Бизнес ҳуқуқи — тадбиркорлик фаолиятининг барқарорлиги ва ҳуқуқий ҳимояси кафолати
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, эркин бозор иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва инвестицион муҳитни яхшилаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнларда бизнес ҳуқуқи алоҳида ўрин тутади. У нафақат иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, балки тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Бизнес ҳуқуқи хусусий ҳуқуқ тизимининг таркибий қисми бўлиб, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. У шартномалар, мулкий муносабатлар, мажбуриятлар ва жавобгарлик билан боғлиқ масалаларни қамраб олади. Шу билан бирга, бизнес ҳуқуқи давлатнинг иқтисодий фаолиятга рухсат бериш, солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда тартибга солувчи механизмлар орқали аралашуви натижасида юзага келадиган оммавий-ҳуқуқий муносабатларни ҳам ўз ичига олади.
Тадбиркорлик субъектлари – юридик ва жисмоний шахслар – бизнес ҳуқуқининг асосий иштирокчилари ҳисобланади. Улар ўзаро муносабатларни кўпинча шартномалар орқали амалга оширади. Шартномавий муносабатларнинг аниқлиги, ижро этилиш кафолатлари ва ҳуқуқий ҳимоя механизмлари, айнан бизнес ҳуқуқининг самарали амал қилиши билан боғлиқ.
Ҳуқуқий тизимлар: солиштирма ёндашув
Турли мамлакатларда бизнес ҳуқуқининг қўлланиши уларнинг ҳуқуқий тизимларига боғлиқ. Умумий ҳуқуқ тизимида (масалан, АҚШ, Буюк Британия) суд прецедентлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар орқали ҳуқуқий аниқлик ва шаффофлик таъминланади. Аммо баъзида бу ёндашув ҳуқуқий ноаниқлик ва номувофиқлик хавфини ҳам туғдиради. Фуқаролик ҳуқуқи тизимида (масалан, Германия, Франция, Ўзбекистон) эса қонунларнинг кодификацияси асосида қатъийлик ва барқарорлик таъминланади, бу эса тадбиркорлар учун қулай ва башоратли ҳуқуқий муҳит яратади.
Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш борасида қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан:
• 2017-йилда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (Бизнес омбудсмани) ташкил этилди.
• 2025-йил январидан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ҳолда фаолият юритганлик учун молиявий жарималар бекор қилинди.
• Айнан шу санадан, фискал белгиларни акс эттириш ва рақамли маркировкалаш тартибларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам енгиллаштирилди.
• 2025-йил 1-мартдан, судда томонлар келишувга эришган тақдирда, тўланган давлат божининг бир қисми қайтарилиши белгиланди.
• Бундан ташқари, Иқтисодий процессуал кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, судлар тадбиркорлик фаолиятида инсофлилик принсипига асосланган ёндашувни кучайтирди. Алдов ёки бепарволик асосида келтирилган зарарлар инсофсиз хатти-ҳаракат сифатида баҳоланади.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклларни танлашдаги эркинлик
Бизнес ҳуқуқи тадбиркорларга ўз эҳтиёжларига мос ташкилий-ҳуқуқий шаклни танлаш имкониятини ҳам тақдим этади. Бу якка тартибдаги тадбиркорликдан тортиб, масъулияти чекланган жамиятлар, акциядорлик жамиятлари ва турли ширкат шаклларигача бўлган кенг кўламдаги вариантларни қамраб олади. Бундай эркинлик эса иқтисодий барқарорлик, рақобатбардошлик ва ҳуқуқий ҳимоя учун замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, бизнес ҳуқуқи Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш стратегиясида марказий ўрин тутади. У нафақат иқтисодий муносабатларни тартибга солади, балки тадбиркорлар учун ҳуқуқий барқарорлик, ишончли муҳит ва инвестицион жозибадорликни таъминлайди. Давлат томонидан қабул қилинаётган қонунлар ва ислоҳотлар эса ушбу йўналишда самарали ҳуқуқий кафолатларни яратишга хизмат қилмоқда.
Жалолиддин Асқаров,
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес ҳуқуқи кафедраси мудири ўринбосари
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0