“Яшил энергия” ривожи учун 13 млрд долларлик лойиҳалар амалга ошириляпти – Мирзиёев
Президент қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтиришга доир йиғилиш ўтказяпти.
Бугун, 28 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича 2024 йил учун устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Таъкидланишича, таҳлиллар Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли эканини кўрсатган.
“Шундай улкан имкониятни ишга солиш масаласига анча йиллар давомида эътибор берилмай келинмоқда. Лекин сўнгги йилларда бу соҳада ҳуқуқий база яратилгани туфайли инвесторлар учун жозибадор муҳит шаклланди”, – дейди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, “яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича Ўзбекистонда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди.
Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилди.
Натижада қўшимча 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газни тежаш имконияти яратилди.
Бу соҳада бошланган кенг қамровли ишлар маҳаллий корхоналарда трансформатор, ҳар хил турдаги кабеллар, иситиш коллекторлари, қуёш панели, изолятор, металл устунлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам катта туртки берди.
“Бир сўз билан айтганда, “яшил” энергетика ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланди”, - деди давлат раҳбари.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0