Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқдан фойдаланишни тақиқламоқчи
Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш учун қонун ишлаб чиқади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Энтони Албанесе маълум қилди. Ушбу ҳужжат қабул қилинса, у келгуси йилдан кучга киради.
«Ижтимоий тармоқлар бизнинг болаларимизга зарар етказяпти. Мен бу масалани ҳал қилиш учун вақт ажратаман», – дейди Албанесе матбуот анжуманида.
Албанесе ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига хавф туғдиришини тилга олди.
Унинг айтишича, бу борада бир қатор давлатлар чекловларни назарда тутувчи қонунларни ишлаб чиқяпти ва қабул қиляпти.
Мамлакат бош вазири, шунингдек, ҳозиргача ҳеч бир давлат биометрик ёки давлат идентификатори каби ёшни текшириш усулларидан ижтимоий тармоқларда ёш чегарасини қўллаш учун фойдаланмаган. Австралияда эса худди шундай иккита усул синовдан ўтказилмоқда.
«Бу йил Австралия парламентига қонун лойиҳалари киритилади, ҳужжат ратификация қилинганидан кейин 12 ой ўтиб кучга киради», – дейди Албанесе.
Қайд этилишича, бунда ота-онасининг розилиги бўлган ёки аллақачон ҳисоби бўлган болалар учун ҳам ҳеч қандай имтиёзлар бўлмайди.
Мамлакат алоқа вазири Мишел Роуландга кўра бу чеклов Meta Platforms (Instagram ва Facebook) Bytedance (TikTok), Alphabet's (GOOGL.O), YouTube ва Илон Маскнинг X ижтимоий тармоғини ўз ичига олади.
Маълумот учун, Франция ўтган йили, гарчи ота-она рухсати билан фойдаланишга рухсат берган бўлсада, 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни таклиф қилганди.
Қўшма Штатлар эса узоқ муддатдан буён технологик компанияларидан 13 ёшгача бўлган болаларнинг маълумотларига кириш учун ота-оналарнинг розилигини сўрашни талаб қилиб келади. Бу эса кўпчилик ижтимоий медиа платформаларида бу ёшга тўлмаганларнинг фойдаланишини чеклаш деганидир.
Шунингдек, шу каби чекловни Норвегия ҳукумати ҳам таклиф қилган, Россия Думасида эса 14 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи кўриб чиқиляпти.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0