Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди
2026 йил 28 январь куни Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунларига кўра, асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Марказий банк маълумотига кўра, мамлакатда инфляция пасайиш тенденциясини давом эттирмоқда. Жумладан, 2025 йил декабрь ойида умумий инфляция 7,3 фоизга, базавий инфляция эса 5,7 фоизгача тушди.
Инфляциянинг секинлашиши қатъий пул-кредит сиёсати, сўмнинг мустаҳкамланиши ҳамда импорт нархларининг таъсири остида базавий инфляциянинг пасайиши ҳисобига таъминланмоқда. Шу билан бирга, хизматлар соҳасида нархлар ўсиши юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Марказий банк прогнозларига кўра, 2026 йил якуни бўйича инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, иқтисодиётда юқори фаоллик сақланиб қолмоқда. Жорий йил якунида иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5–7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, банк тизимида ижобий реал фоиз ставкалари миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантирмоқда. Айни пайтда чакана кредитлаш ва фискал фаоллик юқори суръатларда давом этмоқда.
Марказий банк маълум қилишича, пул-кредит шароитлари инфляциянинг барқарор пасайишини таъминлаш мақсадида жорий қатъий даражада сақлаб қолинади.
Асосий ставкани навбатдаги кўриб чиқиш 2026 йил 18 март кунига белгиланган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0