Ўлимга маҳкум бўлган жангчилар: камикадзелар ким эди?
Бугунги кунда жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидан бири бўлган Япония мураккаб тарихни бошдан кечирган. Бу мамлакат турли урушларда иштирок этган, ҳатто йиллар давомида дунёда ёпиқ ҳам бўлган. Йигирманчи асрга келиб, Япония дунё сиёсатига фаол таъсир кўрсата оладиган давлатга айланди, Корея ва ҳатто Хитойнинг бир қисмини босиб олди.
Иккинчи жаҳон урушида гитлерчилар билан иттифоқ бўлиб, АҚШга қақшатқич зарба берди. Ўша даврда Япония жанубий-шарқий Осиёда йирик мустамлакачи мамлакатга айланди. Япония кучли ва тартибли армияга эга эди. Ушбу армия таркибида махсус топшириқни бажарадиган ва душман ҳудудидига кучли зарба бериш учун мўлжалланган учувчилар – камикадзелар вужудга келган. Энг қизиғи, камикадзелар ўз жонини иши учун қурбон қиларди. Уларга фақатгина нишонга етишга етадиган ёқилғи бериларди, холос.
Аслида камикадзе тарихи узоқ XIII асрга, Чингизхон авлодларининг Япония оролларига ҳужуми даврига бориб тақалади. Сўзма-сўз таржима қилинганда «камикадзе» сўзи «илоҳий шамол» деган маънони англатади. Чингизхоннинг набираси, Хитойни эгаллаган Хубилайхон япон оролларига кўз тикади. 1274 йилда мўғуллар илк бор Японияни босиб олишга ҳаракат қилишди. Кунчиқар юртнинг қўшини кучсиз бўлиб, босқинчиларга қарши кўп ҳаракат қила олмасди. Аммо ўша пайтда, душманлар Япония қирғоқларига деярли етиб борганда, тўфон кўтарилиб, мўғул кемаларининг аксарияти чўкиб кетди. Японлар буни илоҳий ёрдам сифатида қабул қилишди ва «камикадзе» атамаси вужудга келди. Қизиғи шундаки, 1281 йилда тарих такрорланди – «илоҳий шамол» яна Хубилайхон флотини яксон қилди ва шундан сўнг мўғул қўшинлари Япония даъвосидан бутунлай воз кечди.
Шундан сўнг, асрлар давомида камикадзе атамасидан деярли фойдаланилмади. Фақатгина Иккинчи жаҳон уруши қизиб бораётган, Тинч океанидаги ҳудудлар учун кураш авжига чиққанда янги камикадзелар майдонга чиқди. Камикадзеларнинг пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири япон авиациясининг АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига нисбатан қолоқлигида ва урушдаги ютқазишларда эди.
Очиқ жангда катта устунликка эриша олмагач, япон томони «ватан учун жонини берадиган» учувчиларни «муқаддас мақсад» сари отлантира бошлади.
1942 йил 4 июнда Мидуэй жангида мағлубиятга учраган Япония Тинч океани урушидаги ташаббусни йўқота бошлади. 1943-1944 йилларда АҚШ саноат қудрати томонидан қўллаб-қувватланган иттифоқчи кучлари Япония ороллари томон қадамма-қадам олдинга силжий бошлади. Бу вақтга келиб япон самолётлари, айниқса қирувчи учоқлари F6F «Хеллкэт», P-51 «Мустанг», F4U «Корсар» каби Америка самолётларининг янги моделларидан миқдор ва сифат жиҳатидан анча паст эди. Оғир жанговар йўқотишлар туфайли тажрибали учувчилар етишмаслиги кузатилди. Бундан ташқари, эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи йўқлиги сабабли, ҳар қандай йирик ҳаво операциясини ўтказиш Япония учун муаммога айланди. 1944 йил 15 июлда АҚШ қўшинлари Сайпан оролидаги Япония армияси базаларини эгаллаб олишди. Бунинг натижасида АҚШнинг узоқ масофали бомбардимончи самолётлари Япония ҳудудига тўғридан-тўғри зарба бериш имкониятига эга бўлди. Сайпан қулагандан сўнг, япон қўмондонлари америкаликларнинг кейинги мақсади Япония ва Жануби-Шарқий Осиёдаги нефть манбалари ўртасидаги стратегик жойлашуви туфайли Филиппинни босиб олиш бўлади, деб тахмин қилишди.
Башорат 1944 йил 17 октябрда, америкаликлар Лейте кўрфазида замонавий тарихдаги энг йирик денгиз жангини бошлаганида амалга ошди. Манилада жойлашган Япония ҳарбий-денгиз кучларининг биринчи ҳаво флоти кўрфаздаги иттифоқчи кучларни йўқ қилишга уринаётган япон кемаларини қўллаб-қувватлаши керак эди. Душманнинг улкан устунлиги туфайли Япония авиацияси учун Филиппинни ҳимоя қилиш вазифаси деярли имконсиз эди. Япон флоти қўмондони, қизиққон вице-адмирал Такидзиро Ониши камикадзе учувчилардан иборат махсус зарба бериш кучини тузишга қарор қилди. Шундан сўнг Ониши «камикадзеларнинг отаси» сифатида танилди.
Камикадзе учувчиларининг биринчи отрядлари 1944 йил 20 октябрида денгиз авиацияси бўлинмалари асосида тузилган бўлиб, улардаги ҳар бир кўнгилли учувчи Япония учун ўлишга тайёр эди. Биринчи камикадзе ҳужуми 1944 йил 21 октябрда йирик флагман «Австралия» крейсерига қарши амалга оширилди. Учувчиси номаълумлигича қолган самолёт крейсернинг устки қисмига урилиб, ёниб кетди, бироқ бомба портламай, кема сақланиб қолди. Камида 30 киши, жумладан, кема командири ҳалок бўлди. 25 октябрда «Австралия» яна бир зарбага дучор бўлди (уруш охиригача крейсер камикадзе самолётларининг 6 та зарбасидан омон қолди).
Тарихий ҳужжатларга кўра, биринчи камикадзелар лейтенант Такеши Косаи ва номаълум сержант бўлиб, улар 1944 йил 13 сентябрда Негрос оролидан (Филиппин) иккита 100 килограммли бомбани самолётларига тақиб, Америка кемаларини уришни мақсад қилишган. Иккаласи ҳам парвоздан қайтиб келмаган, бироқ америкаликлар ўша куни ҳудудда ўз кемаларига ҳеч қандай зарар етмаганини маълум қилган. Камикадзелар тақдири эса номаълумлигича қолди.
Ҳаммаси бўлиб, Филиппин жангида камикадзе ҳужумлари натижасида америкаликлар 2 та самолёт ташувчиси, 6 та эсминец йўқотдилар ва 22 та самолёт ташувчиси, 5 та жанговар кемаси, 10 та крейсери ва 23 та эсминец зарарланди. Камикадзелардан оммавий фойдаланиш билан боғлиқ кейинги ҳаракатлар Иво Жима жанги пайтида содир бўлди. 21 февраль куни камикадзе зарбалари натижасида келиб чиққан ёнғинлар натижасида Bismark Sea авиаташувчиси ёниб чўкди (318 киши ҳалок бўлди), «Тикондерога» авиаташувчиси ҳам зарар кўрди, унинг йўқотишлари 140 кишини ташкил этди.
Камикадзелар иштирокидаги жангларнинг энг авжига чиққан палласи Окинава ороли учун кураш (1945 йил) даврига тўғри келади. Бу жангда жами 1465 дона самолёт қатнашди. 11 май куни иккита камикадзе зарбаси оқибатида «Бункер Ҳилл» авиаташувчи кемасида ёнғин содир бўлди, унда 80 та самолёт йўқ қилинди, 391 киши ҳалок бўлди ва 264 киши жароҳатланди. Бу камикадзелар томонидан АҚШга етказилган энг катта талофатлардан бўлди. Окинава жанги якунида Америка флоти 26 та кема йўқотди, 225 тасига зарар етказилди, шу жумладан 27 та самолёт ташувчиси зарар кўрди. Бироқ, америкаликлар камикадзеларга қарши ҳимоя чоралари ўз натижасини берди - Япония самолётларининг 90 фоизи ҳавода уриб туширилди.
Иккинчи жаҳон уруши охирига келиб, Япония ҳарбий-денгиз авиацияси 2525 камикадзе учувчисини тайёрлаган, мамлакат армияси эса яна 1387 нафар учувчини тақдим этган. Уларнинг деярли барчаси кўнгиллилар эди. Япония томони баёнотларига кўра, камикадзе ҳужумлари натижасида 81 та кема чўкиб, 195 таси шикастланган. Америка маълумотларига кўра эса йўқотишларда 34 тани ташкил этди ва 288 та кема шикастланди. Бундан ташқари, камикадзелар ҳаракати америкалик денгизчиларга ҳам қаттиқ руҳий таъсир қилди, жанговар руҳ тушиб кетди.
Япония авиацияси ҳеч қачон камикадзе учувчиларининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган, аксинча, самолётларга қараганда уч баравар кўп кўнгиллилар мавжуд эди; камикадзеларнинг асосий қисми университетлар талабалари эди. Бунинг асосий сабаблари Япония маданияти ва ўрта аср самурайларининг анъаналарида ётади. Камикадзелар масаласида японларнинг ўлимга бўлган алоҳида муносабати ҳам катта рол ўйнайди. Ўз ватани ва император учун шараф билан ўлиш ўша даврдаги кўплаб японияликлар учун энг олий мақсад эди.
Вице-адмирал Матомэ Угаки тарихдаги энг машҳур камикадзелардан саналади. У Япония денгиз флотининг 5-ҳаво флоти қўмондони бўлган. Угаки 1945 йил 15 августда 7 самолётдан иборат гуруҳ таркибида камикадзе миссияси билан Окинава ҳудудига жанговар парвоз қилган ва қурбон бўлган.
Асосий миссия нишонга зарба бериш ва ҳалок бўлиш эканлигига қарамай камикадзелар орасида тирик қолганлар ҳам бор. Аксарият ҳолларда бунга самолёт ва двигателларнинг носозликлари сабаб бўлган. Агар нишон аниқланмаса ёки ҳужум бошқа сабабларга кўра тўхтатилган бўлса, камикадзега тўғридан-тўғри қайтиш буюрилган.
Масалан, япон ҳарбий флоти унтер-офицери Ямамура жуда омадли чиқиб қолди. У камикадзе парвозида уч марта тирик қолди. Биринчи марта Ямамура бомбардимончи экипаж томонидан туширилган ва балиқчилар томонидан олиб кетилган. Тахминан 2 ой ўтгач, бортида Ямамура бўлган ташувчи бомбардимончи осмонга кўтарилиб, ноқулай об-ҳаво сабаб базага қайтди. Учинчи марта носозлик туфайли парвоз бекор қилинди. Бу орада уруш тугади ва Ямамура тирик қолишнинг уддасидан чиқди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0