Қаршида янги мусобақа: Қўл жанги бўйича “Амир Темур кубоги” халқаро турнири юқори савияда ўтди
Қарши шаҳридаги амфитеатрда профессионал қўл жангининг “R1” йўналиши бўйича илк бор “Амир Темур кубоги” халқаро турнири ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари Швейцария, Чехия, Беларусь, Тожикистон, Озарбойжон ва Қозоғистон термаси вакиллари билан жанг олиб борди.
Жумладан, Асадбек Ҳикматов Азад Мустафоевни (Озарбойжон), Нилуфар Полвонова Мартина Птасекни (Чехия), Аброр Қаюмов Бахтиёр Гаясовни (Тожикистон), Оғабек Қодиров Седрик Доусени (Швейцария) мағлуб этди. Афсуски, ҳамюртимиз Элёр Комиловнинг беларуслик Вадим Раличга қарши жанги омадсиз якунланди.
Халқаро турнирнинг охирги, асосий баҳсида қашқадарёлик жангчи, жаҳон чемпиони Олимжон Нормуродов қозоғистонлик Кошен Аканов билан рингга чиқди. Беш раундлик жанг ўзбекистонлик жангчи фойдасига ҳал бўлди.
Ғолиблар ва халқаро турнир иштирокчилари тегишли пул мукофотлари билан тақдирланди.
”Амир Темур кубоги” турнири чоғида Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов иштирок этди.
Нуфузли меҳмон халқаро турнирни юқори савияда ташкил этгани ва спорт турини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳамда вилоят қўл жанги федерацияси раиси Жўрабек Норалиевга Қора белбоғ ва махсус сертификатларни топширди.
Мазкур мусобақа анъанавий бўлиб қолади. Турнирни кейинги йилларда Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ўтказиш белгиланган.
Акмал АБДИЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0