Амир Олимхоннинг ўн бир қаватли хазинаси
Бухоро манғит ҳукмдорларининг сўнгги амири Саййид амир Олимхоннинг беҳисоб хазинаси ҳақида турли маълумотлар, миш-мишлар тез-тез қулоғимизга чалинади. Аслида халқ мулки бўлган бу улкан бойлик тақдири афсусланарли хотираларни ёдимизга солади. Зотан, мана шу қимматли жавоҳирлар эвазига ҳозир мамлакатимиз дунёнинг энг илғорларидан-да олдинги сафларда ривожланган бўлиши мумкин эди.
Афсуски, бойликлар рус босқинчилари томонидан талаб кетилди. Аянчлиси эса шунча бойлиги бўла туриб, халқ ниҳоятда ночор ва қолоқ бир ҳолатда яшаган. Бу биз ибрат олишимиз лозим бўлган тарихнинг энг аччиқ сабоғидир.
Хўш, амир Олимхоннинг хазинаси қанча эди?
Ўз вақтида ёзиб қолдирилган ҳужжатлар ва тарихий манбалардан маълумки, қизил империя босқинчилари Бухоро амири хазинасидан тонналаб қўйма олтин ва кумуш, миллион-миллион сўмлик олтин, кумуш тангалар ҳамда олтин баробар бошқа қимматбаҳо бойликларни ташиб кетганлар. 1914 йилдан олдин амир хонадонига тегишди олтин, кумуш пуллар ва бошқа қимматбаҳо зеб-зийнатлар рўйхатини акс эттирувчи ҳужжат-дафтарларнинг ўзиёқ тахминан бир метрдан зиёдроқ (бир ярим олчин) қалинликда бўлган. Бу ҳужжатларда ҳали асосий хазина ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо, амир хазинаси бир улкан тоғдек бўлганлиги манбаларда ёзиб қолдирилган. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чиқарилган “Ойина” журналида қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Ҳозир Бухоро амирининг тасарруфида бўлган хазинанинг аҳчаси (олтин ва кумуш) шу даражада мўлки, ҳеч бир давлат хазинасида бу даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул ёмбилар бўлмаса керак. Бухоро амирининг саройларида сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин, эни 20 олчин (1 олчин 70 смни ташкил этади) бўлган бир тоғдан иборатдир. Бу хазинадан ташқари 3 олчин катталикда яна бир ертўла хазинаси бўлиб, у рус, Бухоро ва бошқа бир қанча давлатларнинг олтин пуллари билан тўлдирилган. Амирнинг олтин ва кумуш хазиналари, унга қарашли банкларда ҳам сақланган. Масалан, Чоржўй беклигида амирнинг ўн пуд (160 кг)олтин ва минг пуд (16 тонна) дан ортиқроқ кумуш тангалари бўлган”.
Бу рақамлардан маълум бўладики, амир саройида сақланган асосий хазинанинг баландлиги ўн бир қаватли уй баландлигига тенг, эни эса тахминан 21 метр узунликда бўлган. Шунингдек, саройда яна бир ертўла хорижий олтин пуллар сақланган. Бундан ташқари, бекликлардаги банклар ҳам ҳисобсиз олтин-кумушлар билан тўлдирилган. Хазина асосан Бухородаги йирик олтин конлар ҳисобига тўлдирилган. Амирлик ҳудудига қарашли Нурота тоғи ёнбағирларидаги Синтоб, Зармитон, Мурунтов каби саккизта олтин, кумуш конлари қадим замонлардан буён маълум бўлган.
Бухоро амирлигининг умумий бойлигини ўша пайтдаги йирик заргар мутахассисларидан бири Денилсон 103 миллион долларга баҳолаган. Ҳозирги пулга чаққанда бу маблағ 1,4 миллиард долларни ташкил этади. Тарихчиларнинг ёзишича, ўша қимматчилик кезларида бир пуд ун 95 тийин, гуруч 1 сўм 20 тийин, арпа 60 тийин, узум ва туршак 3 сўм 80 тийин, ёнғоқ 1 сўм 70 тийин, писта ва нок 35 тийин, бодом 70 тийин, бир бош семиз қўй 2 сўмгача бўлган. Юқорида санаб ўтилган олтин, кумуш, зеб-зийнатлар ва мислсиз бойликларнинг олтин пул ҳисобидаги баҳосини шунга қиёс қилиб билиб олиш мумкин. Уларнинг қадр-қиммати ўша даврдаёқ юксак бўлган, ҳозир ҳам ўз қийматини йўқотган эмас.
Бухоро амири чет давлатлар билан олиб бориладиган савдо-сотиқдан келадиган даромадларнинг катта қисмини ҳам олтин ва кумуш тангаларга айлантириб, ўз хазинасига тўплаган. Масалан, амирликда ҳар йили ўртача 2 миллион донагача қоракўл тери чет элларга сотилган, шу савдодан келадиган даромаднинг 50-60 фоизини олтин ва кумуш тангалар ташкил этган.
Бундан ташқари, Бухоро амирлиги ҳудудида олий сифатли олтин қазиб олинадиган махсус конларлардан олинган олий сифатли олтин ёмбилар хазинадаги махсус саночларда сақланган. Уларнинг кичик бир қисми амир Саид Олимхон томонидан чет элларга хусусан, Лондон, Машҳад ва бошқа йирик шаҳарларга юбориб турилган.
Бухоро амири Саид Олимхон ўзининг «Бухоро халқининг ҳасратли тарихи» номли рисоласида ҳамда «Амир Олимхон хотиралари» — «Хотирахои Амир Олимхон»деб номланган китобчасида Бухоронинг табиий жўғрофияси, воҳанинг табиий бойликлари хусусида шуларни ёзади: «Табиий бойликлари — олтин, кумуш, қўрғошин, мис, темир Бухорода кўп миқдорда топилади. Хусусан, шарқий қисмларида 1 маъданлар, ер мойи (нефт) борки, улар то шу маҳалгача ишлаб чиқарилмаган, табиий бойликлар ичида тери, жун, кўмир, гугурт, нашатир бор. Савдо-сотиқ ишида тери, жун, шойи, гиламлар мамлакатнинг ташқарига чиқадиган асосий молларини ташкил этади. Бухоро мевалари дунёга машҳурдир. Бухоро отлари, хусусан, қорабайир зоти 1914 йилги урушда аҳамият қозониб, яхшилигини исботлади. Бухоро амири қанча минглаб отларни Россия давлатига берди» (Амир Саид Олимхон. «Бухоро халқинингҳасратли тарихи. )
Амирликнинг нуфузли амалдорларидан ташқари хорижий ўлкаларнинг савдогарлари, амалдорлари, беклар томонидан амирга қилинган тортиқлар, совға-саломлар амирликнинг ташрифот ходимлари томонидан қабул қилиниб, амир хазинасига жойлаштириларди.
Манбаларда ёзилишича, амир миллион-миллион сўмлик маблағларни савдо соҳасида темир йўл компанияларида, рус ва чет эл фирмаларининг саноат корхоналарида ишга солди. Ўз хусусий мулкини давлат ва хазина маблағларидан ҳеч қачон ажратган эмас. Мамлакатнинг бутун бойлиги амирнинг мулки, давлат хазинаси деб ҳисобланар эди. У ўзини халқнинг мулкдори, доимий ҳукмдори деб биларди.
Файзулла Хўжаев ёзганидек, ўша вақтда рус капиталистларининг савдо ва саноат корхоналарига амир томонидан бериб қўйилган маблағлар ҳам беҳисоб бўлган. Рус корхоналаридаги амирнинг иштироки муҳим аҳамият касб этган.
Афсуски, Бухоро ҳукмдорлиги хазинасидан бирор-бир ободончилик, мактаб, сув чиқариш, маориф ва соғлиқни сақлаш ишига маблағ ажратилганлиги ҳақида маълумотлар учрамайди. Тарихчиларнинг ёзишича, маърифатпарвар олим Аҳмад Дониш Бухоронинг сувсиз ерларига канал орқали Амударёдан сув чиқариш учун хазинадан маблағ ажратишни таклиф этганида амир унга рад жавобини беради. Ёзувчи ва олим Абдурауф Фитрат «Ҳинд сайёҳининг қиссаси»да Бухоро ҳудудида соғлиқни сақлаш, маориф ишлари аянчли аҳволда эканлигини куюниб ёзиб, Бухоро ҳукмдори халқнинг хайрли ишларига хазинадан маблағ ажратмаганидан афсусланади.
Фрунзе, Куйбишев бошлиқ рус босқинчилари Бухорода инқилобий тўнтариш уюштирган пайтда (1920 йил кузида) Бухоро амири Саид Олимхон олтин-кумуш ва бошқа бойликларини ўзи билан чет элга олиб кетганлиги тўғрисида ҳар хил фикрлар мавжуд. Тарихчи олимларнинг таъкидлашича, Амир Олимхон ўзи билан юз аравада олтин ва бошқа қимматбаҳо бойликларни олган, шундан 25 араваси Ғиждувон туманидаги Эшонкўприк ёнида бўлиб ўтган жангда босқинчилар қўлига ўтади. Амир ўн тонна олтинни Ҳисор тоғларига яширган деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Қизил армия, бундан ташқари, амирликка қарши инқилобий юришлари давомида Нурота, Хатирчи, Кармана бекликларида сақланаётган 1013 пуд олтин ва кумуш тангаларни, гавҳар, ёқут ҳамда бошқа қимматбаҳо металларни мусодара қилади.
Амирнинг Бухородаги хазинасидан Москвага олиб кетилган олтин, кумуш, зеб-зийнатлар, қимматбаҳо бойликлар ўн учтадан кам бўлмаган қизил ҳарбий вагондан иборат бир неча эшелонни ташкил қилганлиги қайд этилган. Дарҳақиқат, фақат Бухорогина эмас, балки бутун Туркистон ўша даврларда хонавайрон бўлди. Юртнинг бебаҳо бойлиги рус ўлкасига ташиб кетилди.
Дилдора ИБРОҲИМОВА тайёрлади



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0