Байрамни ким қаерда кутиб олмоқчи ёхуд ўзимиздаги дам олиш максанларига бора кўрманг
Янги йил байрами яқинлашмоқда. Шу муносабат билан мактабларда қишки таътиллар бошланади. Байрамни кимдир уйида, яна биров дам олиш масканларининг бирида ўтказишни хоҳлайди.
Хусусан, дам олиш кунларини мана шундай маскан ёки сиҳатгоҳларда ўтказишни истайдиганлар учун ушбу жойларнинг нарх-навосини ўргандик ва айнан байрам муносабати билан бу жойлар анча қимматлашганига гувоҳ бўлдик.
Масалан, одатий кунларда кунига бир кишига 600-700 минг сўм атрофида бўлган манзиллар 31 декабрь ва 1 январь кунида 1 миллиондан 9 миллионгача баҳоланяпти. Изоҳ беришларича, бу Янги йил кечасида уюштириладиган махсус тадбир билан боғлиқ жараён экан.
Амирсой («Le chalet by Amirsoy») комплекс дам олиш зонаси шале (тахтадан қурилган уй)ларида бир кунлик дам олиш 6 миллион сўм экан.
Икки кечага фақат нонуштаси бор шале 14 миллионни ташкил қилмоқда. Қисақи, бу ерда бир кунлик ҳордиқ киши бошига 1 миллион 200 минг сўмдан тушяпти.
Рекламаси ижтимоий тармоқларда машҳур бўлаётган Жиззах вилоятидаги «Zamindor Resort & SpA» дам олиш мажмуаси маъмурияти қуйидагича маълумот берди:
– 31 декабрдан 2 январгача муддатга 5 юлдузли меҳмонхонамиз нархи киши бошига 7 миллиондан баҳоланмоқда.
Одатий кунларда Зоминдаги 4 юлдузли меҳмонхона (тунаш, уч маҳал овқатланиш, спа-салон, муз кўприк ва канатда сайр қилишдан иборат икки кунлик қисқа тур-пакет) 600-700 минг сўмга нархланган.
Янги йил кечасида нархларнинг бунча ошишига мушакбозлик, машҳур санъаткорларнинг чиқишлари каби тадбирларнинг қўшилгани важ қилиб кўрсатилмоқда.
Мамлакатимизда байрамни нишонлаш шунчалик қимматга тушаяптими? Бу бизнинг эскича қарашларимизданми (байрам кунлари нархлар сунъий оширилиб, «соққа» қилиш) ёки «учар» тадбиркорларнинг навбатдаги бизнес ўйинларими?
Шу ўринда байрам муносабати билан хориж саёҳатлари эълон қилинган 5-7 кунлик тур-пакетлар билан ҳам қизиқиб кўрдик.
Azialuxe Travel тур агентининг маълумотларига кўра, 26 декабрдан 2 январгача Туркиянинг Молдивасига саёҳат – киши бошига 1.036 АҚШ долларида баҳоланяпти. 5-6 кунга Анталья шаҳрига 850 АҚШ долларида, Мисрнинг Шарм эл Шайх шаҳрига 25 декабрдан 1 январгача 844 долларда, Таиланнинг Пхукет шаҳрига саккиз кунлик саёҳат эса 1.420 долларга, Стамбул шаҳрига беш кунлик туризм 559 АҚШ долларида баҳоланаяпти.
Ушбу хориж турларга авиачипталар, трансфер, тиббий страховка ва меҳмонхона харажатлари ҳам киритилган.
Шунингдек, Янги йил кечасига алоҳида байрамона намойишлар уюштирилади. Энг қизиғи айрим тур-пакетларга чегирмалар ҳам эълон қилинган.
Бундан кўриниб турибдики, байрам кунларини хорижда ўтказиш нисбатан арзонроққа тушяпти.
Хўш, сиз қаерни маъқул кўрган бўлардингиз…
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0