ДОИМИЙ ТЕЛЕФОН КОВЛАШ ОДОБСИЗЛИК ЁКИ ОЖИЗЛИК?
Икки-уч йил олдин Россияда ишлайдиган жияним видеолавҳа жўнатди. У метрода кетаётганини ташлаган эди. Не ажабки, метрополитен вагонидаги барча йўловчи телефон ковлаб кетарди. Бу манзара мени ҳайрон қолдирди. “Россияда ҳамма телефон жинниси экан-ку”, дегандим жиянимга ҳазиллашиб. Аммо қисқа фурсатда бу ҳолат ўзимизга ҳам кириб келдики, ҳозир бунга ҳеч ким ажабланмай ҳам қўйди.
Ҳозир ҳамманинг қўлида телефон. Метрода, автобусда, дўконлар-у бозорларда ҳам. Ҳаттоки, дарсларда, дастурхон бўйида ҳам аҳвол шу бўлганини қандай оқлаш мумкин? Бу одобга тўғри келадими ёки замонавийликка?
Эътибор берсак, ёшлар ўртасидаги ажримларнинг кўпайиши, турли алдам-қалдам ҳаракатлар, фирибгарлар тузоқлари, игнадай гапнинг туядай бўлиб тарқалиши, барчасининг ортида шу телефоннинг ҳам “ҳиссаси” катта экан. Шунинг учун аҳоли ўртасида телефонга нисбатан салбий фикрлар кўп. Баъзан ўзимда ҳам шунақа салбий мулоҳазалар пайдо бўлиб қолади. Лекин телефон аслида салбий фикрлар сабабчиси эмас. Одамларнинг ўзи айбдор, телефонни хоҳлаганча эксплуатация қилишмоқда. Ҳар бир нарсага телефонни айбдор қилиб, ўзлари унинг панасига ўтишмоқда. Телефон нима қилсин, биз ким бўлсак,телефонимиз ҳам биз бўлади-да.
Дунёвий жамиятимиз одамлари тараққий этибди-ю, лекин баъзан маънавий тубанликка ҳам қараб кетаётганимиз сир эмас. Бунда барча баробар эмас, албатта.
Телефоннинг фарзандларимиз ҳаётидаги ролига келсак, бу улар учун мўъжиза мисоли жуда қизиқ. Болалар қалби тоза, самимий бўлгани учун телефоннинг зарарлари, салбий тарафларини тушуна олишмайди. Қандай ҳолатда фойдаланишса ҳам, катталардан фарқли равишда болалар бегуноҳ.
Аммо биринчи ўринда инсон соғлигига телефон нурланишининг ёмон таъсирини эсдан чиқармаслик лозим. Тўлқинларнинг кўз нури, бош миядаги хужайралар фаолиятига зарарли таъсири бўлиб, турли хилдаги касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бунда кўз нурининг пасайиши, миянинг органик касалликлари, руҳий хасталиклар келиб чиқади.
Иккинчидан, бола психологияси ўзгаради ва унинг тарбиясига ҳам салбий таъсири бор. У ҳаттоки меҳрни ҳам телефондан олишга ҳаракат қилади. Келажакда бемеҳр фарзандлар етишиб чиқса, биз бунинг сабабини излай бошлаймиз. Агарки, келажагимиз телефон билан кучли тарзда боғланиб қолар экан, биз инсониятнинг асл қиёфаси, характерини йўқотамиз. Бу жуда ёмон нарса.
Фарзандларим ҳам телефондан фойдаланишга ҳаракат қилади. Лекин болаларимнинг телефонга боғланиб қолишидан қўрқаман. Шунинг учун фақат қариндошлар билан сўзлашиб олишига рухсат бераман. Бу матоҳни бемалол бериб қўя олмайман. Менимча, бу ҳолат барча оилаларда бор.
Фикримча, қаттиқ тақиқланган нарса барча учун қизиқ туюлади ва ҳамма шу нарсага эга бўлишга ёки уни билишга ҳаракат қилади. Шунинг учун иложи борича фарзандларимизга телефоннинг салбий тарафларини қайта ва қайта ўргатишимиз керак. Айниқса мактабларда “сенсор” телефонларни бутунлай тақиқлаш зарур.
5-6 синфдан болалар улғая бошлайди, ўсмирлик даврига қадам қўяди. Уларга дарсликлардан кўра телефондаги турли мавзулар қизиқарлироқ. Айниқса, жангари ва фаҳшни тарғиб қилувчи фильмлар, роликлар жуда қизиқ туюлади. Болаларнинг бурчак-бурчакларда тўпланиб, телефон томоша қилаётганини кўриб қоламан. Шунда ота-оналардан хафа бўлиб кетаман: “Нега ёш болаларга “сенсор” телефон бериб қўйишибди? Нега уларнинг тарбиясига бунчалар бефарқ бўлишмоқда?
Ўқитувчилар телефонни мактабда тақиқлашса, ота-оналар боласини ҳимоя қилади. Керак бўлса, боласига энг қиммат нархли сўнгги русумдаги телефонни олиб берган ота-оналар бор. Аммо улар бунинг оқибатини ўйлашмайди.
Ҳозир-ку ўтади, эртага нима бўлади? Шифокорман, мутахассисман. Тахминимча, келажакда ота-она тарбияси ўрнига телефон тарбия қилган янги авлод шаклланади. Шундан қўрқаманки, уларнинг кўпчилиги бемеҳр ва тажовузкор бўлишади.
Бир вақтлар момом раҳматли айтардилар: “Бир замонлар келиб, бир кўзли дажжол келаркан. Унга уйида ўтирган солиҳа қиз ва этикдўздан бошқа ҳамма, ҳатто болалар ҳам эргашиб кетаркан...”
Телефонларга қараб, “Шу дажжол келдимикан”, дея юрагимни ваҳм босади...
Фикримга сиз нима дейсиз, азиз замондош?
Бибихон ЖУМАЕВА, Нишон тумани
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0