Ҳавоси ифлос шаҳарларда қандай касалликлар авж олади?
Сўнгги йилларда шаҳарлардаги ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлиги учун энг катта таҳдидлардан бирига айланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботларига кўра, дунё аҳолисининг тахминан 90 фоизи ҳаво сифати ёмон бўлган ҳудудларда яшайди. Бу ҳолат айниқса саноатлашган ва урбанизация тез суръатларда кечаётган ҳудудларда сезиларли даражада кучаймоқда. Ушбу мақолада Деҳли, Пекин, Шанхай, Лос-Анжелес, Ню-Йорк, Тошкент, Москва ва Санкт-Петербург каби дунёнинг энг ифлос шаҳарларнинг ҳавоси соғлиқ учун қандай оқибатларга олиб келаётганини таҳлил қиламиз.
Ҳиндистон, Деҳли
Деҳли дунёнинг энг ифлос шаҳарлари рўйхатида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Шаҳарда кўпинча “қалин тутун” ва “ифлосланган ҳаво” атроф-муҳитга қалин пардек ёпилади, бу эса аҳолининг нафас олиш тизимига зарар етказмасдан қолмаяпти. Деҳлида сўнгги йилларда қуйидаги касалликлар сони ортган. Мунтазам энг ифлос ҳаводан нафас олаётганлар орасида астма ва бронхит хуружлари кўпайган. Энг ачинарлиси болалар ва қариялар кўпроқ азият чекмоқда. Энг ёмони ўпка саратони: Майда зарралар (ПМ2.5) ўпкага кириб, саратон ривожланишига сабаб бўлади. Тадқиқотлар кўрсатишича, ифлос ҳаво келтириб чиқарадиган ўпка саратони даражаси айнан Деҳли каби шаҳарларда юқори.
Мутахассислар ҳам сўнгги йилларда ҳатто ёшлар орасида ҳам юрак-қон томир касалликлари авж олаётганини бот-бот эслатмоқда.
Хитой, Пекин ва Шанхай
Пекин ва Шанхай ҳам ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келаётган йирик саноат марказларидир. Ҳаво ифлосланиши бу шаҳарларда аҳолининг соғлиғига сезиларли даражада зарар етказмоқда. ПМ2.5 ва ПМ10 заррачалари юқори даражада бўлгани учун бу шаҳарларда сурункали обструктив ўпка касаллиги (CОПД) касаллиги кенг тарқалган. Тадқиқотлар кўрсатадики, ифлос ҳаво юрак хуружи ва инсульт хавфини оширади.
АҚШ, Лос-Анжелес ва Ню-Йорк
Лос-Анжелес ва Ню-Йоркда транспорт ва саноат фаолияти юқори даражада бўлганлиги сабабли ҳаво ифлосланиши жиддий хавф туғдирмоқда. Аҳолида аллергия ва нафас йўллари касалликлари кўпайган. Ҳаво ифлосланиши кучайган кунларда юрак хуружлари хавфи ортади. Агар вазият шу кетишда кетса, депрессия ва бошқа руҳий касалликлар сони ортиши мумкин.
Ўзбекистон, Тошкент
Тошкент шаҳри ҳам охирги йилларда саноат ривожи ва автомобиллар сонининг ошиши билан ҳавоси ифлосланган шаҳарлардан бирига айланган. IQAir рейтингида ҳавоси энг ифлос давлатлар 10 талигидан тушмай келаётганининг ўзи ҳам ҳавотирли. Айниқса қиш фаслида қаттиқ ёнилғининг кўп ёқилиши астма ва бронхит каби касалликларни кучайтириб юборади. Болалар ўртасида ҳам нафас йўлларининг инфекцияли касалланиши кенг тарқалган. Бу ҳолат уларнинг соғлиғи ва ўсиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Ифлосланган ҳаво вирусли касалликлар сонининг ошишига олиб келади ва бу аҳолининг иммунитетини пасайтиради.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, экологлар бот-бот ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига катта зарар етказиши ҳақида ОАВ да чиқишлар қилмоқда. Гарчи олимлар саноат чиқиндиларини камайтириш ва экологик тоза технологияларга ўтиш ҳақида сўзлаётган бўлсада, амалда бу борада оламшумул янгилик бўлгани йўқ. Шаҳар транспорт тизимини қайта кўриб чиқиш борасида таклифлар берилмоқда. Жамоат транспорти қанча яхшиланса, электрон тизимга ўтса, бироз бўлсада шаҳарнинг тоза бўлишига эришармидик?
Қолаверса, шаҳарнинг экологиясини яхшилаш учун яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида амалда “Яшил макон” лойиҳаси ишламоқда, бироқ экилган дарахтлар бутунлай кўкариб кетишига ҳали анча қовун пишиғи бор.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0