти белгиланди ва тўп киритилди. Шунда уйланганларнинг хотинлари майдонга чиқиб жанжал кўтаришди ва ўйин тўхтатилди;
- Колумбияда «Унион Магдалена» жамаоси «Депортиво» жамоасини қабул қилганди. Ўйин деярли охирига етди ҳамки тўп дарвозаларга киришни истамади. Кўпчилиги наркобизнесга алоқадор бўлган мухлислар асабийлаша бошладилар ва ҳар икки жамоа футболчиларини ҳам, ҳакамни ҳам ўйин якунида боплаб дўппосламоқчи бўлдилар. Ҳакам вазиятдан чиқишнинг ажойиб усулини топди. Икки жамоа сардорини ёнига чақирди ва нималарнидир тушунтирди. 92- дақиқада «Депортиво» дарвозасига тўп киритилди. Мухлислар футболчиларни ҳам, ҳакамни ҳам олқишлаб кузатиб қолишди. Лекин эртасига ОАВда ўйин ҳисоби 0-0 деб эълон қилинди. Бу пайтда голни атайлаб киритиб берган, лекин протоколга ёзмаган ҳакам анча узоққа кетиб бўлганди. Футбол федерацияси ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан бундай чора кўрган ҳакамнинг ишидан қониқиш ҳосил қилди;
- «Суюнчи»даги Шерматнинг орзусини амалга оширганлар ҳам бор. Польшанинг Бидгош шаҳарчасидаги антиқа футбол ўйинида сангтарош Осинскийнинг 15 ёшдан 28 ёшгача бўлган 11 нафар ўғли яхлит жамоа ҳолида тўп сурди.
Аброр Зоҳидов,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0