Иқлим ўзгариши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин
Сўнгги йилларда сайёрамиз нафас олишга қийналмоқда. Ҳар бир ёз янги иссиқлик рекордларини ўрнатади, денгиз сатҳи кўтарилади, музликлар эрийди ва табиий офатлар сони кескин ошади. Бу – иқлим ўзгаришининг даҳшатли реаллиги, эндигина муаммо эмас, балки инсониятнинг келажагига таҳдид соладиган глобал инқироздир. Иқлим ўзгариши биргина ҳодиса эмас, балки умумийликда ўзаро бири-бирига боғлиқ бир қатор муаммолар мажмуасидир.
Глобал исиш
Атмосферадаги иссиқхона газлари концентрацияси ортиши натижасида Ернинг ўртача ҳарорати кўтарилади. “Assesment Report”нинг статистика маълумотларига кўра – сўнгги 150 йил ичида ўртача глобал ҳарорат 1°C га кўтарилган. Айтилиши осон бўлган ушбу рақамнинг келажакдаги экологик оқибатлари ҳалокатлидир.
Денгиз сатҳининг кўтарилиши
Музликлар ва муз қатламларининг эриши натижасида денгиз сатҳи кўтарилади. Бу паст жойларда жойлашган шаҳарлар ва оролларни сув босишига, қирғоқ эрозиясига ва тузли сувнинг қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишига олиб келади.
Об-ҳаво ҳодисаларининг турфалиги
“WorldMaterologicalOrganization”нинг кузтувларига кўра, охирги йилларда иқлим ўзгариши туфайли кучли бўронлар, сел тошқинлари, қурғоқчиликлар, иссиқлик тўлқинлари ва ўрмон ёнғинлари тез-тез ва кучлироқ содир бўлмоқда. Қиш кунлари ҳарорат юқори бўлиб, аксинча, ёз ойларида ёғингарчилик ҳолатларини кўришимиз ҳам одатий тусга кирмоқда. Албатта, бу инсонларнинг ҳаётига, турмуш-тарзига, иқтисодиётга, қолаверса атроф-муҳитга катта зарар етказади.
Биологик хилма-хилликнинг йўқолиши
Иқлим ўзгариши ҳайвонлар ва ўсимликларнинг яшаш муҳитини ўзгартиради, уларнинг кўпайишига ва тарқалишига таъсир қилади. Бу биологик хилма-хилликнинг камайишига ва баъзи турларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши ачинарли ҳолдир.
Озиқ-овқат хавфсизлиги
FAOнинг кузатувлари натижаси шуни кўрсатадики, қурғоқчилик, иссиқлик тўлқинлари ва бошқа об-ҳаво ҳодисалари қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатиб, озиқ-овқат етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Бу айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун жиддий муаммодир.
Иқлим ўзгариши келажакдаги муаммо эмас. Унинг таъсирлари ҳозир ҳам сезилиб турибди ва келгусида янада кучайиши кутилади. Агар биз чора кўрмасак, глобал исишнинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин.
Иқлим ўзгаришининг асосий сабаби – инсон фаолияти натижасида атмосферага иссиқхона газларининг, айниқса, карбонат ангидриднинг ҳаддан ташқари ортиб кетишидир. Бу газлар саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ёнилғи ёқиш натижасида чиқарилади. Оқибатлари эса юқорида санаб ўтилганидек, ҳалокатли ва диққатга моликдир.
Муқобил ечимлар ва ҳаракатлар
Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун глобал ҳамкорлик ва тезкор ҳаракатлар талаб этилади. Масалан, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, яъни қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш, транспортда экологик тоза ёқилғиларни қўллаш ва ўрмонларни сақлаш орқали бунга эришишимиз мумкин. Бундан ташқари, иқлим ўзгаришининг таъсирига мослашиш учун зарур чораларни кўриш, масалан, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва табиий офатларга тайёргарлик кўриш лозим. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига қарши курашда халқаро ҳамкорлик жуда муҳимдир. Давлатлар биргаликда келишувлар тузиб, стратегия ишлаб чиқишса ва уни амалга оширишса мақсадга мувофиқ бўлади. Бу борада ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Энергия тежаш, экологик тоза маҳсулотларни танлаш, жамоат транспортидан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиш ҳам масаланинг ижобий ҳал бўлишига кўмак беради. Бундан ташқари, табиатни асрашга қаратилган амалий ўқув-тренинглари ва халқаро конференсиялар ташкил қилиниб, муаммолар ўртага ташланса ва муқобил ечимлар илгари сурилса, экологиянинг келажаги учун самарали бўлар эди.
ХХI асрнинг энг глобал муаммоларидан бири бўлган иқлим ўзгариши муаммосини бартараф этиш учун тезкор ва биргаликдаги ҳаракатлар талаб этилади. Агар биз ҳозир ҳаракат қилмасак, келажак авлодлар учун сайёрамизни сақлаб қолиш қийин бўлади. Бизнинг ҳаракатларимиз сайёрамизнинг тақдирини белгилайди. Вақт тугаяпти, ҳаракат қилиш вақти келди.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0