Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 998.9113.9

  • EUR

    13 439.57154.61

  • RUB

    131.291.45

-1C

-1C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

-1c

  • Hozir

    -1 C

  • 05:00

    -1 C

  • 06:00

    -1 C

  • 07:00

    -0 C

  • 08:00

    -0 C

  • 09:00

    0 C

  • 10:00

    +1 C

  • 11:00

    +4 C

  • 12:00

    +5 C

  • 13:00

    +7 C

  • 14:00

    +7 C

  • 15:00

    +8 C

  • 16:00

    +8 C

  • 17:00

    +7 C

  • 18:00

    +6 C

  • 19:00

    +4 C

  • 20:00

    +3 C

  • 21:00

    +2 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +1 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Chorshanba, 05-February

-1C

  • Hozir

    -1 C

  • 05:00

    -1 C

  • 06:00

    -1 C

  • 07:00

    -0 C

  • 08:00

    -0 C

  • 09:00

    0 C

  • 10:00

    +1 C

  • 11:00

    +4 C

  • 12:00

    +5 C

  • 13:00

    +7 C

  • 14:00

    +7 C

  • 15:00

    +8 C

  • 16:00

    +8 C

  • 17:00

    +7 C

  • 18:00

    +6 C

  • 19:00

    +4 C

  • 20:00

    +3 C

  • 21:00

    +2 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +1 C

  • Chorshanba, 05

    1 +20

  • Payshanba, 06

    +1 +20

  • Juma, 07

    +1 +20

  • Shanba, 08

    +4 +20

  • Yakshanba, 09

    +2 +20

  • Dushanba, 10

    1 +20

  • Seshanba, 11

    +1 +20

  • Chorshanba, 12

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

БАШОРАТЧИ-СЕҲРГАРЛАР

Улар сирли қотилликларни ҳам фош эта олишадими?
Ҳодиса
423 15:08 | 13.12.2024 15:08

Башарият тарихида ўта ноёб хислатларга эга кишилар кўп бўлган ва ҳозир ҳам тез-тез учраб туради. Оддий халқ уларни башоратчи, сеҳргар ёки кўзбойлоғич деб атайди, баъзан найрангбозга йўяди. Бу таърифлар замирида муайян даражада ҳақиқат мужассам. Негаки, ғайритабиий қобилият соҳибларидан айримлари нарса-буюмлар ҳолатига қараб, кечмиш воқеаларни улар амалда қандай содир бўлган бўлса, айнан шундайлигича таърифлаб-тасвирлаб беришади. Баъзилари инсониятни бошига тушажак фожиа-мусибатлардан, бало-офатлардан олдиндан огоҳлантиришади. Нохуш воқеа-ҳодисалар қачон, қаерда ва қай тарзда рўй беришини аниқ айта олишади. Эвазига кўпинча раҳмат эшитадилар, гоҳида эса ноўрин маломат ва таъна-дашномларга қоладилар ёки ҳар хил тажовуз-тазйиққа учраб, таҳликали ҳаёт кечирадилар. Қуйидаги ҳикояларимиз шу хусусда.


Сичқоннинг ини минг танга бўлганда...


1940 йил ниҳоясида собиқ СССРнинг пойтахи – Москва шаҳрида фавқулодда ҳодиса рўй беради: юқори мартабали амалдорлардан бири қўққисдан йўқолиб қолади. Унинг қўлида давлат аҳамиятига молик махфий ҳужжатлар солинган портфель ҳам бор эди. Шу боис воқеадан огоҳ топган Сталин ғазаб отига минади. Мамлакатнинг бўлғуси Бош вазири Н.Булганинга ҳужжатларни ернинг тагидан бўлса ҳам топишни буюради ва уч кун муҳлат беради.


Булганин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёрдамида ҳаммаёқнинг тит-питини чиқаради, барибир, топшириқни бажаролмайди. Охирги куни дафъатан машҳур кўзбойлағич Вольф Мессингни эслаб қолади. Ўша кезлар қирчиллама ёшни қоралаган Вольф аслида польшалик яҳудий бўлиб, кўпчиликка одамлар фикрини ўқий ва уқий оладиган, уларга хаёлан маълумот юбориб, буйруқ берадиган қобилиятга эга телепат, фокусчи, башоратчи ва сеҳргар сифатида танилганди. Бир башорати туфайли Гитлернинг душманига айлангач, фашистлар зуғумидан қочиб, шўролар юртида қўним топганди. Аммо унинг томошаларини ҳукумат мулозимлари ёқтиришмас, аксинча, доимо камситиб келишарди. Жумладан, Булганин ҳам уни кўп бор нодонга ва маърифат душманига менгзаган эди. Бу сафар эса, икки оёғи бир этикка тиқилгани туфайли, ундан кўмак сўрашга аҳд қилади. Мессинг Украина бўйлаб ижодий сафарда юрганини аниқлагач, дарҳол Киевга отланади. Ярим кунга қолмай, уни Москвага – портфелли амалдор сирли равишда ғойиб бўлган муассасага олиб келади.


Вольф дебочасига хонани айланиб, барча буюм-нарсаларни синчиклаб кўздан кечира бошлайди. Зум ўтмай, унинг шуурида шундай манзара намоён бўлди: қишлоқ жой. Ана, дарёнинг тик қирғоғи. Олисдан черков биноси кўриниб турибди. Мана, бир пайтлар дарё узра қурилган, эндиликда ёнбошга оғиб қолган кўприк. Унинг устунларидан бирининг остида алланарса ётибди. Хўш, у нима бўлдийкин? Мабодо, портфель эмасми?.. Ҳа-ҳа, худди шундай, бу – ўша матоҳ! Лекин ён-атрофда одам зоти кўринмайди. Начора?..


Хонага жамулжам бўлган маслаҳатчи-ўлкашунослар кўзбойлоғич хаёлан тасвирлаб берган жой, ҳақиқатан ҳам, мавжудлигини бир овоздан тасдиқлайдилар. Изқуварлар фурсатни бой бермай, ўша томонга ошиқадилар. Шом маҳали жиддий ташвишга сабабчи портфелни бус-бутунлигича ва ичидаги ҳужжатлари билан бирга ҳукмдор столи устига келтириб қўядилар...


Башоратчининг сирли ўлими


Башоратчи сифатида элга танилганлардан яна бири профессор Жерар Круазье эди. У ўзидаги ноёб истеъдодни ўғли жангда ҳалок бўлгани ҳақидаги шумхабарни эшитиб, қаттиқ изтиробга тушган кезлари сезиб қолади. Шу-шу узоқ йиллар йўқолган ёки ўғриланган ўғил-қизларни излаб топишдек савобли юмуш билан шуғулланади. Бу борада полициячилар билан ҳамкорлик ҳам қилади. Одатда, Круазье улардан воқеа тафсилотини сўрар, кўпинча охиригача эшитмаёқ, болани қаердан қидириш мумкинлигини тез, гоҳида жуда аниқ айтиб қўя қоларди.


Дунёнинг ишлари тескарилигини қарангки, ўзгалар корига яраган профессор ўз ҳаётини сақлаб қололмади. У Италия Бош вазири Альдо Морнинг қотилларини излаб топиш учун шу мамлакатга келгани ҳамоно сирли равишда жон таслим қилди. Бу жумбоқ ҳалигача ечимини топгани йўқ. Фақат бир нарса аниқ: профессорнинг башоратчилик қобилияти жуда кучли эди. Шу боис қотиллар сирлари очилишидан қаттиқ хавотирга тушишган. Ахийри, доимо қўрқув остида яшашдан кўра, унинг жонига қасд қилишни афзал кўришган.


Англиялик Нелла Жоунс башоратчилик бобида шон-шуҳрат чўққисига кўтарилмаган эса-да, омади чопганлардан эди. Айниқса, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида 13 нафар жувонни ваҳшийларча ўлдириб, “Йоркширлик ичак-чавоқ ағдарувчи” лақабини олган Сатклиффни ушлашда катта хизмат кўрсатди. Аввалига ўта хавфли каллакесарнинг исми Питер эканлигини тахминлади. Кўп ўтмай қотил ҳайдовчи бўлиб ишлашини, Жанубий Йоркширга қарашли Бэдфорд музофотидаги тепаликда жойлашган 6-уйда яшашини аниқ-тиниқ башорат қилди. Шунингдек, у ҳайдайдиган машина эшикларига “К” ҳарфи битилганини ҳам айтди. Бу маълумотларнинг ҳаммаси тўппа-тўғри бўлиб чиқди.


Йигирма йилга кечиккан жазо


1990 йил 23 сентябрь куни Хемел Хемпстед шаҳрида тўрт яшар болакай йўқолиб қолди. Бу ҳақдаги машъум хабар жамики инглиз газеталарида чоп этилди. Бироқ бир неча ҳафталик қидирувлар зое кетди. Полиция ишни ҳаракатдан ётқизди. Чунки айни турдаги жиноятларни очиш чўзилиб кетган тақдирда оқибати қандай тугаши, аниқроғи, ўғриланган болалар аксарият ҳолларда ўлдириб юборилиши барчага маълум эди. Таажжубки, Нелла бу хулосага қўшилмади. Ички ҳис-туйғуларига ишониб, “Гўдак тирик!” деган фикрда қатъий туриб олди. Норасида ўғриланган жойга борганда эса, аллақандай қўнғироқ ва ерости йўли тўғрисида ҳам сўз очди.


Ҳар қалай, чиқмаган жонга умид боғлаш яхши экан! Икки ой деганда боланинг дараги чиқди. У воқеа жойидан ўнлаб чақирим наридаги эркаклар ётоқхонасида яшаётган, тани-жонига заррача зарар етказилмаганди. Ётоқхона ёнида эса “Қўнғироқ” номли ресторан бўлиб, унинг киравериши ерости йўлини эслатарди. Бола ўғриси Петер Мэй ўша ерда ҳибсга олинди. 1991 йил июнида суд ҳукмига биноан, у 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.


Таниқли руҳиятшунос доктор Кейт Уайлд 1958 йилдан буён Манчестрда амалий фаолият юритаётган, аллақачонлар парапсихология соҳасида нималарга қодирлигини тўла-тўкис намоён этган эди. 1991 йили уни Телфорддаги бир уйга таклиф қилиб, аёллар либосини кўрсатишди. Доктор кийимни кўздан кечириб, ўлган қизалоққа тегишли эканлигини айтди. Ҳатто мурда қай ҳолатда ётганини ҳам тўла-тўкис таърифлаб берди. Табиийки, бу башорат ота-онани қаттиқ ларзага солди. Чунки улар 20 йил муқаддам 12 октябрда дом-дараксиз кетган дилбандлари Унн Ленски тириклигига ишониб ва ҳамон йўлларига кўз тикиб яшаб келишаётганди. Энди эса...


Дунёда фарзанд доғидан оғир дард бўлмайди. Айни чоғда, кўз ёши тўккан билан ўлган одам тирилиб келмайди. Эр-хотин доктордан Ирландияга – бир вақтлар қизалоқ йўқолган Каунти Мит шаҳрига бирга боришини ўтиндилар. Уайлд жиноят жойини аниқлаш мақсадида канорани бафуржа кезиб чиқди. Ахийри, бир ерда тўхтади-да, ёнидаги полициячига қараб, “Ваҳшийлик қурбонининг хоки шу атрофда”, деди ва уни ўлдирган уч кишининг исм-шарифини айтди. Полициячи илкис ҳушёр тортди. Боиси, профессор тилга олган шахслардан бири яқинда ўғрилиги учун қамоққа олинганди. Қолгани тушунарли: ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолмади, кечикиб бўлса-да, қотиллар қилмишларига яраша жазоландилар.


Олимпиада арафасидаги башоратлар


Шубҳасиз, ноёб фазилат соҳибларининг келажак воқеаларини олдиндан башоратлашлари жамият манфаатларига хизмат қилади, рўй бериши эҳтимоли бор фожиа-офатлар олдини олишда асқатади. Лос-Анжелослик қонун посбонлари шуни назарда тутиб, 1984 йили хайрли бир ишга жазм этдилар. Шаҳарда ўтказилган олимпиада ўйинлари арафасида келътлик сеҳргар Майкл Бромлини ҳамкорликка чорладилар. Бу бежиз эмасди. Майкл умрининг етти йилини америкалик ҳиндулар орасида ўтказиб, руҳлар билан мулоқотга киришишдек нозик ва мураккаб сеҳргарлик асосларини пухта ўзлаштирганди. Шундан сўнг унга шахсий ғам-ташвишлари юзасидан мурожаат этувчи одамлар, жиноятчиларни очишда ёрдам сўровчи ташкилот-идоралар янада кўпайди. Масалан, 1980 йилнинг 15 декабрида бир бойвучча хоним ҳасрат қилиб келди. Эри 45 кунча олдин Марипоза музофотидаги тоғда йўқолиб қолганини айтиб, кўз ёши тўкди. Шунингдек, маҳаллий полициячилар вертолёт ва искович итлар ёрдамида эрини тўққиз кун излашганини, бироқ кучли қор ёққани туфайли қидирувни тўхтатишга мажбур бўлишганини эслатиб ўтди.


Майкл воқеа ривожини чуқур ўрганди. Пировардида, музофот маъмуриятига изланаётган киши ўлдирилганини, унинг жасадини вақти-соати етиб икки геолог топажагини маълум қилди. Бу башорат орадан беш баҳору беш ёз ўтиб, рўёбга чиқди. Қиш палласи тоғу тошни кезиб юрган икки геолог номаълум шахснинг бир ҳовуч суягига дуч келишди. Суд-тиббиёт текширувларида улар ўша жанобники эканлиги тасдиқланди.


1984 йилги олимпиада ўйинлари арафасида Майклнинг зиммасига юкланган вазифа кўп жиҳатдан халқаро аҳамиятга эга эди. У спорт беллашувлари чоғи кўнгилсиз можаролар рўй бериши мумкин бўлган ҳудудларни олдиндан айтиб бериши лозим эди. Башоратчи “хавфли жойлар” жумласига Вествудни ҳам киритди. Зеро, анжуман очилган куни бир навқирон йигит айнан ўша ҳудудда автофалокат содир этди. Ўз машинаси билан бирваракайига бир неча кишини қасддан бостириб кетди.


Майкл Бромли, шунингдек, таниқли спортчи қизни шахсий қўриқчиси қачон, қаерда зўрлаб, номусини булғашга уринишини, аэропортга гўёки бомба жойлаштирилгани тўғрисида сохта қўнғироқ бўлишини ҳам башорат қилганди. Ҳаммаси тўғри чиқди.


Хизматга туҳматнинг баҳоси


Ҳамшира Мелани Юриб 1980 йил 18 декабрь куни эрталаб ишга кетган кўйи уйига қайтмайди – Лос-Анжелос йўлида бадар кетади. Бир куни ҳамкасабаси бу ҳақда яқин дугонаси – башоратчи Этта Смитга шунчаки гапириб беради. Этта алланечук ички туйғу ила ҳамшира ўлдирилиб, мурдаси овлоққа яшириб қўйилганини ҳис этади. Ҳатто марҳуманинг эгнидаги кийим-кечаги қанақалигини ҳам аниқ-тиниқ таърифлаб беради.


Унинг гапларини болалари ҳам эшитиб туришганди. Шу боис бу башорат ҳақиқатга нечоғлиқ мослигини билишга астойдил қизиқиб қолишади. Эттадан, иложи бўлса, ўша жойга бориб келишини сўрашади. Онаизор фарзандлари илтимосини рад этолмай, йўлга отланади. Мурда кўмилган ерга яқинлашганда эса полициячиларга рўбарў келади. Улар Эттадан пана-пастқамликларда нима қилиб юрганини сўраб-суриштиришади. У шууридан кечган воқеани айтади. Кейин полициячилар ҳамкорлигида ўзи фараз қилган ерга бориб, башоратлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилади. Аммо полициячилар уни қўйиб юборишмайди. Билъакс, “Бу аёлнинг ҳамма нарсадан бохабарлигида қандайдир сир бор. У жиноятга алоқадор бўлиши мумкин”, деган шубҳага боришади. Алалоқибат, унинг қўлларига кишан солишади.


Этта, ҳарчанд уринмасин, айбсизлигини исботлолмайди. Чунки далиллар унга қарши эди. Хайриятки, учинчи куни ҳақиқий қотиллар топилади. Аниқланишича, улар уч нафар навқирон йигит бўлиб, аввалига марҳумани хўп зўрлашган, сўнгра шафқатсизларча ўлдиришган экан. Ҳақиқат ойдинлашгач, гуноҳсиз гуноҳкор Этта Смит ўзини далил-исбортсиз ҳибсга олган полициячиларни судга беради. Жавобгарлар маънавий зарар етказганликлари эвазига унга нақд 26 минг доллар миқдорида товон пули тўлашга мажбур бўлишади.


Башоратчи-сеҳргарлар ҳаёти ва фаолиятига доир бундай қизиқарли воқеаларни истаганча келтириш мумкин.


Абдунаби ҲАЙДАРОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Ҳодиса
Ҳайратланарли
0 1411 10:00 | 04.11.2023
Ҳодиса
Ҳодиса