Касаба тармоқлари ходимлари беллашди
11 ноябр - Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Спорт бошқармаси ҳамкорлигида касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Унда 35 ёшдан юқори бўлган аёллар ва эркаклар ўртасида спортнинг волейбол ҳамда мини-футбол турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда 8 та тармоқдан жами 120 нафардан зиёд фаоллар иштирок этди.
— Бу каби мусобақаларни ўтказиш соҳа ходимлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Улар касб йўналишлари бўйича тажриба алмашиб, ўзлари фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилот ва муассасада спортни янада ривожлантириш бўйича фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўлишади, — дейди вилоят кенгаши раиси С.Файзиева.
Мусобақалар якунига кўра, мини-футбол бўйича эркаклар ўртасида 1-ўринни Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси, 2-ўринни Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ҳамда 3-ўринни Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари касаба уюшмаси вакиллари эгаллаб ғолиб бўлишди.
Аёллар ўртасида ўтказилган волейбол мусобақасида 1-ўринни Транспорт, йўл ва капитал қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси жамоаси эгаллади. Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси 2-ўринни, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари касаба уюшмаси жамоаси вакиллари эса, 3-ўринни эгаллашди.
Ғолиб ва совриндорларга тадбир ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Марҳабо ҲАЛИЛОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Тошкент вилояти кенгаши етакчи мутахассиси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0