“Кредит олишга олдин ярим кун кетган бўлса, энди олти дақиқа етарли бўлмоқда” – Ўзсаноатқурилишбанк масъули
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзсаноатқурилишбанк тизимида рақамли трансформация жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Банк мутасаддилари ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирар экан, журналистларнинг қатор саволларига ҳам жавоб берди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, масофавий банк хизматларидан фойдаланувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар сони 34 мингдан ортган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан маҳсулот ва хизматлар сотуви 57 фоизга ошди. Транзакциялар ҳажми 2022 йилда 6,5 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, ҳисобот даврига келиб унинг миқдори 25 трлн. сўмга етди.
– Банк фаолиятининг рақамлаштирилиши натижасида мижоз онлайн кредит олаётган бўлса, унинг кредит тарихи ва маълумотлари ўрганилиб, кредит берилиши ёки берилмаслиги қарори чиқишига бир дақиқа, кредит маблағи ажратилиши учун эса илгарилари ярим кунгача вақт кетган бўлса, эндиликда олти дақиқа етарли бўлмоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Рақамли бизнес департаменти бошқарма бошлиғи Ҳабибулло Отаназаров.
Шунингдек журналистларнинг муаммоли кредитлар улуши ҳақидаги саволига банк масъули Темур Норов қуйидагича жавоб берди:
– Ҳозирги пайтда банкимизда мижозлар икки хил усулда кредит олишмоқда. Онлайн ва оффлайн шаклда. Онлайн шаклда олинган кредитларнинг 0, 07 фоизи муаммоли кредитлар рўйхатига тушган бўлса, анъанавий усулда, яъни қоғоз ҳужжатлари асосидаги олинган кредитларнинг 2 фоизи муаммоли ҳисобланади. Шу рақамларнинг ўзи ҳам инсон омилини камайтириш, рақамлаштиришга ўтишнинг афзаллигини кўрсатиб турибди, – дейди Темур Норов.
Матбуот анжуманида “Joyda” мобил иловасининг янгиланган талқини, хусусан, уни янада содда ва жозибадор кўринишга келтириш мақсадида амалга оширилган ишлар, онлайн банк хизматлари ва маҳсулотлар бўйича, қолаверса CRM (Customer Relationship Management – Мижозлар билан ўзаро муносабатларни бошқариш) тизими бўйича ҳам тақдимот намойиш этилди.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0