"Мураббий Равшан Ҳайдаровга ишониб бўлмайди"
Кеча, U-23 Ўзбекистон – Хитой ўйинининг олтинчи дақиқаси атрофида шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов: “Кейинги босқичда Вьетнамга қарши ўйнаймиз экан”, деб қўйди. Сониялар ичида нақадар нотўғри гапирганини англаб, “худо хоҳласа”, дея қўшимча қилди.
Демак, шарҳловчиларда ўз футболчиларимизга ишонч шунчалар юқори эди. Ҳатто бутун Ўзбекистонлик футбол мухлислари орасида ҳам ана шунақа ишонч ҳукмрон эди.
Ҳолбуки, ҳатто Хайрулла ҳам таъкидлаганидек, Жанубий Кореяга қарши ўйинда ютуққа ҳеч қанақа умид йўқ эди.
Мен ҳам карисларга ютқазамиз, дея ишонгандим. Ва ўйинни кўрмаслик ҳаракатида эдим. Аммо... мухлислик қурсин, ўйин бошланишини кутиб ўтирдим ва кўрдим. Ва иккинчи таймда болаларимизнинг ажойиб ўйинларига гувоҳ бўлган эдим.
Хитойга қарши ўйинда эса... айнан ютуққа бўлган юксак ишонч Ўзбекистонни мағлубиятга етаклади. Болаларимиз кучли эди. Хитойни енга олар эди. Бу мағлубият мураббийники. – Равшан Ҳайдаровники.
Биз ўйиннинг бошидан то охирига қадар битта тактикада ўйнадик. – Узоқдан зарбалар йўллайвердик. Хитой тактик жиҳатдан бизни енгди. Биз ўқимоқчи бўлган китобни улар ўзлари ёзган экан. Бизда В, С вариантлар йўқ экан. Шу қадар...
Яна бир хатомиз: Хитойга қарши 90 минут давомида биз биронта ҳам футболчини алмаштирмадик. Ҳолбуки, карисларга қарши ўйинда иккинчи тайм бошида икки йигитни алмаштирган, айнан ўшалар бизни ғалабага бошлаган эди.
Нима, бизда саъвияли футболчилар шу қадар тақчилмиди!? Нега Равшан Ҳайдаров фақат 11 нафар ўйинчини ўйнатди?. Қолган 11 таси фақат “морожни” еб келишга борганмиди!?
Биз кейинги Олимпиада учун ўйнаши мумкин бўлган 21 ёшлиларни мусобақага олиб борган эканмиз, бу йўлда Равшан Ҳайдаровга ишониб бўлмайди. Бу термани тезроқ Ислом ИСМОИЛОВга топшириш керак.
Равшан Ҳайдаров ҳақиқатан ҳам “омадли” тренер эди. 2015 йилмиди, унинг етакчилигида U-20 жаҳон чемпионатига борганимизда, Достонбек Ҳамдамов Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлганида, биз гуруҳ босқичида бор-йўғи уч очко олган ва бахтли тасодиф туфайли кейинги босқичга чиққан, 1/8 финалда эса кимнидир енгиб, кейин ¼ финалда кимгадир енгилган эдик. Ва ўшанда ҳам терма жамоамиз фақат битта таркиб билан ўйнагани, шу сабабли чарчаб қолгани, шу сабабли ¼ финалда енгилганимизни таъкидлашган эди. Демак,... қисқаси... кўприк устидаги вазиятларда, яъни ё у ёқли-ё бу ёқли бўладиган вазиятларда Равшан Ҳайдаров вариантидан воз кечиш талаб этилади.
Равшан Ҳайдаров даври ўтди.
Равшан Ҳайдаров даври тугади.
Равшан Ҳайдаровга раҳмат айтишимиз, миннатдорчилик билдиришимиз ва ундан воз кечишимиз шарт.
Биз олға юрарканмиз, кейинги Олимпиадага бормоқчи эканмиз, ана шу тахлит кескин қарорлар қабул қилайлик.
Абдуқосим Мамарасулов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0