Президент Мирзиёев Паралимпия ўйинлари иштирокчилари ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказяпти
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказмоқда.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Париж шаҳрида бўлиб ўтган 17-ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд натижаларга эришган спортчиларни қутлаб, уларни ўзи ва халқ номидан самимий табриклади.
“Ушбу халқаро спорт анжуманида дунёнинг 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин энг кучли ва маҳоратли спортчилар иштирок этгани унинг нуфузи ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
Шу маънода, Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши, десак, тўғри бўлади.
Сиз, азму шижоатли фарзандларимиз ғоят кескин беллашувларда юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз”, - деди Президент.
Шунингдек, Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани таъкидланди.
Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмагани қайд этилди.
“Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир.
Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўтибор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади.
Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади. Катта раҳмат сизларга”, - деди давлат раҳбари.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0