Жиззахдаги заводда илк электромобил ишлаб чиқарилди
Шавкат Мирзиёев конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйди.
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди ва у ерда йирик саноат объектлари билан танишмоқда.
Давлат раҳбари, жумладан, Жиззах вилоятидаги “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонасида бўлди. Мазкур заводда бугунги кунда илк электромобиллар ишлаб чиқарила бошланган.
Мазкур завод шу йил январда давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи чоғида фаолият бошлаган эди. Бу қиймати 160 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, йилига 50 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бунинг учун қўшма корхона замонавий саноат инфратузилмаси билан таъминланди. Қарийб 2 километр темир йўл тортилди. Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш учун бутловчи қисмлар омбори, 1 минг 200 та контейнер сиғимига эга логистика маркази қурилди.
Заводга Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган. Электромобилнинг геометрик ўлчамларини юқори аниқликда текширувчи лаборатория ташкил қилинган.
Президент ушбу имкониятларни кўздан кечирди, хитойлик шериклар билан суҳбатлашди.
Ҳозирда бу ерда Chazor ва Song Plus Champion моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Шавкат Мирзиёев конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйди.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ахборот берилди.
Қайд этилишича, келгуси йилларда заводда моделлар қаторини кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион долларлик учинчи босқичда 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда корхонада 1 минг 200 киши ишлайди. Ўтган йили 200 нафар ходим “Uzautoмotors” заводларида малака оширган. Бу йил яна 92 нафар мутахассис Хитойнинг Сиан ва Чанша шаҳарларида сифат назорати, технология, таъминот, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларда малака оширади. Барча уч босқич жорий этилгач, иш ўринлари 10 мингтага етади.
Давлат раҳбари, шунингдек, Зомин туманида II Халқаро мақом санъати фестивалининг тантанали очилишида ҳам иштирок этади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0