Янги йилни турли давлатлар қандай кутиб олади?
Йил якунлаб бормоқда ва ҳар сафар биз янги йил бошланишдан олдин ўзимиз ва фарзандларимиз учун қизиқарли ғоялар ўйлаб топишга ҳаракат қиламиз.
Янги йил учун уй интерьерни ўзгартирамиз, совғалар сотиб оламиз, таомномани хилма-хил қилишга ҳаракат қиламиз. Байрамнинг зўр ўтиши кўп жиҳатдан анъаналарга ҳам боғлиқ. Безатилган арча, хушбўй мандаринлар, мушакбозлик, тилаклар ёзилган хатлар. Буларнинг барчаси бизга болаликдан таниш. Дунё мамлакатларида юз йиллар давомида янги йилни кутиб олишнинг ўзига хос анъаналари шаклланган. Баъзи анъаналар жуда ғалати, бошқалари биз учун мутлақо тушунарсиз. Улардан айримларини келтирамиз.
Россия ўлкалари
Янги йил одатдагидек ўтади, яъни 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси нишонланади. Байрам оила даврасида ўтказилади, кейин меҳмонлар ташриф буюради. Қорбобо ва Қорқиз томонидан болаларга совғалар тарқатилади.
Европа мамлакатларининг янги йил анъаналари
Европаликлар Рождество байрамига 25 декабрь куни кўпроқ аҳамият қаратишади.
Австрия
1 январга ўтар кечаси Вена аҳолиси ва сайёҳларнинг катта оқими "Тинчлик қўнғироғи" (барчани тинч ҳаётга чақириғи) овозини эшитиш учун Авлиё Стефанга катта оломон бўлиб боради. Қолаверса, қадим замонлардан бери Янги йил арафасида мўри тозаловчини кўриш ва ҳатто унинг кийимига қўл теккизиб, лойга беланиш яхши анъана сифатида баҳоланаркан. Аммо ҳозир труба тозалагични учратиш унчалик осон эмас, шунинг учун австрияликлар объектни "алмаштиришди." Улар учун чўчқа яхшилик аломати ҳисобланади. Мана шу ҳайвон шаклидаги сувинерларни бир-бирларига фаровон ҳаёт тилаб совға қилишади.
Албания
Бу давлатда байрам ўзгача кутиб олинади. Энг муҳими уларда ҳалқа шаклидаги машҳур пироги тайёрланади. Урф-одатлар ҳам кўп, чунки Албания ҳудудида гоҳ христиан, гоҳ мусулмон маданияти ҳукмронлик қилган. Бу анъаналарнинг бироз чалкашлигига олиб келди. Ҳозир мамлакатнинг турли бурчакларида байрам турлича нишонланмоқда. Энг кенг тарқалган одат -дарахт ёқиш. Дарвоқе, бу одат чечен халқларида ҳам бор. Янги йилга бир ҳафта қолганда уйга кесилган дарахт олиб келишади. Идеал ҳолатда у текис ва чиройли бўлиши керак. Байрам кечасида уни ҳосилдорлик рамзи бўлган ўтлар билан бирга ёқишади. Улар уйга осойишталик олиб келади ва барча қийинчиликларни қувиб чиқаради деб ҳисоблашади.
Болгария
Янги йилнинг ажралмас бўлаги - қизил таёқчалар. 1 январь куни эрталаб болалар катталар олдига келиб, таёқчаларини бир-бирига уриб табриклашлари керак.
Шунингдек, оиланинг энг кичик аъзоси меҳмонларни кутиб олиб, уларга қўшиқлар куйлайди. Табиийки, бу текин эмас.
Швеция
Шведлар Янги йилни оиласи билан кутиб олишмайди. Янги йилни "жамоатчилик" байрами деб билишади. Уни ҳамкасблар, дўстлар ва танишлар билан нишонлаган маъқул деб ҳисоблашади. Ҳаттоки дўстлари бўлмаса кўчада бекорчилар билан ҳам кутиб қўя қолишади. Швецияда аксарият Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, болаларга совғаларни баланд бўйли соқолли қария эмас, балки гном олиб келади. Унга турли ҳайвонлар, парилар, шаҳзода ва малика ва ҳатто қор маликаси ҳам ёрдам беради. Шведлар ҳар-хил фол очишни жуда яхши кўришади. Янги йил кечасида улар тарелкаларни қўшниларнинг эшигига уриб синдиришади. Парчалар қанчалик майда бўлса, янги йилда бахт шунчалик кўп келади.
Нидерландия
Нидерландияликларда ажойиб одат бор. Уй бекаси байрам дастурхони учун тайёрлаган пирогига нўхат яширади ва у кимга дуч келса, у "тож кийган" деб ҳисобланади ва уни кўкларга кўтариб мақтайди.
Голландия
Голландлар ўзлари билан гугурт олиб, янги йил зиёфатига боришади. Гугурт кейинчалик каминда ёқилади. Агар у бутунлай ёниб кетса, йил жуда омадли ўтади.
Италия
Итальянлар сершовқин ва серғайрат халқ. Уларнинг янги йил анъаналари ҳам худди шундай фавқулодда рўй беради. Масалан, Италияда бир-бирларига қизил кўйлак совға қилиш, кераксиз нарсаларни деразадан улоқтириш одат тусига кирган. Нарса улоқтириш анъанасидан секин-секин воз кечишмоқда, чунки бу кўплаб одамларга шикаст етказган. Лекин ҳали-ҳамон деразадан учиб тушаётган креслога ҳеч ким ажабланмайди. Итальянлар кераксиз чиқиндиларни ташлаб, бир йил ичида тўпланган салбий энергиядан халос бўламиз деб ўйлашади. Илгарилари уй деразасидан ҳатто эски, оғир мебелларни ҳам улоқтириб ташлаш мумкин эди, энди ўткинчиларга зарар етказмаслик учун кичикроқ буюмлар билан хайрлашишга ҳаракат қилишади.
Америка мамлакатларининг янги йил анъаналари
Америка сеҳрли диёрда бизга маълум бўлмаган қандайдир алоҳида анъаналар мавжуд эмас. Янги йил 31 декабрда бошланади. 1 январь эса байрамона парадлар ва юришлар билан бошланади. Улар кўп жиҳатдан европаликларга ўхшайди.
Аргентина
Ўтаётган йилнинг сўнгги иш кунида аргентиналиклар эски йил билан афсусланмай хайрлашади: эски тақвимлар, квитанциялар, бланкалар ва бошқа кераксиз ҳужжатларни ташлаб юборишади. Дераза тагидаги тротуарлар қалин қоғоз қатлами билан қопланади. Бу шаҳарликларнинг ўзларига ёққан энг ёқимли одати.
Бразилия
Бразилия аҳолиси денгиз маъбудасига албатта совғалар келтиришлари керак. Оқ кийим кийган аёллар ва эркаклар соҳилга минглаб ёқилган шамлар ёки оқ гулбарглар олиб келишади. Байрамнинг романтик қисмидан кейин карнавал бошланади.
Мексика
Мексикаликлар соат бонг уриши биланоқ қоғозни ёндириб, кулини шампань виносига қўшади. Соат кечги 12 га бонг уриши билан бир-бирларига 12 та тилак билдиради.
Осиё ва Африка мамлакатларининг янги йил анъаналари
Осиё мамлакатлари Америка ёки Европа мамлакатларига қараганда бироз мураккаброқ байрам нишонлайди. Ҳамма гап хитой тақвимига боғлиқ. Унга кўра, янги йил 21 январдан 19 февралгача бўлади. Бироқ, баъзи мамлакатлар 1 январни ҳам нишонлайди.
Япония
Янги йил бир ҳафта давом этади. Банклар, йирик дўконлар ва ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатади. Байрам арафасида йил рамзи бўлган ҳайвон тасвири туширилган табрикномалар тайёрланади. Кириш эшигига похол, бамбук ёки қарағай новдаларидан махсус безак - кадоматсу қурилади. Шунингдек, бир жуфт турли рангдаги ҳаво илонларини тайёрлаш керак. Аммо уларни фақат эркаклар ишга тушириши керак. Уй ичида олхўри (ёрдам рамзи), бамбук (болалар рамзи) ва қарағай (узоқ умр кўриш рамзи) шохлари бўлиши шарт. Янги йил кечасида уйдагиларнинг ҳаммаси қаттиқ кулишлари - ёвуз руҳларни ҳайдашлари керак.
Янги йил ҳафтаси давомида қуйидаги сўзларни талаффуз қилиш мумкин эмас: тулки, аждар, йўлбарс, илон, ўлим, жинлар. Агар кимдир ўз нутқига эътибор бермаса (одатда, бу болалар), улар оғзини махсус маросим матоси билан артишлари керак.
Ветнам
Янги йилда ветнамликлар уйда ўтиришмайди. Уларда кўчада гулхан ёқиш, бир-бирларини гуручли таомлар билан сийлаш, тирик балиқларини ҳовуз ёки дарёга чиқариш одат тусига кирган. Меҳмонларга шафтоли новдалари совға сифатида тақдим этилади. Идеал меҳмон эса 70 ёшдан ошган одамдир. Ветнамликларнинг фикрича, агар янги йил дастурхони ортида етмиш ёшдан ошган одам ўтирса, унинг донолиги барча иштирокчиларга тарқалади. Меҳмон қанча катта бўлса, унга шунча ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.
Таиланд
Бу мамлакатда сиз на арчаларни, на одатий атрибутларни учратасиз. Бунинг ўрнига тайлар сизга сув қуйиб беришади. Бу анъана омадни жалб қилиш ва покланишга қаратилган.
Ҳиндистон
Энг ёрқин ва экзотик мамлакатлардан бири. Янги йилда ёмон кайфиятда бўлиш қатъиян ман этилади. Гарчи бу жуда қийин бўлса-да, атрофингдаги ҳамма нарса оқ, бинафша, пушти ва ёрқин қизил ранглар билан безатилади. Ҳамма жойда чироқлар милтиллайди, патнисда эса яқинлар томонидан совғалар кутади.
Хитой
Хитойда бизнинг арчамизнинг аналоги бўлган Нур дарахти безатилади. Дарахтдан ташқари, хитойликлар жуда кўп турли хил чироқларни ёқишади.
Марказий Африка
Африкада маросим рақсларидан ташқари қизиқарли анъана бор – тухум билан тезликка югуриш. Ким биринчи бўлиб югуриб келиб, тухум синдирмаса, ўша ғолиб чиқади. Байрамнинг экзотиклиги бўйича рекордчи - Австралия. Қор ҳам йўқ, арча ҳам йўқ, буғу қўшилган арава ҳам йўқ. Лекин пальмалар, қуёш, океан ва Санта Клаус бор.
Ҳа, ҳа, Австралияда Янги йилни шундай нишонлашади: офтобда, сирфинг тахтаси ва Санта Клауснинг анъанавий кийимида кутиб олишади.
Эквадор
Эквадорда Янги йилни кутиб олишнинг қувноқ анъанаси мавжуд. Маҳаллий аҳоли саёҳат қилишни жуда яхши кўради ва агар соат занг ургунча катта чамадон билан уй атрофида ўн икки марта айланиб чиқилса, келгуси йилда улар албатта кўплаб турли жойларга ва мамлакатларга ташриф буюришлари мумкинлигига ишонишади.
Феруза РАҲИМОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0