Танзила Нарбаевадан Ҳалима Яқубгача – дунёдаги энг муваффақиятли муслумон аёллар
Дунёнинг энг муваффақиятли ва нуфузли мусулмон аёлларини танийсизми? Мазкур мақолада ўзининг диний ва маданий меросини чекламасдан, стереотипларни бузиб, замонавий дунёда муваффақиятга эришаётган мусулмон аёллари ҳақида маълумот берамиз.
Лобна Хелал
Мисрлик иқтисодчи Лобна Хелал мамлакат тарихида биринчи бўлиб, Миср Марказий банки бош директор ўринбосари этиб тайинланган аёл саналади. Бу лавозимда у пул-кредит сиёсати, валюта захираларини бошқариш, ахборот технологиялари, тадқиқотлар, операциялар ва ММБнинг ташқи алоқалари учун жавобгар бўлиб келган. Шунингдек, Лобна Хелал пул-кредит сиёсати қўмитаси, Миллий тўловлар кенгаши ва Бош вазир ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси ҳам.
Танзила Нарбаева – Спикер хоним
Танзила Нарбаева — Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси, давлат иерархиясида иккинчи муҳим лавозимни эгаллаган биринчи аёл.
Танзила Нарбаева парламент Олий палатаси спикери лавозимига сайлангунига қадар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган, бундан аввал Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясини бошқарган.
Давлат бошқаруви
Ҳалима Яқуб Сингапур давлати ташкил топганидан бери унинг биринчи аёл президентидир. У мазкур лавозимда 2017 йил 4 сентябрдан 2023 йил 13 сентябргача фаолият кўрсатган. Президентликдан олдин у беш йил давомида мамлакат парламенти спикери лавозимида ишлаган, шунингдек, мамлакат тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл саналади. У Сингапур ҳокимиятида энг юқори поғонани эгаллаган биринчи мусулмон аёл ҳам. Ватанида Яқуб хоним фаоллик ва хайрия ишлари билан танилган. У аёллар, кексалар ва ақли заиф одамларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келиб, президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганди.
Қонун ҳимоячиси
Нусрат Чаудри АҚШда федерал судья бўлган биринчи мусулмон аёлдир.Чаудри президент Жо Байден томонидан 2023 йил январь ойида номзод сифатида кўрсатилган. Июнь ойида АҚШ Сенати уни доимий лавозимга тайинланганлигини тасдиқлади. Тайинловдан олдин у Иллинойс штатидаги Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқининг юридик директори бўлиб ишлаган ҳамда муҳожирлар ва европалик бўлмаган америкаликлар ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилган.
Ёш ва жасур аёл
Покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай кўпларга таниш.У қизлар ва аёлларнинг таълим олиши учун курашади, бу борада унинг ўзи халқаро рамзга айланган. Айни дамда Малаланинг муросасиз позицияси уни диний ақидапарастлар ва экстремистлар ҳужуми нишонига айлантирган. Отаси билан бирга Юсуфзай 2013 йилда қизларнинг таълим олиш имкониятларини тарғиб қилиш мақсадида Малала жамғармасига асос солди. 2014 йил, 16 ёшида, у Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлиб, мукофот тарихидаги энг ёш лауреатга айланди.
Ҳижоб ва қилич
Ибтиҳаж Муҳаммад қиличбозлик бўйича ўзини баланд овозда эълон қилган энг номдор мусулмон спортчидир. Ибтиҳаж Қўшма Штатларда афро-америкалик мусулмон оиласида ўсган. У Панамерика ўйинларида иккита олтин, Жаҳон чемпионатида учта бронза ва олтин, Рио-де-Жанейро олимпиадасида бронза медалига эга. Ўз динига содиқ бўлган Муҳаммад машғулотларда ҳам, мусобақаларда ҳам ҳижобдан ажралмайди.
Ковид кушандаси
Кунсулу Закаря биологик хавфсизлик соҳасидаги таниқли қозоқ олими, коронавирусга қарши QazVas вакцинаси ихтирочисидир. 2023 йил бошида у International Womans Day глобал ташаббусига кўра, эмлашни ривожлантиришга кўмаклашувчи аёлларнинг жаҳон рейтингига кирди. Закаря хоним юқори баҳоланган илмий журналлар, монографиялар, патентлар ва меъёрий ҳужжатлардаги кўплаб илмий нашрлар муаллифи саналади. Айни пайтда Қозоғистон президентининг фан ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси.
Қуролли кучлар майори
Марям ал-Мансурий – Бирлашган Араб Амирликларидаги қирувчи самолёт биринчи аёл учувчиси, эскадрон командири, майор. У мактабда учувчи бўлишни истаган, лекин аёлларга учишга рухсат берилгунча кутишга тўғри келган. Ал-Мансурий Сурияда «Исломий давлат» деб аталувчи гуруҳга қарши жанговар операцияларда Ф-16 самолётида учган. Шундан сўнг, матбуот уни «Озодлик хоним» ва «Чўл париси» деб аташни бошлади.
Қўрқмас журналист
Ҳадича Пател – асли осиёлик жанубий африкалик журналист. У Жанубий Африканинг Daily Maverick, Sity Press ахборот агентликларида ишлаган, Sky News, BBS, Hews, Quartz, Al Jazeraва The Guardian каби нашрлар билан ҳамкорлик қилган ва Mail & Guardian таҳририятини бошқарган. 2021 йилда Пател дунёдаги энг қадимги оммавий ахборот воситаларини кузатувчи ташкилот бўлган Халқаро Матбуот Институтига раҳбарлик қилган биринчи аёл ва мусулмон бўлди. АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама уни «қўрқмас журналист» деб таърифлади.
Мафтуна тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0