ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ — СТРАТЕГИК МАСАЛА!
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан суҳбат
Сўнгги саккиз йилдан буён юртимизда қишлоқ хўжалиги бутунлай янги тизимда ишламоқда. Бундан мақсад сувдан унумли фойдаланиш, халқни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Яқинда Олий Мажлис Сенати «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни маъқуллагани эса бу борада давлат идораларининг вазифаларини белгилаб беришда яна бир муҳим омил саналади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан суҳбатимиз соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, режалар ва вазифалар, мавжуд айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида бўлди.
— Иброҳим Йўлчиевич, суҳбатимиз аввалида янги қонун билан вазирлик зиммасига юклатилаётган вазифалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Қишлоқ хўжалиги мамлакатимизда устувор соҳалардан бири саналади. Охирги йилларда бу соҳа ислоҳотларлар марказида бўлди, десак, хато қилмаймиз. Бунинг сабаблари эса ҳаммамизга аён. Дунё ўзгармоқда, глобал муаммолар турли масалаларни кун тартибига қўймоқда. Аммо демографик ўзига хослик, ер ресурсларининг имконияти, мавжуд тизим самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалалар ҳали айни йўналишда қиладиган ишларимиз кўплигидан далолат бериб турибди.
Маъқулланган қонун халқнинг озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлашга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди. Унда ҳукуматимиз Қишлоқ хўжалиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари билан ҳамкорликда халқни ҳар йили эҳтиёжларига мутаносиб равишда озиқ-овқат билан таъминланиш чораларини кўриши ва уларнинг ижросини таъминлаши лозимлиги белгилаб берилди.
— Айтинг-чи, Ўзбекистон ўз имкониятлари билан энг муҳим стратегик маҳсулотларнинг неча фоизини таъминлай олади?
— Агар озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотлари йўналишида таҳлил этсак, мамлакатимизда жами 23 миллион тонна маҳсулот етиштирилади. Шундан 5-6 миллион тоннаси экспортга, қолганлари ички бозорларимизга йўналтирилади. Ижтимоий аҳамиятга эга ўн турдаги маҳсулот кесимида олсак, эҳтиёжнинг ўртача 80 фоизини ўзимиз қоплаймиз. Масалан, картошка эҳтиёжга нисбатан 86-87, гуруч 82 фоизни ташкил қилади. Гўшт маҳсулотлари бўйича қарийб 95-100 фоизлик маррани забт этганмиз. Аммо ўсимлик ёғи масаласида камчилигимиз бор — унинг атиги 6 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилади. Пиёз, сабзи, ун, тухум ҳамда сут маҳсулотлари ҳажми эса 107 фоиздан 128 фоизгачани ташкил қилади.
— Картошка 86 фоиз эҳтиёжни қоплайди, деяпсиз. Лекин реал ҳолатда ташқаридан кўпроқ картошка келтирилаётганга ўхшайди. Яқинда Қозоғистон картошка экспортини тўхтатди. Боз устига, Қирғизистон ҳам чеклов ўрнатди. Бозорларимиз бунга дарҳол «муносабат» билдирди — картошка нархи қисқа фурсатда ошиб кетди…
— Ўринли ва ҳақ гапни айтаяпсиз. Дарвоқе, бозорларда картошка анча қимматлади. Бунинг дастлабки сабаби ўтган йили ҳосилдорлик нафақат бизда, балки бошқа мамлакатларда, айниқса, қўшни давлатларда ҳам кутилганидек бўлмади. Масалан, Россияда режадагидан 2 миллион 900 минг тонна, Қирғизистонда аввалги йиллардагига нисбатан 30 минг тонна кам ҳосил олинди.
Биз ҳар йили 4,5 миллион тонна картошкага эҳтиёж сезамиз. Йиллик қувватимиз эса 3 миллион 900 тонна ва режани, юқорида айтганимдек, 86-87 фоиз қилиб бажарамиз. Демак, яна 600-700 минг тонна картошка импорт қилишга мажбурмиз.
Умуман, бу мавсум билан боғлиқ жараён. Баҳор кезлари бизда эртанги картошка ковлаб олинади. Истеъмолга жуда кўп миқдорда чиқарилиши боис тез орада нархи яна арзонлашади.
Яна бир масала. Яқин-яқингача сақлаш қувватларимиз ҳам талабларга жавоб бермас, қайта ишлаш жараёнлари ҳам ҳавас қилгудек эмасди. Мана шу омиллар картошка нархи қимматлашишига сабаб бўляпти.
— Илгари Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жиззах вилоятининг Бахмал туманларида картошкачилик яхши ривожланганди. Аммо бир неча йилдан буён томорқаларга ҳам, фермерлар ерига ҳам картошка деярли экилмаяпти. Асосий сабабларидан бири харажатлар ўзини қопламаяпти. Шунинг учун ҳам бугунги кунда картошканинг серҳосил, касалликларга чидамли янги навларини олиб келишга катта маблағлар ажратилаяпти. Аслида вазият кескинлашмасидан олдин қандайдир чоралар ишлаб чиқилса бўлмасмиди?
— Аввало, тан олиш керак, картошка етиштириш серхаражат юмушлар сирасига киради. Бир гектар ерда картошка парваришлаш учун тахминан 60 миллион сўм сарфланади. Унинг катта қисми уруғлик учун ажратилишини инобатга олсак, масала ойдинлашади. Фермерлар асосан уруғлик картошка етишмаслигидан қийналишади. Қолаверса, шу пайтгача уруғлик сотиб олиш бўйича бирон-бир имтиёз йўқ эди. Муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмаси билан эндиликда картошкачиликни ривожлантириш борасида ҳам имтиёзли кредитлар ажратиладиган бўлди.
Картошка етиштиришда навбатдаги муаммо бу — вируслар. Ҳозир унга дахлдор 27 тадан ортиқ касаллик аниқланган. Шундан олтитаси бизда аниқ учрайди ва ҳосилдорликка кескин салбий таъсир кўрсатади.
Вируслар нафақат маҳаллий, балки четдан келтирилган уруғларни ҳам зарарлаяпти. Уларга қарши курашиш учун бир йилда 10 миллион дона микротуганак чиқара оладиган олтита лаборатория ташкил қилдик. Микротуганаклар деҳқоннинг қўлига элита уруғ бўлиб етиб бориши учун соҳада катта ишлар амалга ошириляпти. Янги навлар яратяпмиз. «Тошкент эртакиси» ва «Ўзбекистон қизили» шулар жумласидандир. Ушбу навларнинг ҳосили бошқалариникига нисбатан анча юқори. Хусусан, ҳар гектар ердан ўртача 20-25 тонна ҳосил олинса, мен тилга олган янги навлардан 40 тоннагача хирмон кўтарилади.
Айни йўналишда Жанубий Корея, Венгрия давлатлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
— Деҳқонга ёрдамнинг энг каттаси унинг маҳсулоти таннархи пасайишига кўмаклашишдир. Шубҳасиз, қишлоқ хўжалигида прогнозлаш масаласи ҳам муҳим. Бу йил қиммат бўлган маҳсулот келаси йил, албатта, арзонлаб кетади. Бу ўша прогнозлашнинг нотўғрилиги оқибатидир. Қолаверса, айнан шундай пайтда давлат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан бақамти туриб, ҳамкорликда ишлаши бўйича тактика етарли эмасдек.
— Албатта, тактика йўқ десак, нотўғри бўлар. Сабаби, ҳар бир ҳудудда махсус тизимни йўлга қўйганмиз. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида ходимларимиз фаолият кўрсатишяпти. Улар жойларда фермер ва деҳқонлар билан мунтазам мулоқот қилиб боришяпти.
Ўрганишлар жараёнида аён бўлишича, бу йил шоли экилган майдонлар 41 минг гектарга кўпаймоқда. Ҳозир тахминан 34 минг тонна шолига эҳтиёжимиз бор. Шунингдек, бу маҳсулотга бошқа, асосан қўшни давлатлар ҳам эҳтиёжманд.
Ёки бошқа мисол. Томорқаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 2025 йилда 167 минг гектар ерга картошка экишни мўлжаллаяпмиз. 52 минг гектар ерда кўпроқ дуккакли экинлар етиштиришни режалаштираяпмиз. Чунки деҳқонларимизда мош экспортига қизиқиш кучли.
Мавриди келганда, яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозим. Баъзан режалар бизга боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли амалга ошмай қолиши мумкин. Ҳосилдорлик эса, истаймизми-йўқми, об-ҳавога ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, 2023 йилда тахминан 1 миллион 600 минг тонна пиёз етиштирдик ва бу ички бозорни тўлиқ таъминлади. 2024 йилда ҳам шунча ерга пиёз экилди ва икки баробар кўп, яъни 3 миллион 200 минг тонна ҳосил олинди. Чунки бултур ёғингарчилик сероб бўлди.
Шубҳасиз, деҳқон даромад орттирмаса, меҳнатидан манфаат кўрмаса, соҳа ривожланмайди. Охир-оқибат бозорга ва халққа ҳам таъсирини ўтказади. Шу боис ушбу масалага жиддий эътибор қаратишимиз, манфаатдорликни таъминлаб беришимиз керак. Давлатимиз раҳбари ҳам бизнинг зиммамизга бозорлар билан алоқани кенгайтириш вазифасини бежиз юкламади. Бу борада вазирлик ва унинг ҳузуридаги Карантин агентлигида алоҳида тузилма ишлаяпти. Қисқаси, қайси маҳсулот бозорда қачон харидоргир бўлиши, унинг барқарорлиги масаласи ҳамиша диққат марказимизда. Бозорлар ташкил этиш, маҳсулотларни экиш, юқори ҳосил олиш, уларни етказиб беришдаги муаммолар бўйича иш олиб бораяпмиз. Бундан ташқари, қўшни мамлакатларда ҳам ўз маҳсулотларимиз бозорини очиш чораларини кўраяпмиз.
— Қўшни давлатлар бозорларига қанча озиқ-овқат маҳсулотлари чиқарилмоқда?
— Бурноғи йилда 2 миллиард 300 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилгандик. Бултур янги тизим бўйича 3,5 миллион тонна маҳсулот чиқаришни режалаштирдик. Амалда бу вазифа 125 фоизга бажарилди. Жорий йилда 3,5 миллиард долларлик маррани кўзлаяпмиз. Январь ойида 154 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Лекин бу кам. Бир ойлик экспорт ҳажмини камида 500 миллион долларга кўтаришимиз зарур.
— Тан олиш керак, қай фаслда бозорга тушманг, тўкин-сочинликнинг гувоҳи бўласиз. Айниқса, меваларнинг кўплиги-ю турининг ранг-баранглигидан кўзингиз қувнайди. Бу яхши, албатта. Аммо иқлим шароитимиз қулайлигига, миришкор халқимиз борлигига қарамай, ўша ноз-неъматларнинг катта қисми четдан кириб келаётганини қандай баҳолайсиз?..
— Афсуски, барчага маълум ҳақиқатдан кўз юмолмаймиз. Саволингизга «Корзинка» савдо тармоғи мисолида жавоб берсам. Унинг барча филиалларида бир кунда 200 минг тонна маҳсулот сотилади. Мевалар асосан четдан олиб келинади, сабзавотларнинг эса ҳаммаси маҳаллий.
Ўзимизда етиштирилган мевалар ширин бўлиши мумкин, аммо чирой жиҳатдан, яъни дастурхонбоплиги бўйича хорижникидан сал фарқ қилади. Масалан, ҳажми кичкина, чириган, яхши сақланмаган ёки қурт тушган бўлиши мумкин. Хуллас, мева борасида четдан келаётганлари билан рақобатлаша олмаяпмиз. Менимча, бу вақтинчалик ҳолат.
— Энди бошқа бир масалага эътибор қаратсак. Охирги пайтларда электр ва газ истеъмолига ижтимоий чекловлар қўйдик. Ҳозир иссиқхоналарда асосан автомобиль шиналари, кўмир ва бошқа ёқилғилардан фойдаланилмоқда. Бу, аввало, пойтахтимизда ҳаво мусаффолигига жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Бир томондан тадбиркорларни ҳам тушуниш керак. Ҳар қалай, улар бу ишга атай ёки эрмак учун қўл уришаётгани йўқ. Бозорларни таъминлаётган ҳам шулар.
Хўш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги нега айни ҳолатлар бўйича ҳукумат олдига масала қўймайди ва ечимлар бермайди? Масалан, қуёш панелларидан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш борасида уларга қандайдир имтиёз ва преференциялар бериш бўйича нега таклифлар киритмайди?
— Иссиқхоналар катта масала. Бу йўналишни тартибга солиш, қўллаб-қувватлаш учун алоҳида ташкилот — Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мавжуд. Айтиш мумкин, ҳозирги иссиқхоналар бундан саккиз йил олдингисидан анча дуруст. Зарур шарт-шароитлар яратилаётгани натижасида уларнинг сони кун сайин кўпаймоқда.
— Албатта, кўпайганига эътироз йўқ, лекин реал шароитни ҳам унутмаслик керак, назаримда…
— Бугунги кунда тахминан 3 мингдан ортиқ шундай объект бор ва уларнинг бир қисми газ воситасида иситилади. Умумий ҳисобда иссиқхоналарнинг 50 фоизи кўмирдан фойдаланяпти, уни керакли ёқилғи сифатида ўзлари танлашган.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан иссиқхоналарга имтиёз берилди. Яъни улар фойдаланган газ ҳақини уч ойдан сўнг, аниқроғи, ҳосил пишиб етилгандан кейин тўлайдиган бўлишди. Авваллари эса тўлов олдиндан амалга оширилар, газ кейин етказиб бериларди.
Бугун ресурслар чекланганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Шундан келиб чиқиб, ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозир кам газ чиқарадиган кўмирга ўтиш ва бошқа мақбул чораларни кўриш юзасидан кенг қамровли иш олиб боряпмиз. Мақсадимиз таннархни арзонлаштириш ва рақобатбардошликни таъминлашдир.
— Аммо тўловларни кечиктириш таннархни туширмаса керак…
— Эътирозингиз ўринли. Тадбиркорларга қандайдир имтиёзлар бериш билан таннархни тушириб бўлмайди. Уни жиловлашнинг яна бир усули ҳосилдорликни оширишдир. Мана шу жиҳатни ҳам эътибордан қочирмаслигимиз зарур. Деҳқонларимизни қийнаётган муаммолардан бири, боя айтганимдек, янги, сифатли ва ҳамёнбоп уруғ масаласи. Уларни топиш мушкуллиги туфайли қўлбола уруғларни экишга мажбур бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилаяпти ва бу ўз-ўзидан ҳосилдорлик ҳамда рақобатбардошликка салбий таъсир кўрсатяпти.
Қуёш панеллари яхши технология, аммо иссиқхоналар учун маъқул эмас. Уларда кечқурунлари ҳам иссиқлик билан таъминлаш имкони йўқ. Агар батареялар қўйиб қилинадиган бўлса, таннарх янада ошишига олиб келади. Шунинг учун эндиликда замонавий технологияларга мослашишимиз лозим бўлади. Янги авлод иссиқхоналарида шунга эътибор қаратяпмиз.
Биргина мисол. Хитойда умумий ер майдони 3,5 миллион гектарга тенг иссиқхоналар мавжуд. Аксарияти энергия сарфисиз фаолият юритади. Улар инновацион усулда шакллантирилган. Яъни бир тарафи пахса билан ўралган, иссиқлик бир тарафдан бўлади. Кечаси махсус ёпинчиқ (кўрпа) билан ўраб қўйилади.
— Суҳбатимиз давомида томорқачиликка тўхталмасак адолатдан бўлмаса керак. Чунки у бугун давлат сиёсати даражасида кўрилмоқда. Бу борада Президентимизнинг ташаббуслари таҳсинга сазовор бўлмоқда. Айниқса, «Сайхунобод тажрибаси» жуда яхши самара бермоқда. Назаримда, томорқага Ўзбекистончалик катта эътибор қаратаётган давлат бўлмаса керак…
— Айни вақтда ер майдонларимизнинг қарийб 509 минг гектарини томорқалар ташкил қилади ва уларда 5 ярим миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилади. Бу жуда катта имконият. Аммо шу вақтгача ундан самарали фойдаланмаганмиз, билъакс, ўлда-жўлда иш тутганмиз, нописандлик билан қараганмиз. «Сайхунобод тажрибаси» томорқачиликда катта имкониятлар борлигини исботлади. Давлатимиз раҳбарининг аввалбошданоқ томорқа имкониятларига урғу беришининг асл сабабларини энди англаб етдик. Бу аслида миллионлаб одамларнинг тўқлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дегани. Қолаверса, оилада ерга муносабатнинг ўзгариши фарзандлар тарбиясида ҳам муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик лозим.
Ушбу ҳаракат иқтисодий ривожланишга, камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни камайтиришга ҳам катта хизмат қилди, десак, янглишмаган бўламан. Мазкур тажриба ўзини оқлаганидан сўнг давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжатни имзолади. Унга мувофиқ, эндиликда томорқалар бўйича янги тизим шакллантирилиб, банклар бириктириладиган ва томорқа эгалари етиштирган маҳсулотларнинг мижози сифатида елка тутадиган бўлди.
Аслида 509 минг гектар кичкина ер эмас. Агар шу жойларда икки марта ҳосил олиш имкони мавжудлигини назарда тутсак, фойдани ўзингиз чамалаб кўраверинг. Бу худди одамлар қўлида турган, ишлатилмаётган миллионлаб доллар валютадек гап. Ҳозир томорқасидан 2-3 марта ҳосил кўтариб, 100 миллиондан 350 миллион сўмгача даромад топаётганлар ҳам бор.
Президентимиз бу ноёб тизимни амалиётга жорий қилаётган пайтлардаги асосий мақсад ҳам шу эди, аслида. Умуман, бундан кўзланган муддао фақат даромадни ошириш эмас. Унинг замирида келажак авлод, яъни ҳар бир хонадонда вояга етаётган болаларнинг тўла ва соғлом овқатланиши, таълим олиши каби муҳим масалалар мужассам. Зеро, соғлом ва бақувват фарзандни камолга етказиш иқтисодий манфаатдан анча юқори турадиган долзарб вазифа.
— Эндиликда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Айни пайтда Хитой ва Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро шартномалар имзоланди. Бу жуда катта қадам. Бироқ аъзоликнинг ўзига яраша шартлари ва талаблари бор. Масалан, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз уларнинг стандартларига жавоб бериши керак. Қишлоқ хўжалиги вазири сифатида айтинг-чи, деҳқону фермерни, бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалиги ишчиси, тадбиркорини нималар кутаяпти?
— Бу борада катта натижаларга эришяпмиз. 166 та мамлакатдан энг барқарор 24 таси билан деярли келишиб бўлдик. Менимча, қолган жараёнлар ҳам тез кечади.
Ташкилотга қўшилишнинг фойдаси катта. Бозоримизга янги, ҳосилдор уруғлар, кўчатлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, мевалар кириб келади. Рақобат кучаяди, натижада таннарх пасаяди. Шу билан бир қаторда, ўзимиздаги маҳсулотларнинг ҳам сифати яхшиланади. Унга маълум талаблар қўйилади. Тўғри, тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларимизга бироз қийин бўлади. Рақобатлашиш осон кечмайди, лекин улар бозорга мослашиш ва таннархни камайтириш ҳаракатида бўлишади. Бундан, биринчи галда, истеъмолчи ютади. Танлов кўпаяди. Хуллас, рақобат бор жойда сифат яхши, нарх арзон бўлади.
— Амударёдан Қўштепа каналининг барпо этилиши Ўзбекистон манфаатларига нечоғлиқ зарар келтиряпти? Шу ҳудуддаги деҳқонларнинг аҳволи қандай бўлади?
— Албатта, оқиб турган сувнинг қандайдир қўшимча битта ариққа кириши ҳам дарров сезилади. Қўштепага ўхшаган йирик каналларнинг барпо этилиши Ўзбекистонга сезиларли таъсир қилади.
Биз бундан кейин яна шу каби каналлар, бошқа чақириқлар пайдо бўлишига ҳам тайёр туришимиз лозим ва бу табиий жараён. Шу боис ҳозир муҳтарам Президентимиз бошчилигида сув сарфини ва йўқотишларни камайтириш бўйича стратегия ишлаб чиқилди. Ички ариқларни-ку, айтмай қўя қолайлик, катта магистрал каналларимиз ҳам тупроқ ўзанли бўлган. Оқибатда камида 40 фоиз сув ер тагига сингиб кетарди. Ана шундай йўқотишлар олдини олиш учун барча ариқ ва каналларни бетонлаштириш бўйича катта дастур эълон қилинди. Ҳозиргача режалаштирилган ишларнинг 30 фоиздан ортиғини бажариб бўлдик ҳам. Бу йил ҳам ушбу йўналишда жуда катта режаларимиз борки, улардан асосий мақсад сувни тежаш. Шунингдек, томчилатиб суғориш технологиялари, бошқа технологиялар ва лазерларда ишлаш сув сарфини камайтиради.
— Ўтган асрнинг 80-йилларида ва ундан кейин ҳам Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш ҳамда шу тариқа Оролни тўлдириш лойиҳаси ҳақида кўп гапирилди, ёзилди, турли фикрлар билдирилди. Бугунги кунда баҳор кезлари Россия ва Қозоғистон ҳудудларида юз бераётган сув тошқинлари фонида ўша мавзу яна кўтарила бошланганига гувоҳ бўляпмиз. Сиз вазир ва олим сифатида ушбу масалага қандай қарайсиз?
— Бу кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган жуда катта лойиҳа. Олим сифатида айтишим керакки, Сибирь дарёларини Марказий Осиёга буриш масаласида ҳали тўлиқ жавоби топилмаган саволлар жуда кўп. Масалан, нисбатан совуқ сувнинг катта миқдорда кириб келиши минтақамиз иқлимини ва асрлар оша шаклланган деҳқончилик маданиятини ўзгартириб юбормайдими? Оқимнинг бошқа томонга бурилиши келажакда ўша ҳудудларнинг ўзида ҳам сув танқислигини келтириб чиқармайдими?
Саволлар жуда кўп. Булар иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги борасидаги барча тартиб-тамойиллар ҳам ўзгаришига олиб келиши мумкин бўлган лойиҳа эканини пухта ўйлаб кўришга тўғри келади. Табиат ҳеч бир ўзгаришни оқибатсиз қолдирмаслигини доимо ёдда тутиш даркор. Шу маънода, бундай масалани кўтариб чиқиш ва бир қарорга келишда етти ўлчаб бир кесиш керак, деган фикрдаман.
— Иброҳим Йўлчиевич, мулоқотга вақт ажратганингиз учун катта раҳмат.
Ҳусан ЭРМАТОВ
суҳбатлашди
Mақолага баҳо беринг
0/50
1
0
0
0