ШУРАЛЕЛАР Бу махлуқотлар бизнинг наздимиздаги жинлардан нимаси билан фарқланади?
Ўз-ўзидан аёнки, ибтидоий одамларнинг борлиқ ҳақидаги тасаввурлари ҳаминқадар бўлган. Улар оламнинг яратилиши, инсон, ҳайвонот ва наботот дунёсининг вужудга келиши сабаблари ва моҳиятини теран тушунишмаган. Ўз ҳаётлари ва ён-атрофларида, ерда ва самода рўй берадиган табиий жараёнлардан ҳайратланишган. Айниқса, бахтсиз ҳодисалару бало-офатлардан қаттиқ таажжуб ва ваҳимага тушишган. Шу боис ғайритабиий кучлар мавжудлигига ишониб, ҳар бир нарсанинг жони-руҳи, яхшилик ва ёмонликнинг ўз ҳомийси бор деган хулосага келишган. Эзгулик ва ёвузлик маъбудаларини яратиб, уларга сиғинишган.
Бора-бора одамзоднинг онг-шуури, ақл-идроки ривожланиб, дунёқараши ўзгарган. Пировардида кўпхудоликдан воз кечиб, яккахудоликни танлаган. Шунинг баробарида залолатга берилган кимсаларни тўғри йўлдан оздириб, ҳаётини алғов-далғов қилиб юборадиган, соғлиғига путур етказадиган, ҳатто умрига зомин бўладиган ёвуз кучлар борлигига иймон келтирган. Чунончи, жинни ҳам уларнинг қаторига қўшган.
Улар бизни кўради, биз эса...
Диний манбаларда таъкидланишича, оловдан яратилган бу махлуқотни одамлар кўрмайди, улар эса одамларни кўрадилар, овозини эшитиб, тилини тушунадилар. Муҳими, уларнинг ҳам ўз жамоалари, қабилалари, гуруҳлари, мусулмонлари ва кофирлари бўлиб, барчаси Ер куррасида ва ўзга сайёраларда яшаш имконига эга. Давомини суриштирсангиз, Иблис ҳам жинлардан тарқалган саналади.
Шарқ мифологияси ва диний тасаввурларга кўра, жинлар овлоқ, пана-пастқам жойларни ўзларига макон тутишади. Киши кўзига одам қиёфасида кўриниб, уни бирор дардга чалинтиради, масалан, оғзини қийшайтириб қўяди. Улар туркий халқлар оғзаки ижодида ажина деб юритилади ва салбий образ сифатида талқин қилинади. Кўпинча ташландиқ ва хароба жойларда, чакалакзор ва кимсасиз ўтлоқларда учраши, асосан сулув қиз, чақалоқ, сочи ёйилган кампир, қўзичоқ ва эчки тимсолида намоён бўлиши эслатилади.
Аслида бу гаплар сизу биз учун янгилик эмас. Чунки барчамиз болалигимизда катталардан жин-ажиналар ҳақида кўп ва хўб эшитганмиз. Қолаверса, уларни ўзимиз ҳам кундалик мулоқотимиз чоғи тез-тез кўчма маънода тилга олиб турамиз. Баъзан жуссаси кичкина, жиккак ва кўримсиз кишини ажинага, ғараз мақсадига эришиш йўлида одамларни алдаб, минг бир турланадиган кишини алвастига қиёслаймиз. Гоҳида инсоннинг табиати, таъби ва кайфиятини назарда тутиб, “жини суймайди”, “жинидан баттар ёмон кўради”, “жин тегди”, “жин урди”, “жини қўзиди” деймиз. Ўрнига ва вазиятга қараб, “жин кўча”, “жинчироқ”, “жин урсин!” калималарини ишлатамиз.
Шубҳасиз, жин-ажиналар борлигига ишониш, уларга боғлиқ урф-одатлар ва ирим-сиримлар кўплаб бошқа халқларда ҳам оммавийлашган. Масалан, қозон ва бошқирд татарлар ўтмишига назар ташлайлик. Айрим манбаларга қараганда, уларнинг аждодлари мажусий бўлган даврларида, яъни милоддан аввалги VII-VI асрларда қарор топган зардуштийлик динига сиғинган пайтларида қалин ўрмонлар атрофида умргузаронлик қилишган. Жинларни ўз тилларида шурале деб аташган. Кун ботгач, ўрмонга қадам босишмаган. Акс ҳолда, оқибати хунук якун топади, шураленинг тузоғига илинган одам ҳалокатга юз тутади ёки кейинчалик бошига тушган савдоларни эслаб, қаттиқ азоб-уқубат ва изтироб чекади, деган фикрни илгари суришган. Шунинг учун ҳам дуога қўл очишганда кўпинча “Ҳаммамизни ёмон кўргуликлардан Яратганнинг ўзи асрасин! Ҳеч биримизни шуралега рўбарў қилмасин!” дея тилак билдиришган. Хўш, нега?
Аввал аврайди, кейин жазолайди
Таърифлашларича, шурале қалин ўрмонларда яшайди. Гавда тузилиши кўп жиҳатдан одамникига ўхшаб кетади. Аммо баданини жун босган, пешонасининг қоқ ўртасида биттагина шох бўртиб чиққан бўлади. Узун-узун қўлларининг бармоқлари 30-35 сантиметрча келади, қулоқлари шалпайиб осилиб туради. Алланечук букчайиб юради, баъзан ғалати уст-бош кияди.
У аксарият ҳолларда ёлғиз одамни овлайди, икки-уч кишига яқин йўламайди. Ит ҳамроҳлигидаги одамни кўрса, орқа-олдига қарамай, қочиб қолади. Бундай дамларда йўловчи уни кўрмайди-билмайди, фақат шох-шаббалар шитирлаганини илғайди, холос.
Шурале одатда кўклам ва ёз фаслларида тонготар ёки кунботар чоғи пайдо бўлади. Кўпинча ўрмон ичида туриб олади-да, худди ёрдам сўраётгандай астойдил бўзлайди. Ёки ўрмон четига чиқиб, инсонга хос овозда кимларнингдир отини айтиб чақиради. Ўша ердан ўтиб бораётган одамни кўргани ҳамоно айюҳаннос солиб, йиғлашга тушади. Бамисоли адашиб, йўлини йўқотиб қўйган кимсадек борар манзилини топишда ёрдам сўрайди. Вақти тиғизлигини, кўмакка ниҳоятда муҳтожлигини такрорлайвериб, жонга тегади. Саволга жавоб қайтаришдан ўзини олиб қочади. Баъзан бошқача усулни қўллайди. Ўлжасига хирапашшадек ёпишиб олиб, шодон кулади. Ўзини унга бировнинг исми билан таништириб, қачонлардир иккиси ўртоқ бўлганини эслатишга уринади. Шу зайл йўловчининг хаёлини ўғрилаб, фикрини чалғитади. Сўнгра уни ўрмоннинг кўздан холи чангалзор қисмига етаклайди. Охир-оқибат ўз ноғорасига ўйнатиб, турли бало-қазога гирифтор қилади.
Модомики, шундай экан, шуралега бақамти келганда нима қилмоқ ва ундан қандай қутулмоқ керак? Келинг, энди тажрибаси бой халқнинг бу ҳақдаги ўгитларига қулоқ тутайлик.
У шохида юрса, сиз баргида юринг!
Энг муҳими, сиз ҳеч қачон кулманг, лоақал тишингизнинг оқини ҳам кўрсатманг. Борди-ю, бу маслаҳатимизга амал қилмасангиз, ўзингиздан гина қилинг. Чунки оғзингизни сал очсангиз, шурале сизни кулаяпти, деган фикрга боради. Бинобарин, ўша ондаёқ елкангизга канадай маҳкам ёпишиб олиб, сизни қитиқлашга киришиб кетади. Бу унинг энг севимли машғулоти бўлиб, то одамнинг жонини олгунча давом эттираверади.
Дарвоқе, шураленинг узун ва қинғир-қийшиқ бармоқлари атай қитиқлаш учун яратилганга ўхшайди. Боз устига, у тинимсиз қашинади. Одамни учратганда “Кел, бир-биримизни қитиқлаб кулдириш ўйнаймиз, илтимос, бўла қол!” деб ёлворади. Бундай кезларда зинҳор-базинҳор унинг таклифига кўнманг. Барибир, ўйин бир томонлама ва ғирром бўлади. Сиз ҳарчанд уринманг, шуралени қитиқлай олмайсиз. У қитиқлашга киришганда эса, жонингиздан умид узаверинг.
Шураледан қочиб қутулиш ҳам даргумон. Негаки, оёқлари узунлиги боис, у бағоят тез юради. Шунчаки одимлаган тақдирида ҳам, югуриб бораётган отга бемалол етиб олади.
Ўрмон шароитида шуралени дов-дарахтлардан фарқлашнинг мутлақо иложи йўқ. У йўлингизда худди тик қотган ёлғиз дарахтдек туриб олади. Билмай-сезмай яқинлашган пайтингиз тўсатдан сизга ташланиб қолади.
Албатта, қалтис дамларда шураленинг чангалидан халос бўлиш йўллари ҳам бор. Бунинг учун, аввало, дарё ёки сой-анҳор томон қочиш ҳамда нариги соҳилга сузиб ўтиш даркор. Сабаби, шурале сувдан ниҳоятда қўрқади. Мабодо у “Барака топгур, менга сувдан айланиб ўтадиган жой қайдалигини айтиб юбор, илтимос”, деб аврай бошласа, ҳовлиқиб қолманг. Унга ўтиш жойини эмас, тескари томонни кўрсатиб юборинг.
Агар сиз шуралега дуч келган ерда дарё ёки бошқа бирон-бир сув ҳавзаси бўлмаса-ю, ёнингиздан шишага ёки шунга ўхшаш бошқа бирор идишга қуйилган сув топилса, кифоя. Уни дарҳол бош-оёғингизга сепинг. Шурале уст-боши ҳўл одамни қитиқлай олмайди. Айни чоғда, унинг қуришини узоқ кутиб туришдан ҳам эринмайди. Демак, фурсатни бой берманг, вақт ғаниматида дарё ёки анҳор сингари сув ҳавзасини қидиринг. Уни топишга кўзингиз етмаса, ташаббусни қўлга олиб, шуралега яшинмачоққа ўхшаш бирор ўйин ўйнашни таклиф этинг. Кейин хайрлашишни насия қилиб, ими-жимида жуфтакни ростлаб қолинг.
“Бултурги йил” исмли йигитнинг донолиги
Сир эмас, замонлар эврилиб, тараққиёт жадаллашгани сайин одамлар орасида Худога шак келтирувчилар кўпайган. Баъзи давлат ҳамда жамиятларнинг ҳукмрон кучлари динни ва диндорларни камситган, аёвсиз таъқибга олиб, халқнинг азалий анъаналари, урф-одатлари ва ирим-сиримларига қарши курашганлар. Бу борадаги тарғибот ишларида замона зайли билан баъзи таниқли зиёлилар ҳам қатнашганлар. Чунончи, машҳур татар шоири Абдулла Тўқай (1886 – 1913 йиллар) ҳам давр тақозосига кўра, шуралелар ҳақидаги гапларни бидъатга йўйган. Ёшларга қарата, “Шуралелар ҳам, жину ажиналар ҳам хурофотдан ўзга нарса эмас. Уларни кексалар сизларни қўрқитиш учун ўйлаб топишган. Бу жаҳолат ва билимсизликнинг оқибат-натижасидир. Сиз, азиз болажонлар, шуралеларга асло ишонманглар!” деган.
Шоирнинг болалиги ўтган ва кейинчалик “Шурале” достонини ёзишига илҳом бағишлаган Кирлай овулида эса қизиқ воқеа рўй беради. Инсу жинслар борлигига кўп-да ишонмайдиган бир йигит қишга ўтин ғамлаш ниятида ойдин тунда ўрмонга боради. Чакалакзорда дарахтларни йиқитиб, шох-бутоқларини каллаклаётган маҳали қўққисдан қаршисида шурале жавлон уради. У гапни айлантириб-айлантириб, охирида “қитиқламачоқ” ўйнашни таклиф қилади. Йигит ақлу ҳушини йўқотиб, эсанкираб қолмайди. Аксинча, айёрликда шураледан ўтиб тушади. “Таклифингга бажонидил розиман, – дейди қув кўзларини қисиб. – Фақат битта илтимос бор, сен аввал менга мана бу тўнкани аравага ортишга ёрдамлашиб юбор, хўпми? Кейин хумордан чиққунча қитиқлашамиз”.
Йигит гўёки шурале ушлашига осон бўлиши учун тўнкани ёриб, пона қоқади. Пайдо бўлган ёриққа шурале узун бармоғини суқиши биланоқ понани уриб чиқариб юборади. Қарабсизки, маккор душман қопқонга тушади. Жон аччиғида дод-фарёд чекади. Сўнг йигитга дағдаға уриб, исканжадан озод этишини талаб қилади. Бу ҳунари иш бермагач, ширин сўзлар айтиб, ялинишга ўтади. Барибир йигит унинг найрангларига учмайди. Ноилож қолган шурале охирги ҳунарини ишга солади. Йигитдан “Исминг нима?” деб сўрайди. “Исмимни билишингдан сенга қандай наф бор?” деган саволни эшитгач, ҳозиржавоблик қилади: “Дўстларим мени ким бу кўйга солганини сўрашса, уларга очиғини айтишим керак-ку, ахир!”.
Йигит бу сафар ҳам бўш келмайди. “Исмим, Бултурги йил”, дейди-ю, овулига йўл олади. Шурале тун бўйи тўнкадан қўлини чиқара олмай, азоб чекади. “Бармоқларимни Бултурги йил тўнкага қисиб қўйди!” деб, овозининг борича зор-зор қақшайди. Эрталаб ўртоқлари уни ўртага олишади. “Қўлинг бултурги йил қисилиб қолган бўлса, сен энди бақирасанми? Кечаси билан тинчлик бермай, уйқуни ҳаром қилдинг-ку, аҳмоқ!” дея таъна тошлари отишади.
Умуман олганда, анқовроқ шуралега ҳар қандай одам ҳам фириб бериб кетиши мумкин. Фақат бунинг учун унга қўрққанини сездирмаслиги шарт. Нақл қилишларича, иттифоқо бир гала қиз ўрмонда адашиб қолиб, чор тарафга зир югуришибди. Аммо йўлни топа олишмабди. Шунда бирови “Бизни шурале чалғитяпти”, деган гумонни ўртага ташлабди-да, кўйлагини тескари кийибди. Ўнг бошмоғини чап оёғига, чап бошмоғини ўнг оёғига илибди. Бундан шурале ғафлатда қолиб, ўсал бўлибди. Қизлар ўрмондан эсон-омон чиқиб олишибди...
Қарғиш олган ёмон!
Шурале учқур отга миниб, сайр қилишни хуш кўради. Бир замонлар отлар тунги ўтловдан ҳориб-чарчаб ва кўпикка ботиб қайтса, одамлар бу шураленинг иши эканини билишган. Ўз навбатида, уни ушлаш, жилла қурса, аҳоли яшаш жойидан узоқлаштириш чораларини излашган. Жумладан, отларни тунда яйловга жўнатишдан олдин энг чопқир арғумоқнинг белига смола елим суртиб қўйишган. Бу чора баъзан зое кетмаган, шурале қўлга тушган. Уни аёвсиз уришган, ҳатто ҳаммомга қамаб, тагидан олов ёқишган.
Табиий, мавриди келганда, шурале ҳам одамлардан қасос олган. Ўзига зулм ўтказганларни қарғаган. Унинг лаънатига қолганларнинг ўзи ҳам, оиласи ҳам бахтсизликка мубтало бўлган. Чунончи, улар яшаётган овулда битта ҳам янги оила пайдо бўлмаган. Аҳолиси аста-секин озайиб, уйлар ҳувиллаб қолган. Ёхуд бехосдан катта ёнғин чиқиб, бор нарсанинг кули кўкка совурилган. Одамлар бу жойларни тарк этишган. Уларнинг изи қуриган гўшани “Шурале қарғишига учраган овул”, деб аташган.
Кўриб турибсизки, шурале билан ҳазиллашиб бўлмайди. Яхшиси, унга ўчакишмаслик, имкон қадар ранжитмаслик керак. Шуралега ногоҳон дуч келиб қолган одам эса қочиши, эсон-омон қутулиб олгач, дарҳол калима қайтариб, кимгадир хайр-садақа бериши зарур. Шунда мушкули осон, кўнгли хотиржам бўлади!..
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50