Андроповнинг ўғригина боласи
Таназзулга юз тутган собиқ СССРнинг сўнгги раҳбарларидан бири Юрий Андроповнинг шахсий ҳаёти ҳақида авваллари ҳеч қандай маълумот берилмаганди. КПСС Марказий Қўмитасининг Бош котиби лавозимини эгаллагандан кейин эса матбуот саҳифаларида унинг иккинчи рафиқаси Татьяна Андропованинг ҳаётига тааллуқли далиллар пайдо бўла бошлади. Бироқ биринчи хотини ва фарзанди тўғрисида ҳеч қаерда ҳеч нарса ёритилмади.
Ҳолбуки, Андропов олдин Нина Енгаличевага уйланиб, Иккинчи жаҳон урушига қадар икки йил у билан бирга турмуш кечирганди. Шу вақт оралиғида ўғил фарзанд кўриб, Володя деган исм қўйганди. Афсус, орадан кўп ўтмай, эр-хотин ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Боиси, Андроповни Карелияга ишга юборишганида хотини у билан бирга боришни истамайди. Оқибатда икковлон ажрашади. Володя онаси қўлида қолади. У отасини жуда яхши кўрганидан, эс-ҳушини танигач, рўй берган можарода онасини айблайдиган бўлади. Айни чоғда, отаси ҳам ундан меҳрини аямайди. Володяни аввал Суворов, кейин Нахимов ҳарбий билим юртига ўқишга жойлаштиради. Лекин у анча эркатой бўлгани учун иккала ўқув юртини ҳам тугатмай, ташлаб кетади.
Юрий Андроповнинг онаси Евгения хола неварасини кўпинча ўз уйига олиб кетарди. Ана шундай борди-келдилар чоғи Володя безорилик ва майда ўғрилик билан шуғулланадиган ўсмирлар гуруҳига қўшилиб қолади. Эвазига бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилади.
Баланд бўйли, келишган, малласоч, ўзи шеър ёзиб, ўзи куйлайдиган бу йигит учинчи марта “ўтириб” чиққанида отаси КПСС Марказий Қўмитасида ишлар, кейинги оиласи билан тинч-тотув ҳаёт кечирарди. Володя қамоқдан сўнг Тирасполдаги тикувчилик фабрикасининг автоматика цехига ишга кириб, ётоқхонада яшай бошлайди. Аммо хурмача қилиғидан воз кечолмайди. Ўмарилган турли ҳужжатларни, гувоҳномалар ва ўзи шип-шийдон қилган бўш ҳамёнларни эса корхона директори Валентина Сергеевнага киритиб туради. Директор унинг айбини яширар, ўғриланган нарсаларни эгаларига қайтарар экан, турли баҳоналарни рўкач қилиб, Володянинг айбини хаспўшларди. Ниҳоят, у бир амаллаб, Володяни тўғри йўлга солади. Сўнгра Москвага бориб, Андроповга бор гапни рўй-рост айтади. Юрий Владимирович фарзандига моддий ёрдам бериб туришни ваъда қилади ва лафзига содиқ қолади. Нина Енгаличева эса ўғлидан хабар олишни мутлақо хаёлига келтирмайди.
Орадан маълум муддат ўтгач, Володя уйланади. Отаси Давлат хавфсизлиги қўмитаси раиси бўлгач, алоҳида уй ва даромадли иш билан таъминланади. Бироқ узоқ яшамайди, жигар хасталигига йўлиқиб, ҳаётдан эрта кўз юмади.
Афсус, минг афсус, тарихда бундай воқеалар бот-бот рўй берган. Бутун бошли қудратли давлатни бошқаргану аммо ўз фарзандларини тўғри йўлга сололмаган шаҳоншоҳлар ҳам, ножўя қилмишлари билан ҳукмдор оталари шаънига доғ туширган ёки унинг умрига зомин бўлган ноқобил фарзандлар ҳам яшаб ўтган.
Начора, буни ҳаёт дейдилар, ҳеч ким олдинда айта олмайдиган тақдир-қисмат дейдилар!
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
1
0
0
0